март 20, 2017 12:23 Asia/Tashkent

Навруз байрамига бағишланган махсус эшиттириш.

А. З:Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳноми билан!

Р. Ассалому алайкум, азиз тингловчилар!

А.З:Ассалому  алайкум , дала-даштга зангори гилам тӯшаб, бу жозибали гиламни анвойи чечаклар ила безаган  йилнинг беш панжаси ҳунар гӯзал келинчаги – навқирон баҳор фаслини орзиқиб кутган замондошим.

Р: Табиатнинг уйғониши, оламу одамнинг яшариш айёми, аждодий янги йил, наврузи олам байрамини барчангизга муборакбод айлаб, умру жонингизга барака тилаб қоламиз.

А.З: Аллоҳ  ушбу қутлуғ айёмни барчамизга  муборак айласин!

Р: Аллоҳнинг ҳабиби  Муҳаммад Мустафо саллаллаҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг пок руҳларига салому салавот йўллаб наврузи оламга бағишланган “Баҳор навоси” номли махсус дастуримизнинг навбатдаги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз.

А.З: Бугун “Эронда навруз” мавзусида суҳбатлашмоқчимиз.

Р: Дастурдан  ӯзбекистонлик тингловчиларимизнинг дил сӯзлари, сизга баҳорий кайфият бахш этувчи дилкаш куй ва қӯшиқлар, мутахасисларнинг Эронзаминда наврузнинг нишонланиши ҳақидаги фикрлари ӯрин олган.

А,З:  Бизни тинглаб боринг.

хххххххххххххххххххххх

Р: Еру кӯкдан наврузий наволар янграб, амроф-жавониб дилкаш жозибалар оғушида бӯлган бугунги кунларда  табиат уйғонмоқда. Баҳор ҳавосидан қалбларга тароват, илиқлик югурмоқда. Янгиланиш, яшариш фасли бошланди.

А.З: Шарқона янги йилнинг бошланиши, энг қадимий,   энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўз айёмини   ҳар томонлама пухта тайёргарлик билан кутиб олиш ва нишонлаш дунёнинг жуда кӯп миллатлари  учун эзгу анъанага айланиб қолган.

Р:  Аммо бу шукуҳли байрам дунёнинг қайси бурчагида нишонланмасин, унда Эронзамин ва буюк форс маданиятининг нафаси сезилиб туради.

А.З: Ҳа, Эронликларнинг    кўп  сонли    байрамлари ичида Наврўз    минг   йиллардан  бери    ўз  шукуҳ-шаҳоматини   қўлдан  бермаган  ягона байрам   ҳисобланади.   Эронликлар    дунёнинг  қайси    бурчагида яшамасин,  қайси  дин ва  мазҳабда     бўлишмасин,    Нарўз  расм-русум ва   маросимларини    бажо келтиришади.

Р:Ғунчаларнинг    очилиши, раҳмат ва    файз-барака   ёмғири,   гулу  лолаларнинг  хушбўй  бўйлари   ила    Наврўз  етиб келди. Табиат  ўзининг    эски   тўнини   янгилади.  Унинг руҳиятидаги   хасталик,  ҳорғинлик  ўрнини   ҳаракатчанлик ва   завқ-шавқ   эгаллади.   Дарахтларнинг     тароватли  шохига   қўнган  булбуллар  шодон  сайрашади

А.З:  Хўш,  Наврўзнинг  боқий  қолиш сабаби    нимада?!

Р: Наврўз тарихи,  унинг   расм-русумлари   юзасидан  олиб  борилган    тадқиқотлар, эронлик  маърифат  аҳли  билан    ўтказилган     суҳбатлардан   шундай    хулоса  чиқариш     мумкинким,    Наврўз    эронликлар   зеҳнида    қадрли   хотираларни   жонлантиради.

А.З: Дарвоқе,   Наврўз  оддийгина  бир  байрам   эмас! Шундай   бўлганида  эди у   турмуш ташвишлари    соясида  қолиб, аллақачонлар  ўзининг    тароватини   йўқотган ва  бугун  фақат    номигина   эсланарди,  холос.

Р: Аслида   Наврўз   Эрон   халқининг    эътиқод ва    маданиятини     ўзида    мужассамлаштирган,    одамларнинг    кўнгил  майлларини   ҳифз айлаган  ва  бугунги   кунгача     етказган   қадриятдир.

Хххххххххххххххх

А.З: Дастуримиз давом этади.

Р:Эронликлар     ақидаси  бўйича,   Наврўз    фақатгина   йилнинг  биринчи   куни   ва  баҳор  даракчиси   бўлмай,

балки    бу қадимий  миллий   байрам  ўзининг  барча   расм-русумлари  ила  қувонч  ва   гўзалликлар, самимият   ва   эзгуликларнинг    тимсолидир. Эронликлар  томонидан    муқаддас   ислом   динининг    қабул    қилинишидан   кейин исломий  маданият,  қадимий  бу  байрамига    чуқур  таъсир кўрсатди.  Наврўз  яшовчанлигининг  сабаби  эса   унинг    ислом маданияти    билан   уйғунлашиб   кетганлигидир.

А.З: Ҳар    йили  баҳор  фасли  бошланиши  билан   она Ер   яшилликка   бурканади.  Эрон   халқи   эса  бундай кўнгилли  ўзгаришларга   нисбатан    ўзининг     ҳис-ҳаяжон   ва нафис   туйғуларини   турли    наврўзий расм-русум ва  маросимлар ўтказиш йўли  билан  ошкор  айлайди.  Янги    йилнинг    кириб келишини   сабрсизлик  ила кутишади.

