март 19, 2017 15:15 Asia/Tashkent

723-қисм.« Рум " муборак сураси 23-26-ояти карималарининг шарҳи.

Суҳбатимиз ибтидосида  « Рум " муборак сураси 23-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз

وَمِنْ آيَاتِهِ مَنَامُكُم بِاللَّيْلِ وَالنَّهَارِ وَابْتِغَاؤُكُم مِّن فَضْلِهِ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يَسْمَعُونَ ﴿٢٣﴾

Бу ояти карима   қуйидагича таржима қилинган:

Ва Унинг оят-белгиларидан кечаси ва кундузи ухлашингиз ҳамда Унинг фазлидан талаб қилишингиздир. Албатта, бунда эшитадиган қавм учун оят-белгилар бордир. (Уйқу ўз ҳолича олиб қаралганда, катта бир мўъжизадир. Уйқу Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган улуғ неъмат. Одам боласининг уйқуга эҳтиёжи жуда каттадир. Буни билиш, англаб етиш учун бирор кун уйқусиз юришнинг ўзи етади.) (23)

Ӯтган дастуримизда Қуръони карим “Рум” сурасининг айрим оятларида Аллоҳ таъолонинг инсон ва оламни яратишдаги айрим нишона ва оятларини санаб ӯтган, деб айтдик. Бу ояти каримада ана шундай нишоналардан яна иккитасига ишора қилиниб, буюрилади: Эҳтимол, уйқу сиз учун содда бир нарса бӯлиб кӯринар, аммо уйқу Аллоҳнинг ҳикмати нишоналаридан бири бӯлиб, у кишининг ҳордиқ чиқариб, фаолиятини давом эттириши учун ӯта зарурий ҳолдир. Инсон ухламаганида ҳориб-чарчаб, ҳаётини тароватли ва осойишта бир ҳолда давом эттиролмас эди.

Осмонда юз берадиган момоқалдироқ ва чақмоқ гарчи қӯрқинчли ҳодисалар бӯлсада, аммо бу ҳодисалар замин, инсон, ҳайвонот ва ӯсимликлар ҳаётининг сабабчиси бӯлган ёмғирнинг ибтидоси ҳисобланади. Бирор минтақада узоқ муддат ёмғир ёғмаса, бу минтақа аҳли ёмғирнинг қандай улуғ неъмат эканлигини англаб етишади.

Бугунги кунда  нефт ва газни шаҳар ва қишлоқларга етказиш мақсадида ер қазилиб, қувурлар ӯтказилади. Миллионлаб доллар маблағ сарфланади. Аммо Аллоҳ бир табиий низом асосида океан сувларини булутга айлантириб, шамол жараёни билан булутни ҳаракатга келтириб, исталган минтақага етказади ва ёмғир шаклида бу сувни минтақа аҳолисига бепул тақдим этади.

Шундай экан, Аллоҳнинг бу каби сӯнгсиз неъматлари ҳақида бир оз тафаккур юритиб, уларнинг шукронасини бажо келтиришимиз лозим.

  Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.  Аллоҳнинг неъматларини кӯрмасликка олиш ярамайди. Уйқу ва уйғоқлик бебаҳо Илоҳий неъматлардир.
  2. Динимиз ҳалол ризқ қӯлга киритиб, тирикчилик эҳтиёжларини қоплаш учун ишлаш, сай-ҳаракат қилишни тавсия қилган.
  3. Осмонда чақмоқнинг чақнаши, ёмғирнинг ёғиши ва гиёҳларнинг униб чиқиши тасодифий ҳол эмас. Бу табиий ҳодисалар Аллоҳнинг аниқ ҳисоб-китоб қилинган дастури асосида амалга ошади.
  4. Илм, тафаккур ва ақл юритиш, Аллоҳни танишнинг асосий омилларидир.

