Форсий қанд ҳаловати
Мирзо Бедилнинг фалсафий қарашлари
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги суҳбатимизда ҳам буюк шоир ва файласуф Мирзо Абдулқодир Бедилнинг ҳаёти ва ижодиёти борасида сўз юритамиз. Бизни тинглаб боринг.
Олдин ҳам ишора қилганимиздек, буюк шоир ва файласуф Мирзо Абдулқодир Бедил инсоннинг руҳий фаолиятини тананинг соғлиғига, сиҳатлигига боғлиқ деб, бу фаолият уч хил кучда намаён бўлади, яъни жисмоний куч, ақлий куч, руҳий куч деб таъкидлаб ўтади. Унинг фикрича, жисмоний куч – ҳаракат, меҳнат қилиш, ақлий куч – ўқиш, ўрганиш, билим олиш, руҳий куч – имон-эътиқод, ишонч, худони танишдан иборат бўлиб ҳисобланади.
Унинг бу қарашларидан келиб чиқиб академик И.М. Мўминов шундай ёзган эди: “Мирзо Бедил XVII – XVIII асардаги феодал Шарқи муҳитида Европанинг илғор мутафаккирлари даражасига кўтарила олди, табиат ҳодисаларини табиатнинг ўзини ўрганиш йўли билан тушунтиришни талаб қилди. Бу нарса унинг фалсафаси диққат ва ҳурматга сазовар бўлишини кўрсатади.
Мирзо Бедилнинг фалсафий мероси инсониятнинг фалсафий қарашлари ривожига қўшилган бой дурдона бўлиб, ўз вақтида у инсон ақлининг қудратини, илм – фаннинг кучини тўғри кўрсатиб бера олган ва ўз фалсафий қарашларида илғор ғояларни илгари сура олган файласуфлар сафида муносиб ўрин тутади.
Мирзо Бедил инсоннинг аҳлоқий қадриятларини синчиклаб ўрганар ва таҳлил қилар экан, барчанинг хулқ-одоби бир хил эмаслиги, яхши хулқ бор жойда ёмон, яъни салбий хислатлар ҳам борлигига ўз эътиборини қаратади. Кишилар орасида сахийлар ва бахиллар, яхшию ёмонлар, ҳалол ва нопоклар борлигини кўриб, инсонда олийжаноб хислатларни ривож топтириш йўлларини излайди. Инсонлар хулқидаги бу икки хиллик яъни эзгу, яхши ва ёмон хулкларнинг мавжудлиги борасида Бедил илгари сурган ғоялар Юсуф Хос Ҳожибнинг аҳлоқий қарашлари билан уйғун эканлигини кўришимиз мумкин. Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қугадғу билиг» асарида шундай дейилади: «Эзгу одамлар ҳам икки турли бўладилар — булардан бири яхши ва тўғри йўлдан юрувчилар. Бундай эзгу одамлар туғма яхши бўладилар, улар тўғри ва рост йўлдан юрадилар. Яна бир турли эзгулар борки, улар ўткинчи яхшидирлар, ёмонларга қўшилиб қолсалар, ёмон ва ярамас ишларга қўл урадилар. Шунингдек, ёмонлар ҳам икки турли бўладилар, икки тоифасини бир хилда ёмон демаслик керак. Булардан бири — туғма ёмонлардир, уларнинг исқиртлари то ўлгунча аримайди. Яна бири — ўткинчи ёмонлардир, ундайларнинг жўралари яхши бўлса, улар шу яхшиларга эргашиб яхши бўладилар. Туғма яхшилардан доимо яхшилик келади. Олам халқи улардан фақат манфаат олади». Юсуф Хос Ҳожибнинг яхшиликни туғма бўлиши ҳақидаги фикри, Саъдий, Навоий фикрлари билан ниҳоятда ўхшаш.
Мирзо Бедил ҳаётнинг мазмун-моҳиятини инсон манфаатлари учун хизмат қилиш ва ўзидан ёдгорлик қолдириш белгилайди, деган ғояни илгари суради. Мутафаккирнинг таъкидлашича, бу дунё гўзаллик ва эзгулик намуналарига тўла. Шунинг учун ҳам унга бефарқлик ётдир. Бедил инсоннинг ҳаётини доимий ҳаракатда, изланишда, ўқиш-ўрганиш ва илм-ҳунарни эгаллашда, деб билади. Инсон ҳаётининг маьносини аҳлоқий гўзалликда кўради. Ахлоқан гўзал инсонгина ўзидан яхши ном қолдириб, мазмунли ҳаётга мушарраф бўла олади.
Мавзуни таҳлилчи Нурхон Ҳакимова давом этиради.
Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Энди эса буюк Бедилнинг гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.
То туғилдим, ҳар қулоғимга мудом афсун керак,
Дил тил олганча чўкиб ётмоқни истар — хун керак.
Ишқ балоси ҳусн бахтига ҳамиша зордир,
Лайлининг ноз базмига албатта бир Мажнун керак.
Эҳтиёж бор этди йўкликдан жаҳонни, дўстлар,
Қилгали жо дилга ҳиммат, янграган қонун керак.
Кетмагай дуд ҳеч ёлингдан, кулга гулхан дўнмайин,
Гўиё ювмоққа уст-бошим кирин, собун керак.
Ваҳмга таслим акл бор-йўқни фарқлаб билмагай,
Нокераклар кеча ўртаб, бўлдилар бул кун керак.
Тўкмасинларми юлиб маржонларин киприкларим,
Оҳ, ёшурмоққа нахот шундай гўзал мазмун керак.
Тонг бу — борлиқнинг жаҳонда бир дамидир бедахл,
Бир нафас дийдор учун борлиққа бул гардун керак.
Эҳтиёж иншо этиб жаъм қилди тарқоқ сўзимиз,
Ҳарфи номавзунимиз, чун бўлмоғи мавзун керак.
Бенафасликка гирифтор Бедилинг қабр аҳлидек,
Чун ўлим занжирдур, занжир учун мажнун керак.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда «оммавий маданият» деган ниқоб остида аҳлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни йўқ қилишга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди.
Мирзо Бедил ҳаётнинг мазмун-моҳиятини инсон манфаатлари учун хизмат қилиш ва ўзидан ёдгорлик қолдириш белгилайди, деган ғояни илгари суради. Мутафаккирнинг таъкидлашича, бу дунё гўзаллик ва эзгулик намуналарига тўла. Шунинг учун ҳам унга бефарқлик ётдир. Бедил инсоннинг ҳаётини доимий ҳаракатда, изланишда, ўқиш-ўрганиш ва илм-ҳунарни эгаллашда, деб билади.
Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.