Имом Ризо алайҳиссалом ҳазратларининг валодат топган кунлари
Имом Ризо алайҳиссалом ҳазратларининг валодат топган кунлари
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан !
Ассалому алайкум азиз ва ҳурматли тингловчилар. Мен, Адиба Қодирий " Имом Ризо алайҳиссалом ҳазратларининг валодат топган кунларига бағишланган" махсус эшиттиришни эътиборингизга тақдим этаман. Бизни тинглаб боринг!
Ҳижрий – қамарий йил ҳисоби билан зилқаъда ойининг ўн биринчи куни сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг зурриётларидан бири бўлган имом Ризо (алайҳис салом)нинг таваллуд топган кунларидир.Ушбу кун само юлдузлари ер узра порлай бошлаб дин юлдузининг шайдоси бўлдилар. Бу кунда такбир гулларининг муаттар ҳиди етти осмон бағрига ёйилди. Негаки, бугун вилоят (пешволик) осмонининг Саккизинчи Юлдузи ҳазрат имом Али ибн Мусо Ар-Ризо (алайҳис салом)нинг аршдан фаршга, яъни самодан ерга тушган кунларидир. Ул ҳазратнинг оталари имом Мусо бин Жаъфар (алайҳис салом) ўз ўғилларига «Али» деб ном қўйдилар. Муборак лақаблари эса Ризо бўлди.Бу қутлуғ кунда Аллоҳнинг ҳабиби ва расули Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га салому салавотлар йўллаб, ислом оламининг бу ёрқин юлдузи таваллуд кунларини барча мусулмонларга муборакбод этамиз! Ушбу махсус эшитиримизда саккизинчи имом ва пешво ҳазрат имом Ризо (алайҳис салом)нинг ҳаёти ва айрим хислатлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Имом Ризо алайҳиссалом ҳижрий-қамарий 148-чи йил 11 зилқаъда ойининг жума кунида Мадина шаҳрида таваллуд топганлар. Ул ҳазратнинг оталари еттинчи Имом Мусо бин Жаъфар (а) ва оналари Нажма эдилар.Имом Ризо (а) ўттиз беш ёшда эканликларида имомат ва раҳбарлик масъулиятини зиммаларига оладилар.Ул ҳазратнинг яшаш даврлари аббосийлар халифаларининг ҳукмронлиги билан тўғри келган ва ушбу халифалар томонидан Имомга кўплаб азоб ва уқубатлар берилган.Аббосийлар халифаларидан бири Маъмун Имом Ризо (а)ни эллик беш ёшда эканликларида шаҳодатга етказган.Маъсум имомлардан фақат Имом Ризо (а) нинг малакутий ва пок мақбаралари Эронда жойлашган.Ул ҳазратнинг пок ҳарамлари бутун Эронда маъсум имомлар алайҳимассаломнинг издошлари ва мафтунларининг ибодатгоҳларига айланган.
Саккизинчи Имомнинг асл номлари Али бўлиб, лақаблари Ризодир.Нақл этилган ривоятларга кўра, ул ҳазратнинг Ризо деб номланишлари уч жиҳатга эгадир:Биринчиси, ул ҳазрат осмонда Аллоҳ ҳамда ерда эса Худо Расули ва имомларнинг рози этишга муяссар бўлишган;Иккинчиси, ул ҳазратдан тарафдорлари ва мухолифлари ҳам рози бўлишган;Учинчиси, ул ҳазрат Парвардигор розилиги учун рози бўлганликлари боис, ушбу хислат умр давомида Имомнинг сурат ва сиратларида намоён эди.Ўша даврнинг қийинчиликларига қарамай, ул ҳазрат барча муаммоларни сабр, матонат ва ҳаракатчанлик билан Аллоҳнинг розилигини назарда тутган ҳолда ҳал қилардилар.
Имом Ризо (а) динни ва Аллоҳ аҳкомини ҳимоя этиш учун Маъмун ва бошқа шахсларга қарши шижоат ва салобат билан курашардилар.Ул ҳазрат дин ишларида оталари ва пок аждодлари каби ҳамеша фидокорлик билан фаолият кўрсатар эдилар. Ул ҳазрат Аллоҳнинг холис бандаси сифатида ҳар бир ишни ушбу бандалик чизиғидан чиқмасдан адо этардилар. Ул ҳазратнинг маънавий ва бошқа олий фазилатлари, поклик ва тақволари, сабр-бардошлари, ибодатлари, сахийлик ва карамлари, умуман, азиз Имом шахсиятларида мавжуд барча ижобий жиҳатлар бизни асил исломий ҳаёт сари ҳидоят этади.
Йирик ислом донишманди Шайх Садуқ ўзининг «Уюну ахборир-Ризо» китобида ёзади:
«Али бин Мусо Ар-Ризо (алайҳис салом)ни Ризо, Содиқ, Собир, Фозил, «Қуррату айнил мўъминин», яъни: «Мўминлар кўзининг нури» ва «Ғайзул мулҳидин», яъни «Аллоҳни инкор этувларига ғазабли» лақаблари билан эслашади. Аммо ул ҳазратнинг энг машҳур лақаблари «Олими оли Муҳаммад», яъни Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хонадонининг олимидир».Имом Ризо (алайҳис салом) ҳазратларининг ижтимоий – сиёсий мавқелари ва шунингдек, ул ҳазрат турли дин ва мазҳаб вакилларининг баҳс – мунозара мажлисларида фаол иштирок этишлари асл исломий таълимотнинг ул ҳазрат орқали халқ оммаси орасига кенг ёйилишига сабаб бўлди. Шу сабабли имом Ризо (алайҳис салом) ҳазратларига ул зотнинг замондошлари «Оли Муҳаммаднинг олими» деган унвонни беришди.
Оталари имом Козим (алайҳис салом) бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:«Падари бузрукворим имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) такрор-такрор менга таъкидлар эдилар: «Оли Муҳаммаднинг олими» сенинг наслингдандир. Қани эди, мен уни кўрсам эди. У амирал-муминин Али (алайҳис салом)нинг номини олади».Имом Ризо (алайҳис салом) имоматларининг охирги уч йили Аббосий халифа Маъмун хилофатининг маркази бўлган Марв шаҳрида ўтди. Аббосий халифалар орасида Маъмун барчаларидан кўра донороқ ва зийракроқ бўлиб, ўз замонасининг турли билимларидан огоҳ эди.
Маъмун имом Ризо (алайҳис салом)ни Марв шаҳрига келтиргач, хилофатининг маркази бўлган бу шаҳарда имом Ризо (алайҳис салом) билан замонанинг етук олимлари ўртасида илмий баҳс ва мунозаралар ўтказарди. Имом ҳазратлари бундай оғир баҳс ва мунозаралар чоғи, ўша даврнинг энг забардаст ва моҳир олимларидан устун келардилар. Имом ҳазратлари билан баҳсга киришган барча донишмандлар баҳслашув сўнгида Саккизинчи имомнинг фазилат ва бепоён тафаккур тарзига қойил қолишарди.