август 10, 2016 14:13 Asia/Tashkent

Ваҳҳобийлик жараёнлари

Аллоҳ таоло номи билан

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Такфирий жараёнлар ёхуд  бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.

Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг диний оқимига қарши чиққан уламолардан бири унинг устози Муҳаммад ибн Сулаймон эди. У Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобга ёзган мактубида шундай дейди:

«Эй ибн Абдулваҳҳоб, Аллоҳ номи билан сендан тилингни тийиб мусулмонларга қарши чиқмаслигингни сўрайман. Дунёдаги барча воқеа ҳодисалар Аллоҳ томонидан бўлаётганлиги хусусида шак келтираётганларга уларнинг ноҳақликларини тушунтиргин, тушунмаган тақдирдагина уларни ва фақат уларнигина кофир, деб атагин. Лекин зинҳор сенга эргашмаган барча мусумонларни кофир, дея кўрма. Чунки улар эмас, сен ўзинг ҳақ йўлдан адашгансан. Бунга Нисо сурасининг 115 ояти гувоҳлик беради: «Ким ҳақ йўлни аниқ қилганидан кейин Пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, Биз унинг кетгунича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз.»

Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб бевосита динни «тозалаш», пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с) замонасидаги асл ислом таълимотига қайтиш, яъни салафи солиҳлар йўлидан бориш ҳамда ширкка олиб борувчи бутпарастлик маросимларидан қутулиш каби номлар остида фаолиятлар олиб боради. Ҳатто, у Пайғамбар(с) қабрларини зиёрат қилишни ҳам тавҳидга зид деб уқтиради. Шунингдек, «бидъат»га алоҳида урғу бериб, унга қарши муросасиз кураш олиб боради. Бироқ, ушбу ўлкалардаги диний вазият юқорида таъкидлаганимиздек, ўта мураккаб бўлган. Чунончи, марказий ва шарқий Арабистонда шиа мазҳабининг вакиллари, ал-Хосса вилоятида «қармат», Яманда «зайдий» оқими тарафдорлари яшашарди. Табиийки, бу оқимларнинг барчасида азиз авлиёлар ҳамда уларнинг зиёратгоҳлари зиёрат қилиниши кенг тус олган эди.

Хусусан, Пайғамбар (с)нинг авлодларини улуғлаш ҳамда уларнинг қадр-қимматини вафотидан кейин ҳам эъзозлаш ҳоллари мавжуд эди. Карбало, Нажд, Жубайл, Дирия, Макка, Мадина ва Тоифдаги муқаддас жойларга зиёратчилар йил бўйи келишиб, қурбонликлар қилишар ва турли маросимларни амалга оширишарди. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб шу каби авж олган маросимларга ўта мутаассиблик руҳида кураш бошлайди. У кескин тарзда ушбу ишларни қоралар, «ширк», «бидъат», «куфр» сўзларини қўллар эди. Ваҳоланки, кўпчилик мусулмонларнинг юқоридаги маросимлари уларнинг эътиқодида ширк бўлмай, Қуръон ва Суннатга асосланган эди. Шунинг учун, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобга кўпчилик устидан «куфр» ва «ширк» калимасини ишлатиш ҳуқуқини бермасди.

Муҳаммад ибн Абулваҳҳоб авлодларидан бири бўлмиш Абдуллатиф ваҳҳобизм таълимотининг давомчилари сирасида асосий одим ташлаган муаллифлардан бири ҳисобланади. Ундан сўнг, унинг ворислари томонидан амалга оширилган ғоявий ишларда улар ваҳҳобийликнинг янгича ақидаларини тарғиб-ташвиқ қилиб, янги китобларни нашрга ҳозирлайдилар.

Шубҳасиз, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб таълимотидаги энг катта қаршилик келтириб чиқарган фикрларидан бири бу –ўзига қўшилмаган мусулмонларни «динсизлар», «кофирлар» ва «мушриклар», деб эълон қилгани эди. Шуниси қизиқки, ваҳҳобийлар бошқа дин вакилларига; масалан яҳудийлар ва насороларга ўзларининг сўзларига қўшилмаган мусулмонларга қилган муросасизликларини қўлламас эдилар. Шунингдек, иймон масаласи бўйича уларнинг тутган йўллари мусулмонлар, хусусан минтақа мусулмонлари ўртасида турли келишмовчиликлар ва кўнгилсизликларга сабаб бўлган.

Мавзуни таҳлилчи Фахриддин Умаров давом эттиради.

Таҳлилчи Фахриддин Умаровнинг суҳбати эди.    

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  бир   соатлик  оқшомги  дастуримизда   "Такфирий жараёнлар  ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги    сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.

Бошқа бир қатор мазҳаб ва оқимлар, жумладан мотуридий таълимотида киши Аллоҳга имон келтириши билан мусулмонлар қаторига ўтиши таъкидланган. Ҳанбалий мазҳабида эса эътиқодни амалда тасдиқлаши талаб қилинади. Худди шу хусусиятлар кейинчалик «салафий»ларнинг  турли юрт  мусулмонларининг кўпчилиги устидан турли хил ибораларни ишлатишларига сабаб бўлди. Шу билан биргаликда ўзларини салафийлар, яъни салафи солиҳлар йўлидан борувчилар деб атайдиган ваҳҳобийлар юртимизда асрлар давомида шаклланган анъанавий-диний таълимотларга қарши чиқиб уларни «ширк», «бидъат», «куфр»да айблашди. Жумладан ваҳҳобийлар тавассул, тасаввуф тариқатлари, мавлуди шарифни нишонлаш, ўтганлар руҳига Қуръон тиловати савобининг етиши, қабрларни зиёрат қилиш ёки уларнинг устига белги – қабртош қўйиш кабилар бўйича қарашлари Ўрта Осиё мусулмонлари ўртасида ихтилофлар келтириб чиқаришга сабаб бўлмоқда.

Минг афсуским, ваҳҳобизм фирқаси ва бу оқимнинг ичида юзага келган АЛ-ҚОИДА, ИШИД, АН-НУСРА, БОКО-ҲАРОМ ва ҳоказолар каби реакцион ва экстремист гуруҳлар бугун ҳам ёшлар онгини заҳарлашга ва тинч аҳолининг тинчини бузишга уринишяпти.

Бу бузғунчи фирқанинг издошлари бўлмиш ваҳҳобийлар ҳақиқий ислом динига қайтиш ниқоби остида қанча-қанча бегуноҳ мусулмонларни «мушрик» ва «кофир»га чиқариб, уларнинг қонларини ноҳақ тўкишди ва ҳозирги кунда ҳам тўкмоқдалар. Ҳолбуки, Қуръони Каримнинг нуроний оятлари ва ислом динининг қимматли таълимотлари мусулмонларни ҳамжиҳатликка, бирдамликка, якдилликка ва дўстликка чорлайди. Шубҳасиз, тарих шундай бир шаффоф кўзгуки, яхши-ю ёмонни ундаги бор бўлган ранглари билан очиқ-ойдин тасвирлайди, мутаффакир ва ибрат олувчи очиқ кўнгилли инсонлар ҳақ ва ботилни ажрата оладилар.

Қадрли  тингловчилар, “Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.

 

 

 

 

 

 

Ёрлиқ