июл 18, 2017 10:31 Asia/Tashkent

739-қисм."Луқмон " муборак сураси 29-34-ояти карималарининг шарҳи.

Суҳбатимиз ибтидосида  «Луқмон " муборак сураси 29-30-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّـهَ يُولِجُ اللَّيْلَ فِي النَّهَارِ وَيُولِجُ النَّهَارَ فِي اللَّيْلِ وَسَخَّرَ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ كُلٌّ يَجْرِي إِلَىٰ أَجَلٍ مُّسَمًّى وَأَنَّ اللَّـهَ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ ﴿٢٩﴾ ذَٰلِكَ بِأَنَّ اللَّـهَ هُوَ الْحَقُّ وَأَنَّ مَا يَدْعُونَ مِن دُونِهِ الْبَاطِلُ وَأَنَّ اللَّـهَ هُوَ الْعَلِيُّ الْكَبِيرُ ﴿٣٠﴾

Бу ояти карималар   қуйидагича таржима қилинган:

Аллоҳ кечани кундузга киритишини ва кундузни кечага киритишини, қуёш ва ойни беминнат хизматкор қилиб қўйганини, уларнинг ҳар бири белгиланган муддат томон юришини ва, албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан хабардор эканини кўрмадингми?! (29) Бу, албатта, Аллоҳнинг Ўзи ҳақ, албатта, Ундан ўзга илтижо қилаётганлари ботил ва, албатта, Аллоҳнинг Ўзи энг юксак ва энг буюк зот эканидандир. (30)

  Олдинги суҳбатларимизда Аллоҳнинг борлиқ оламда чексиз илм ва қудрати нишоналарига ишора қилинган эди. Бу ояти карималарда  Илоҳий қудратнинг бошқа намуналарига ишора қилиниб, Аллоҳнинг расули ва муъминларга қарата буюрилади: Кеча-кундузнинг узун-қисқа бӯлиши, баҳор, ёз, куз ва қиш каби тӯрт фаслнинг алмашиб туриши Аллоҳнинг ер куррасини тӯлиқ бошқариб туриши далилидир. Дарвоқеъ Илоҳий тадбир ила бу ӯзгаришлар амалга ошади ва илм асосида бу нарсани ҳисоб-китоб қилиш мумкин.

Ояти кариманинг давомида буюрилади: Фақатгина ер курраси эмас, балки ер ва ердаги махлуқотлар ҳаётига катта таъсир ӯтказиш қобилиятига эга бӯлган ой ва қуёш ҳам инсонни, ҳайвонот ва ӯсимликларнинг муносиб ҳаётини таъминлай оладиган бир услубда тадбир этилган.

Бу муносиб шарт-шароит абадий эмас, албатта. Аллоҳ таъоло ирода қилган куни бутун олам тизими издан чиқиб, ҳамма нарса парчаланиб кетади.

  Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  Аллоҳни танишнинг йӯлларидан бири Қуръони каримнинг таъкидлашича, табиат ва олам сирларини ӯрганишдан иборат.

Борлиқ олам тизими ва самовий жисмларнинг ҳаракати муайян вақт билан белгиланган. Аллоҳнинг илмида оламнинг барҳам топиш куни аниқ белгилаб қӯйилган.

Аллоҳ таъоло борлиқ оламни ҳаракатга келтирувчи абадий ва мутлақ  ҳақиқатдир. Ундан бошқа нарсаларнинг барча-барчаси доимий ва барқарор эмас.

