Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
Ўзбекситонга оид муҳим янгиликлар шарҳи
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришнинг янги сони эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:
- Ўзбекистон-Россия Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши якунлади;
- Шавкат Мирзиёев Туркия миллий мудофаа вазирини қабул қилди;
- Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари Туркияда тайёргарликдан ўтади;
- Ўзбекистоннинг Хитойдаги янги элчиси ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди.
Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:
26 июль куни Тошкент шаҳрида Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ички ишлар вазирликларининг Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳига аъзо тизимларининг раҳбарлари қатнашди.
Ўзбекистон томонидан раислик қилувчи ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Даврон Назармухамедов йиғилишни кириш сўзи билан очди. У қатнашчиларни 2017-2022 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар асосида, республика ички ишлар органларида ўтказилаётган ислоҳотлар билан таништирди.
Россия Федерацияси томонидан делегацияни ички ишлар вазирлиги экстремизмга қарши курашиш Бош бошқармаси бошлиғи полиция генерал-майори Тимур Валиулин бошқарди.
Йиғилишда томонлар қидирув ишларида, уюшган жиноятчилик, экстремизм, наркотик моддаларини ноқонуний айланиши ва ноқонуний миграция бўйича ахборот алмашувида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.Томонлар Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи биринчи йиғилишидаги келишувларнинг натижаларига бағишланган иккинчи йиғилишни 2018 йилнинг ўрталарида Москва шаҳрида ўтказишга келишиб олдилар.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Туркия Мудофаа вазирликлари ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатиш, жумладан, ҳарбий таълим соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш бу борадаги муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатга расмий ташриф билан келган Туркия миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаниклини қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали хабар бермоқда. Ўзбекистон раҳбари икки мамлакат ўртасида турли даражадаги алоқалар ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик фаоллашганини мамнуният билан таъкидлади.
Ўзбекистон ва Туркия раҳбарларининг 2016 йил ноябрь ойида Самарқанддаги учрашуви ва жорий йилнинг май ойида Пекинда ўтган "Бир макон, бир йўл" халқаро форуми доирасидаги самарали мулоқоти ўзаро серқирра муносабатлар, шу жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга янги суръат бағишлагани қайд этилди. Суҳбат чоғида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама этилди. Ўзбекистон ва Туркия Мудофаа вазирликлари ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатиш, жумладан, ҳарбий таълим соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш бу борадаги муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланди.
Туркия миллий мудофаа вазири Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга қабул учун самимий миннатдорлик билдирди ва Туркия президенти Ражаб Таййиб Эрдўғоннинг эзгу тилакларини етказди.
Нуреттин Жаникли Ўзбекистонда Қуролли Кучлар салоҳиятини ошириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди ва Туркия томони икки давлат ўртасида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.
Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари Туркияда тайёргарликдан ўтади. Кенгроқ тафсилотлар билан Тошкентдаги ҳамкоримиз Маҳмула Муҳаммад Карим қизи хизматингизда.
Эшиттиришимиз давом этади.
Ўзбекистоннинг Хитойдаги янги элчиси ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди.
Ўзбекистоннинг Хитойдаги янги фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Саидов Хитой Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятига ишонч ёрлиғи нусхасини топширди.
Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди. Бунга қадар беш йил давомида Дониёр Қурбонов Ўзбекистоннинг Хитойдаги дипломатик ваколатхонасига раҳбарлик қилган. Бахтиёр Саидов эса «Ўзбекенгилсаноат» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. Учрашув чоғида томонлар ўзбек-хитой ҳамкорлиги ва унинг ўзаро манфаатли йўналишларда ривожланиш истиқболлари масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон Президентининг май ойида Хитойга давлат ташрифи вақтида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Азизлар, “Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги ҳафталик эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳояига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.