Р: Дарҳақиқат  наврўзий   расм-русумлар  Эронзаминнинг     турли  ҳудудларида   янги йилга     деярли  бир   ҳафта   қолганда   бошланади ва     баҳорнинг  13    кунигача    давом   этади. Бу байрамга бағишланган маросимлар одатда наврӯзнинг охирги кунларида ӯтказилади.

А.З: Эрон  заминида  форс,   курд,  лур,  турк, балуч,  туркман, араб каби   турли  қавм ва  миллатлар  яшашади. Уларнинг     ҳар  бири    ўзига   хос   расм-русум ва урф-одатларга   эга. Аммо Нарўз  Эрондаги   миллат ва   элатларни    ўзаро    бирлаштурувчи    ҳалқадир.   Эронда яшовчи    халқлар    яшаш   тарзи, мазҳаби, географик   ҳудуди, тил ва  тарихидаги    тафовутларга қарамай, Наврўзни    бирдек    нишонлашади.

Ххххххххххххххххххххххх

А.З: Тинглаганимиз таҳлилчи Маҳмула Муҳаммадкарим қизининг суҳбати эди. Дастуримиз давом этади.

Р:  Буғдой, ясмиқ, мош   каби  донлардан  ўстирилган   майсалар  наврўз   айёмида   эронлик   хонадонларга    ўзгача     тароват   бахш  этади. Майса  баҳор ва    янгиланиш  нишонаси  бўлиши билан  бирга, у   хонадон   муҳитига қувонч ва  осойишталик  олиб   келади.

Ҳар  йили   қишнинг    охирги кунларида   эронликлар яшаш манзиллари, масжид ва мадрасаларни супуриб-сидиришади,  ҳашар  тариқасида   ниҳол  ўтқазишга  киришадилар.   Бу  завқ, сурурли    ҳашар   Наврўзни  оммавий    равишда   кутиб  олиш   тадбирларидан  биридир.

А.З: Эрон   аҳлининг    Наврўзни    кутиб   олишдаги   севимли урф-одатларидан  бири  Янги йил арафасида   камбағал-мискинларнинг   кўнглини  кўтариш    ҳисобланади.  Кишилар  мамлакатнинг   турли   бурчакларида    гуруҳ-гуруҳ бўлиб,   бева-бечоралар, камбағал-мискинларнинг  ҳожатини   чиқаришга    бел   боғлашади.  Бу  қадимий   халқ  Наврўз кунлари    ҳожатмандларнинг     ҳожатини   раво қилишни   жуда арзирли  амал  деб   билишади.   Шу  сабабли   ҳар  бир   мусулмон   киши    ўз имконияти   даражасида   бу  хайрли  ишни   амалга   оширади.  Улар    Наврўз   айёмида  қувонч ва  шодликларини   аҳолининг   кам   таъминланган   қатлами  билан   баҳам   кўришади.

ххххххххххххххххх

Р: Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган Эрон Ислом Жумҳурияти ӯзбек тилидаги радиосинингоқшомги эшиттиришларида    наврузи оламга бағишланган "Баҳор навоси" дастурининг навбатдаги  сонини  тинглаяпсиз.   Радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/ uz орқали хоҳлаган пайтда эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига эгасиз.    Радиомизнинг электрон манзили ҳам [email protected] ўрнига [email protected]га ўзгарган.   Эшиттиришимиз давом этади.

Хххххххххххххх

А.З: Дастуримиз давом этади.

Р: Эрон    аҳли   Наврўзни    кутиб олиш  мақсадида   ташвиш-тараддудларини   ўринлатгач,    эски  йилнинг    сўнгги  лаҳзаларида    она-табиатнинг   баҳор   шарофатига   барпо  этган    шукуҳли  байрамини нишонлаш   маросимида    иштирок   этишади.  " Ҳафт син  " дастурхонида   турли    рангларга    бўялган  тухумлар, сув  солинган   идишда   сузиб  юрган   қизил  балиқлар, шам,    кўзгу,  мева,  турли мағизлар, ширинликлар,  тувакда  ўстирилган  сумбул  гули  ва  майса   қўйилади.

А,З: Форс  тилидаги   син   ҳарфи  билан   бошланадиган   сир (саримсоқ),  синжид (жийда), сикка (тилла  танга), сирка (сирко), себ (олма), сумоқ ва   сумалакдан  ташқари

Аллоҳни  эслатиш   тимсоли,  донишмандлик  ва   саодатли   ҳаёт    намунаси –Қуръони карим   ҳам  мусулмон  эронликлар     "ҳафт син"   дастурхонини    безаб  туради.

Р: "Ҳафт син"  дастурхонида   Қуръони карим  китобининг    қўйилиши,   бу ҳаётимизнинг   ҳар  бир   лаҳзасини   гўзалликларнинг    қудратли  яратувчиси   ёди  билан    ўтказамиз, атрофимиздаги   барча   жозибаларда   Аллоҳнинг    мавжудлигини  кўриб  турамиз,  дегани.

А.З: Мусулмон  эронликлар  орасида  шунингдек,    йил алмашаётган   лаҳзаларда   Қуръон   ўқиш   гўзал одатга    айланган.

ххххххххххххххх

Р: Сиз  Наврўз айёмига бағишланган  "Баҳор навоси" махсус эшиттиришимизни тингладингиз.  Азизлар , яна бир бора барчангизни Наврўзи олам билан  муборакбод  этамиз. Барчангизга омонлик, офият, баҳорий кайфият тилаб қоламиз.

А.З: Хайр,  Наврўзи оламни Аллоҳ барчамизга муборак айласин!