 Энди  «Луқмон" муборак сураси  31-32-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

 أَلَمْ تَرَ أَنَّ الْفُلْكَ تَجْرِي فِي الْبَحْرِ بِنِعْمَتِ اللَّـهِ لِيُرِيَكُم مِّنْ آيَاتِهِ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِّكُلِّ صَبَّارٍ شَكُورٍ ﴿٣١﴾ وَإِذَا غَشِيَهُم مَّوْجٌ كَالظُّلَلِ دَعَوُا اللَّـهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ فَلَمَّا نَجَّاهُمْ إِلَى الْبَرِّ فَمِنْهُم مُّقْتَصِدٌ ۚ وَمَا يَجْحَدُ بِآيَاتِنَا إِلَّا كُلُّ خَتَّارٍ كَفُورٍ ﴿٣٢﴾

Бу ояти  карима    қуйидагича таржима қилинган:

Кемалар Аллоҳнинг неъмати ила сизга Унинг оят-белгиларини кўрсатиш учун денгизда юрганини кўрмадингми?! Албатта, бунда ҳар бир ўта сабрли ва ўта шукрлилар учун оят-белгилар бордир. (31) Қачон уларни тоғ каби тўлқин ўраб қолса, Аллоҳнинг динига ихлос этароқ, дуо қилурлар. Нажот бериб, уларни қуруқликка чиқарса, баъзилари тежамкор бўлур. Бизнинг оятларимизни фақат ўта хоин ва ўта кофирларгина инкор этурлар.   (32 )

 Олдинги оятларнинг давоми сифатида бу икки ояти каримада инсон ва жаҳондаги икки Илоҳий белги ҳақида ишора қилиниб, буюрилади: сув юзида кемаларнинг ҳаракати ҳамда бу йӯл билан одамлар ва юкларни ташиш Аллоҳ қудратининг нишоналаридандир.  Бугунги дунёда автомашина, поезд ва самолёт каби транспорт воситаларининг анчайин ривожланганига қарамай, ҳалиям энг кӯп юклар денгиз ва океанларда сузувчи кемалар орқали ташилади.

Муносабатларнинг энг улкан йӯли сифатида денгизлар турли мамлакатларни ӯзаро бир-бирига боғлайди.

Денгиз неъматини эслатган Қуръони карим денгизда юз берадиган ва Аллоҳни танишнинг фитрий нишонаси бӯлган бир ҳодисага ишора қилиб, буюради: денгиз талотумга келиб, кемани чайқалтирган чоғи таҳликага тушган кемадагилар бировнинг ёрдам бера олишидан умидларини узиб, ӯзлари сезмаган ҳолатда улуғ бир қудратдан нажот беришини сӯраб илтижо қила бошлашади. Бундай хавфли лаҳзаларда инсон холис Аллоҳга юзланади ва фақат Ундангина мадад сӯрайди.

Аммо ношукур инсонлар хавф-хатар барҳам топиб, соғ-саломат соҳилга етиб келган чоғи яна Аллоҳни инкор қилишга тушишади. Аммо бундай ҳодисалар кӯпгина бандаларнинг тӯғри йӯлни, Аллоҳнинг йӯлини танлаб, ҳаётларининг қолган қисмини иймон ва ислом билан ӯтказишларига сабаб бӯлади.

 Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

 Борлиқ оламдаги воқеа-ҳодисаларга жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Зеро, улар Аллоҳни танишнинг нишона-белгиларидир.

Одамизод фарзанди фитрий бир тарзда Аллоҳга ишонади. Аммо моддий нарсалар парда каби  унинг бу фитратини ёпиб қӯйишган. Барча моддий ва дунёвий воситалардан  умидини узган чоғи бу пардалар сидириб ташланади ва у Аллоҳга холис илтижо қила бошлайди.

Бир гуруҳ одамларнинг иймони доимий ва барқарордир. Аммо бошқа гуруҳ одамларнинг иймони вақтинчалик иймондир.

