Нур томон йӯл-747
747-қисм« Аҳзоб " муборак сураси 6-8-ояти карималарининг шарҳи.
Суҳбатимиз ибтидосида «Азҳоб " муборак сураси 6-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
النَّبِيُّ أَوْلَىٰ بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنفُسِهِمْ ۖ وَأَزْوَاجُهُ أُمَّهَاتُهُمْ ۗ وَأُولُو الْأَرْحَامِ بَعْضُهُمْ أَوْلَىٰ بِبَعْضٍ فِي كِتَابِ اللَّـهِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُهَاجِرِينَ إِلَّا أَن تَفْعَلُوا إِلَىٰ أَوْلِيَائِكُم مَّعْرُوفًا ۚ كَانَ ذَٰلِكَ فِي الْكِتَابِ مَسْطُورًا ﴿٦﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг аёллари эса, уларнинг оналаридир. Аллоҳнинг Китобида қариндошлар бир-бирларига бошқа мўминлардан ва муҳожирлардан ҳақлидирлар. Фақат дўстларингизга яхшилик қилмоғингиз мустаснодир. Бу Китобда сатрлар ила битилмиш. (6)
Ӯтган дастуримизда Аллоҳ таъолонинг тутинган фарзанд ҳақиқий фарзанд ҳисобланмаслиги ҳамда ирсият ва мерос масаласи унга тегишли эмаслиги ҳақидаги ҳукмини баён қилган эдик.
Бу ояти каримада буюрилади: ҳатто бандаларнинг афзали бӯлган, муминларнинг отаси ҳисобланган, аёллари эса муминларнинг онаси ӯрнида бӯлган пайғамбар ҳам ӯз умматлари билан ирсий ва меросий муносабатларга эга эмас.
Қайд қилиш жоизким, Аллоҳнинг расули (с) Мадина шаҳрида муҳожир ва ансорларни бир-бирига диний биродар эълон қилган эдилар. Аммо бу мавридда ҳам улар ӯзаро мерос олиш ҳақига эга эмасдилар.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
Пайғамбар (с) барча мӯминлардан афзал бӯлиб, унинг шахсий, оилавий ва ижтимоий соҳалардаги барча ҳукмлари фойдали ва бажарилиши зарурийдир.
Расули акрам (с) завжаи мутаҳҳараларини эҳтиром қилиш вожибдир. Уларга нисбатан ҳурматсизлик маъносидаги ҳар қандай ривоят ва хатти-ҳаракат жоиз эмас.
Ислом таълимотида оилани мустаҳкамлаш учун насл-насаб ва қариндошчилик муносабатларига юксак эътибор қаратилади.
Энди «Азҳоб" муборак сураси 7-8-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.
وَإِذْ أَخَذْنَا مِنَ النَّبِيِّينَ مِيثَاقَهُمْ وَمِنكَ وَمِن نُّوحٍ وَإِبْرَاهِيمَ وَمُوسَىٰ وَعِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ ۖ وَأَخَذْنَا مِنْهُم مِّيثَاقًا غَلِيظًا ﴿٧﴾ لِّيَسْأَلَ الصَّادِقِينَ عَن صِدْقِهِمْ ۚ وَأَعَدَّ لِلْكَافِرِينَ عَذَابًا أَلِيمًا ﴿٨﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Набийлардан аҳду паймонларини олганимизни эсла! Сендан, Нуҳдан, Иброҳимдан, Мусодан ва Ийсо ибн Марямдан ҳам. Биз улардан салмоқли аҳду паймон олдик. (7) (Буни Аллоҳ) содиқлардан садоқатлари ҳақида сўраш учун қилди. Ва кофирларга аламли азобни тайёрлаб қўйди. (Ушбу ояти каримадаги «содиқлар» кимлар эканлиги ҳақида тафсирчи уламоларимиз икки хил фикр айтганлар. Бир гуруҳи, содиқлар Пайғамбарлардир, деган. Иккинчи бир гуруҳи эса, содиқлар Пайғамбарларга содиқ бўлган мўминлардир, деб айтган. Аслида, бу икки маъно бир-бирини тўлдириб келади.) (8)
Олдинги оятда расули акрам (с)нинг барча мӯминлардан афзал эканликлари ҳақида сӯз юритилди. Бу ояти каримада эса ислом пайғамбари ва барча ӯтган пайғамбарларнинг оғир масъулиятига ишора қилиниб, буюрилади: Аллоҳ таъоло пайғамбарларни улуғлаш билан бир қаторда уларнинг зиммасига масъулиятнинг оғир юкини юклаб, Илоҳий ваҳийни етказиш ва одамларни ҳидоят этиш бобида фидоийлик кӯрсатишлари, танда жонлари бор экан, бу йӯлдан чекинмасликлари ҳақида улар билан аҳдлашгандир.
Бу ояти карималарда беш нафар улулазм пайғамбарга ишора қилиниб, ислом пайғамбаридан кейин ҳазрат Нуҳ, ҳазрат Иброҳим, ҳазрат Мусо ва ҳазрат Исо алайҳимуссаломларнинг номлари зикр этилган.
Ояти кариманинг давомида буюрилади: пайғамбарлар даъвати қаршисида одамлар содиқлар ва кофирлар каби икки гуруҳга бӯлинадилар. Содиқлар сидқидилдан иймон келтирган кишилардир. Улар тилда айтган нарсаларига амал қилишади. Қиёмат маҳкамасида ҳар икки гуруҳ тафаккур, тил ва амалларига қараб сарҳисоб қилинади.
Бу ояти карималар замирида муҳим бир нукта яширин. Буюрилишича, Аллоҳ таъоло қиёмат куни содиқларнинг садоқатлари даражасини ҳам ӯлчайди. Яъни фақат амалнинг ӯзи етарли эмас, балки ӯша эзгу амални бажаришда ният холис ва беғараз бӯлиши керак.
Айрим кишилар Аллоҳнинг динини ҳимоя қилиш учун ҳатто жиҳод майдонларига чиқадилар, аммо ниятлари холис эмас. Афсуски, бундай кишилар диний масъулиятларини бажариш ниқоби остида ном ва нон учун кӯпроқ ҳаракат қилишади.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
Иймон аҳли учун ӯтган қавмлар ва пайғамбарлар тарихи билан танишиш зарурийдир. Тӯғри йӯлдан адашмаслик учун уларнинг қисмати ибрат намунаси ҳисобланади
Аллоҳ таъоло ҳуқуқ билан бирга масъулият ҳам белгилайди. Мансаб-мартабаси, бойлик ва обру-эътибори юксак бӯлган кишининг масъулияти ҳамбошқаларникидан кӯра оғирдир.
Тил билан дилнинг бирлиги, сӯз ва амал уйғунлиги иймоннинг зарурий рукнларидир. Шу сабабли Аллоҳ таъоло бу ояти карималарда “муминин” сӯзи ӯрнига “содиқин” сӯзини ишлатган.
Қиёмат куни бажарган амалларимиздаги ниятнинг холислиги ҳам эътиборга олинади. Амалнинг зоҳиридан ташқари унинг ботинига ҳам эътибор қаратилади.