Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси
Исломга қарши ҳаракатлар
Аллоҳ таоло номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.
Азизлар, олдинги суҳбатимизда таъкидлаб ўтганимиздек, 2001 йилнинг 11 сентябридаги воқеалардан сўнг иш ҳатто АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан бевосита ҳарбий аралашувларгача бориб етди.
Дунёда етакчи сиёсий раҳбарларнинг босим ва баёнотлари ҳамда жаҳон ҳамжамияти ишонтирганидай, дунёни тубдан ўзгартириш, демократиялаш ва либераллаш йўлида Ислом тарқалган мамлакатларга куч ишлатишни ҳам истисно қилмай, буни ташқаридан амалга ошириш, ҳатто ушбу диннинг ўзини ислоҳ қилиш бўйича фаол ҳаракатлар очиқ намоён бўлмоқда.
Натижада мусулмон оламида бирин-кетин қайноқ нуқталар алангаланяптики, булар ичида Ироқ, Афғонистон, Либия унча эскирмаган мисоллардир. Воқеаларнинг бундай ривожи, кимдир тўғри топиб айтганидай, “Исломга қарши уруш” деган ном олди.
Бу атама Ислом дунёсининг оммавий идрокига хос равишда қанчалик эҳтиросли туюлмасин, моҳиятдан унча бехабарлик кўринишида ҳам эмас. Шу ўринда сиёсатшунос, АҚШ собиқ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси, Исломга самимияти борлигига унча ишониб бўлмайдиган Збигнев Бжезинский “Исломга қарши кураш” атамасидан АҚШнинг собиқ президенти Жорж Буш сиёсатини ва бу сиёсатнинг 2001 йилнинг 11 сентябридан кейин унга яқин таҳлилчилар белгилаган ғоявий моҳиятини англатиш учун фойдалангани ҳам эътиборга моликдир.
Бжезинскийнинг ёзишича, Буш фикрига кўра, “Ислом ич-ичидан ушбу динга хос бўлган аксилғарбий, аксилдемократик йўналишга эга ва табиатан ақидапарастлик экстремизмига мойилдир” ва у “Америкага террорчилик ҳужуми қилиш учун замин яратади”.
Уларнинг фикрича, “Муаммо илдизи Ислом маданияти ва ҳатто фалсафаси заминига жойлашган. Бу эса, Ғарб тамаддуни томонга улкан хавф йўналтирилган ва бу худди шу каби улкан аксилисломий ҳаракатларга чорлайди, демакдир” (З. Бжезинский. “Танлов: дунёга ҳукмронлик ёки глобал устунлик”, М. 2005 й., 45, 119-120-бетлар).
Бу сўзларни бундан бир неча йил олдин АҚШнинг собиқ Давлат котиби ва америкалик йирик геостратеглардан бири Генри Киссинжер ҳам Ироққа қилинган босқинчиликнинг ҳақлигини исботлай туриб, Россия телеканалига берган суҳбатида деярли айнан такрорлаган эди. Унинг фикрича, 11 сентябр воқеалари ортида Саддам Ҳусайн турмаган эди, бироқ у ўз сиёсати билан дунёда террорчилик учун зарур бўлган қулай муҳит яратди.
Аммо Исломга қарши уруш авж олишининг бундан бошқа ҳам бир талай сабаблари бор. Булар ҳақида очиқ гапирилмайди, лекин улар тобора ойдинлашиб боряпти.
Ушбу сабаблар қуйидагилардир:
- Шўролар Иттифоқи парчаланганидан кейин ва унга боғлиқ ҳолда жаҳон тараққиётининг янги либерал усули, капиталистик интернационаллашувинг умумжаҳоний тус олиш (глобаллашув) хусусияти ва АҚШнинг ягона кучли давлатга айланиши натижасида мусулмон олами, агар шундай дейиш жоиз бўлса, Ғарб дунёси ва унинг стратегик манфаатлари қаршисида ёлғизланиб қолди. Шу муносабат билан Ғарб тарафидан ўз манфаатлари йўлида мусулмон оламига босим ва таъсир ўтказиш миқёслари сўзсиз кучайди.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда "Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.
2.Барча мутахассисларнинг умумий фикрига кўра, Ислом тарқалган ҳудудлардаги мамлакатларда авторитар тузумларнинг порахўрлик даражаси дунёда энг юқори бўлгани туфайли минтақа ва жаҳон ҳамжамияти тараққиёти умумий йўли ва тамойилларидан фарқлидир. 1990 йиллар бўсағасида мусулмон дунёсида ҳукмрон элитани алмаштириш жараёни бошланди ва бу кутилмаган самараларни ҳам бериши мумкин эди. Лекин бу жараён ҳозир жуда мураккаб ва оғриқли кечяпти. Жаҳоннинг етакчи сиёсатдонлари воқеалар ривожининг ўзларига мақбул бўлмаган тусга кириб кетишига йўл қўймаслик учун назоратни батамом ўз қўлларига олишга интилишмоқда.
3. Ғарбда Ислом асосан тараққиётнинг ҳар қандай фойдали дастурига бир тўғаноқ, марксча таъбир билан айтганда, “ишлаб чиқаришнинг осиёча усули”га устқурма, қандайдир бир хил, қотиб қолган, доимо назорат қилиб, тўсиб турилиши ва имконияти туғилса йўқ қилиниши лозим бўлган феномен сифатида қабул қилинади.
Бундай фикрларни бошқа кўплаб таҳлилчилар ва мутахассислар ҳам айтишади.
Ғарбнинг бу соҳада тутган йўли устозлик ва айни пайтда назоратчиликдан иборат.
4. Ислом ҳаётнинг барча жабҳаларини тартибга солишнинг ахлоқий-маънавий жиҳатларинигина эмас, балки қадриятлари ва дунёқараши тизимининг таклиф этилаётганидан ҳам аълороғига эгалиги учун энг аввало АҚШнинг янгича либераллаш ва тубдан ўзгартириш, яккаҳокимлик интилишларига тўсқинлик қилмоқда.
Бу эса, жаҳондаги “умуминсоний қадриятлар” устига қурилган янгича либерал тартибнинг, Ғарбнинг ўз табиатига кўра оммавий саналган маданияти маҳсулотларини истеъмол қилиш ва қайта ишлашнинг бутун режасини бузиб юборяпти.
Замонавий услубдаги глобаллашувни ғарблаштириш ва «анъанавий» қадриятларни «замонавий»лари билан алмаштиришни назарда тутувчи тубдан қайта ўзгартиришсиз англаш қийин. Ислом эса бундай лойиҳага мутлақо мос келмайди.
Ислом дунёсида инсон шахсиятини дин, анъаналар, оила, тарих ва жамият шакллантиради. Глобаллашув эса буларнинг ҳаммасини “оммавий маданият” билан алмаштиришга, яъни, назорат қилиниши мумкин бўлган янги инсон шахсиятини шакллантиришга уринади.
Қадрли тингловчилар, “Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.