 

Энди  «Луқмон" муборак сураси  33-34-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمْ وَاخْشَوْا يَوْمًا لَّا يَجْزِي وَالِدٌ عَن وَلَدِهِ وَلَا مَوْلُودٌ هُوَ جَازٍ عَن وَالِدِهِ شَيْئًا ۚ إِنَّ وَعْدَ اللَّـهِ حَقٌّ ۖ فَلَا تَغُرَّنَّكُمُ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا وَلَا يَغُرَّنَّكُم بِاللَّـهِ الْغَرُورُ ﴿٣٣﴾ إِنَّ اللَّـهَ عِندَهُ عِلْمُ السَّاعَةِ وَيُنَزِّلُ الْغَيْثَ وَيَعْلَمُ مَا فِي الْأَرْحَامِ ۖ وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ مَّاذَا تَكْسِبُ غَدًا ۖ وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ بِأَيِّ أَرْضٍ تَمُوتُ ۚ إِنَّ اللَّـهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ ﴿٣٤﴾

Бу ояти  карималар    қуйидагича таржима қилинган:

  Эй одамлар! Роббингизга тақво қилинг ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда бергувчи бўлмайдиган кундан қўрқинг. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, ҳаёти дунё сизни ғурурга кетказмасин. Ўта ғурурга кетказгувчи сизни Аллоҳ ила ғурурга кетказмасин. (Бу кун қиёмат кунидир. У кунда инсонлар орасидаги боғланишлар, алоқалар кесилади. Ҳар ким ўзи учун жавоб беради. Бировнинг бировга фойдаси тегмайди. Ҳатто, ота болага, бола отага фойда бера олмай қолади. У кунда бирдан-бир фойда берадиган нарса иймон ва яхши амал бўлади. Ана ўшандай кундан қўрқиш барча одамларнинг одамийлик бурчидир. Қиёмат кунидан қўрққан одамгина барча ёмонликлардан қайтади. Аксинча, қиёмат кунидан қўрқмайдиган одам ҳеч қандай ёмонликдан қайтмайди.) (33) Албатта, соат (қиёмат) илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдирур. Бачадонлардаги нарсани ҳам У билур. Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ ўта билгувчи ва ўта хабардордир. (Оятда Аллоҳ таолонинг илми шомилу комил ҳамда мутлақ экани, унинг илми қаршисида бошқа илмлар ҳеч нарсага арзимаслиги баён қилинмоқда.) (34)

“Луқмон” муборак сурасининг охирги оятлари бӯлган бу ояти карималар барча одамларни ҳаётда тақвога риоя этишга чақиради ва бу нарсага далил сифатида буюради: Дунёда бировнинг бошига кулфат тушганда оила аъзолари унинг кӯмагига шошилишади. Аммо қиёмат куни ҳеч ким бировга кӯмаклашишни истамайди. Бунинг имкони йӯқ. Шундай экан оилавий муносабатларга мағрурланиш ӯрнига солиҳ амалларни кӯпайтиришимиз лозим. Зеро, фақат эзгу амалларгина бизни Аллоҳнинг лутфу раҳматига восил айлайди. Банданинг барча амаллари ҳамма ғайбий нарсалардан огоҳ бӯлган Аллоҳ томонидан сарҳисоб қилинади. Шу ӯринда бир нарсани қайд қилиш жоиз, Аллоҳнинг илми она қорнидаги боланинг ӯғилми-қизлиги билан чегараланмайди. Балки Илоҳий илм ҳомиланинг истеъдодлари, руҳияси ва бошқа ҳолатларини ҳам қамраб олади. Шу сабабли инсон Аллоҳ менинг яширин ишларимдан бехабардир, деган хомхаёлга берилмаслиги керак.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

 Қиёмат куни ота фарзандига, она боласига қарамайдиган, ҳар ким ӯзимдан қолмай, дейдиган кундир.

Қачон руй бериши биз бандалар учун махфий бӯлсада, аммо қиёматнинг юз бериши аниқдир. Худди ҳар бир инсоннинг ӯлиши ҳақиқат, аммо бу ишнинг қачон ва қаерда юз беришини ҳеч ким билмагани каби.

Дунё инсонни чалғитиб, қиёматни унутишга даъват қилади.