Энди  «Рум" муборак сураси  24-25-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَمِنْ آيَاتِهِ يُرِيكُمُ الْبَرْقَ خَوْفًا وَطَمَعًا وَيُنَزِّلُ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَيُحْيِي بِهِ الْأَرْضَ بَعْدَ مَوْتِهَا ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يَعْقِلُونَ ﴿٢٤﴾ وَمِنْ آيَاتِهِ أَن تَقُومَ السَّمَاءُ وَالْأَرْضُ بِأَمْرِهِ ۚ ثُمَّ إِذَا دَعَاكُمْ دَعْوَةً مِّنَ الْأَرْضِ إِذَا أَنتُمْ تَخْرُجُونَ ﴿٢٥﴾

Бу ояти  карималар   қуйидагича таржима қилинган:

Ва Унинг оятларидан сизга қўрқув ва умид учун чақмоқни кўрсатади ва осмондан сувни нозил қилади-да, у билан ерни ўлгандан кейин тирилтиради. Албатта, бунда ақл юратадиган қавм учун оят-белгилар бордир. (Олимлар кашф қилишларича, чақмоқ чаққанда ҳавони куйдириб ўсимликлар учун ўта фойдали ўғит–азот пайдо бўлар экан. Ана ўша модда ёмғир ила ерга тушиб ўсимликларнинг ўсишига, ҳосил беришига омил бўлар экан. Демак, хавф ва умид чақмоққа боғлиқ экан.) (24)  Унинг оят-белгиларидан, осмонлару ер Унинг амри ила туришидир. Сўнгра сизларни бир бор чақирса, ердан ҳаммангиз бирдан чиқарсизлар. (25)

 Бундан олдинги оятларда осмон ва заминнинг яратилиши тилга олинган эди. Бу ояти каримада уларнинг барқарорлигига ишора қилиниб, буюрилади: аҳли башар ҳалиям сиру синоатини тӯлиқ кашф этолмаган осмонда миллиардлаб юлдузлар маълум бир қоида ва қонуният асосида тартибли ҳаракат қилишади. Агар улардан бири ҳаракати йӯлида тӯсиққа учраса, оламнинг бир қисми вайронага айланиб ҳатто замин ва ундаги жами махлуқотлар нобуд бӯлиши мумкин. Аммо қодир яратувчи бутун олам тортишиш қонуни билан уларнинг бир меҳварда ҳаракатланишларини тадбир айлаган.Шу сабабли оламнинг тартиб-низоми барқарордир.

Аллоҳ ирода қилган чоғи бу тартиб-низом бузилиб, олам барҳам топади ва бошқа тартиб-низом барпо этилади. У дунёда одамлар бу дунё каби ота-онадан туғилмайдилар, балки худди тупроқдан ӯсиб чиққан майсалар мисоли тирилишади ва илоҳий адолат маҳкамасида дунё ҳаётидаги барча аъмоллари учун жавоб беришади.

  Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.  Яратилиш тартиб-низоми тасодифий эмас, шунингдек бу низом бировнинг ихтиёрида ҳам эмас. У ёлғиз Аллоҳнинг иродасиги бӯй сунади.
  2. Фақат оламнинг яратилиши эмас, балки унинг ишлари тадбири ҳам Аллоҳнинг қӯлида.
  3. Инсон ӯлган пайти жисми тупроққа қоришади. Қиёмат куни унинг тупроқдан бош кӯтариши жисмоний тирилишига далилдир.

Энди  «Рум" муборак сураси  26-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَلَهُ مَن فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ ۖ كُلٌّ لَّهُ قَانِتُونَ ﴿٢٦﴾

Бу ояти  карима   қуйидагича таржима қилинган:

Осмонлару ердаги кимсалар Унга хосдир. Барчалари Унга итоат қилгувчидирлар. (26)

 Инсоннинг  бу дунёдан у дунёга ӯтиши жараёни тасвирланган олдинги оятнинг давоми сифатида бу ояти каримада буюрилади: Аллоҳ инсон ҳамда фаришта ва жин каби бошқа махлуқларнинг ҳам молики бӯлгани учун улар ҳақида ҳар қандай амал қилишга ҳақли. Ҳеч кимса Яратувчига қаршилик қилолмайди. Ҳатто бутун мавжудотнинг ихтиёри ҳам Аллоҳнинг илкидадир.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Фақатгина  жамодот, наботот ва ҳайвонот, балки инсон, фаришта ва жин каби ақл-шуурли махлуқлар ҳам Аллоҳнинг ҳокимиятидан ташқарига чиқиш имкониятига эга эмаслар.
  2. Инсоннинг вужуди Яратувчига тобеъ бӯлганлиги учун жисмоний камолотга етишади. Руҳий оламда ҳам инсон ӯз ихтиёри билан Илоҳий фармонга итоаткор бӯлса, камолот ва саодатга эришади.