апрел 22, 2017 13:21 Asia/Tashkent

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. Ассалому алейкум азиз ва муҳтарам тингловчилар. Ёлғиз ва қодир Парвардигоримизнинг тинчлик ва раҳмат элчиси ҳазрат Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламга салому салавот йўллаб, " Жило янги фикрлар инъикоси " туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Бугунги сўҳбатимиз Саъдий Шерозийни улуғлаш кунига бағишланган “Саъдий Шерозий Эрон шеъриятининг ёрқин тимсоли “ мавзўсига бағишланади. Биз билан бирга бўлинг!

Саъдий Шерозий ҳижрий еттинчи асрнинг машҳур ва унинг шеър ва асарлари турли тилларга таржима этилган шоирлар жумласидандир. Ҳар йили урдубиҳишт ойининг биринчи куни, мелодий ҳисоб билан 21 апрел Эрон Ислом Жумҳуриятида шуҳрати оламнинг барча бурчакларигача етиб борган улуғ шоир Саъдий Шерозийни улуғлаш куни кенг нишонланади. Бу муносабат билан форс шеъриятининг барча мухлисларини самимий қутлаймиз.

Шуҳрати оламни тутган форс адабиётининг жуда кўп шеър ва асарлари дунёнинг кўпгина тилларига таржима қилинган. Аммо бу адабий дурдоналардан ҳеч бири шайх Саъдий Шерозийнинг "Гулистон" ва "Бўстон" асарлари каби ғарбликлар таважжуҳини ўзига жалб этмаган.

Таржимон ва тадқиқотчи Жалол Сатторийнинг фикрича,  "Форс тили бадиий истиора, ўхшатиш ва тасвир ила қоришгандир. Европа тиллари бунақа эмас.Улар бадиийликка эътиборсизроқ. Бу тилларнинг ўқувчилари кўпроқ содда ёзиш услубига одатланишган. Кўплаб сафарлар қилиш натижасида турли миллат ва элатларнинг маданият ва расм-русумлари билан танишган Саъдий ўз замондошларидан фарқли равишда содда ва такаллуфсиз самимий халқчил тилдан фойдаланган. Аммо шайх Саъдий асарлари оламшумул шуҳратининг сабаби фақатгина содда ва равонлик услуби эмас, шоирга  чексиз шуҳрат келтирган нарса унинг дўстлик асосига қурилган юксак ахлоқ муаллими эканлигидир.               

Дарҳақиқат ғарбликларга ҳаммадан кўп маъқул бўлган, уларни ўзига жазб айлаган нарса бу шайх Саъдий ижодиётидаги инсонпарварлик ҳамда инсон қадр-қийматини эъзозлагувчи ахлоқий таълимотдир.

 Саъдий андишалари Мағрибзамин ровийларининг нуқтаи назарларига ўхшашлиги сабабли у юртларда асарлари ўлкан шуҳрат қозонди. Шу сабабли Саъдийни бутун олам ва аҳли башар шоири десак, муболаға қилмаган бўламиз".

Ғарбда форс шоирларидан биринчи бўлиб 1634 йил Саъдий Шерозийнинг "Гулистон" асари  франсуз тилига таржима қилинган эди. Орадан бир йил ўтиб ушбу таржима асосида "Гулистон" аввал немис тили, сўнгра эса лотин ва инглиз тилларига таржима қилинди.

18 асрда яшаган Фортени Европада фалсафий ҳикоятларнинг асосчиси деб билишади. Зеро, унгача европалик адиблар бу жанрга жиддий таважжуҳ билдиришмаган. Аммо Фортенинг ҳикоятлари шайх Саъдий таъсирининг самарасидир. Шу  нуқтаи назардан айтиш мумкинки, Европа адабиётида фалсафий ҳикоят жанрига Саъдий асос солган. Худди Мавлоно Жалолиддин Румий таъсирида Рокерт Европа, хусусан олмон адабиётида ғазал жанрига асос солгани каби. Шунингдек Европанинг икки улуғ адиби, ўз мамлакатлари адабиётида романнавислик анъанасини бошлаб берган франсуз Виктор Гюго ва немис Гётелар ҳам Саъдий Шерозийдан илҳом олганларини эътироф этишган.

19 асрда Америкада яшаб ўтган мутафаккир Эмрсоннинг эътирофича, "Саъдий дунёнинг барча миллат ва эллатлари тилида ёзади. Унинг битикларида Гомер, Шекспир, ва Сервантес   ижодида бўлгани каби янгилик ва тароват балқиб туради". Эмрсон "Гулистон"  китобини дунёдаги муқаддас диний китоблардан бири, ҳатто "Инжил"нинг нусхаларидан бири деб атайди. Унинг фикрича бу безавол асардаги ахлоқий дастурлар халқаро ҳуқуқ нормаларидир.

Саъдий Шерозийнинг тафаккур тарзи ва баён услуби ҳамда Европалик адиблар ўртасида ҳайратланарли ўхшашлик мавжуд. Ана шу ўхшашлик Саъдий асарларининг  бу мамлакатларда қайта-қайта таржима ва нашр этилишига сабаб бўлиб, франсуз файласуфи Эрнст Реноннинг  таъбири билан айтганда уни Европалик адибга айлантирган.          

Саъдий Шерозий  дунёда форс маданиятининг символига айланган. У- жаҳонгашта адиб. Ислом оламининг Туркистон, Ҳинд ярим ороли, ҳатто Африка қитъасининг шимолий ўлкалари каби деярли бутун ҳудудларига саёҳат қилиб, турли миллат ва элатларнинг яшаш тарзи ва маданияти билан яқиндан танишди . Ўзлаштирган бой тажрибаси унинг асарларида яққол кўзга ташланади.  Шу сабабли  қаламидан тўкилган бебаҳо дуру гавҳарлар миллат ва элатидан  қатъий назар барча инсонларнинг кўнгилларига жой олди. 

Бугун улуғ форс шоири Саъдий Шерозийнинг Европа, турк, ҳинд, араб, бир сўз билан айтганда бутун дунё маданиятида муносиб ўрни бор. Масалан, ҳиндларда сўз санъатида балоғат  ва фасоҳатга эришиб, баён услубининг латофати ила шуҳрат таратган Ҳасан Деҳлавий каби адибларни "Ҳиндистон Саъдийси" деб аташ расм бўлган.

Хулоса Саъдий Шерозийни аҳли оламнинг севимли шоирига айлантирган нарса баён услубидаги латофат ва улуғ ҳакимнинг муқаддас ислом таълимоти даричасидан олам ва одамга ташлаган зукко нигоҳидир. Адибнинг сўзи инсоннинг фитратига мос тушган. Бугунги дунё маданиятлар мулоқотига эҳтиёжманд. Демак, у Саъдийга эҳтиёж сезади, зеро улуғ адибнинг асарлари ана шу эҳтиёжларни қондиришга қаратилган.

                      

Муҳтарам тингловчилар, " Жило, янги фиклар инъикоси " туркум эшиттиришига ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди.

Яна радио тўлқинларида ғоибона ҳамнафас бўлгунча меҳрубон ва раҳмли Оллоҳ паноҳида қолинг!

 

 

Ёрлиқ