Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар
Беруний асарлари
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшитиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз. Бизни тинглаб боринг.
Олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек,
Беруний ижтимоий ҳаёт ўзига хос «шартнома» асосида тузилишини эътироф этади: «Инсон ўз эхтиёжларини тушуниб, ўзига ўхшаш кишилар билан бирга яшашнинг зарурлигини англай бошлайди. Шунинг учун ўзаро келишувчанлик қабилидаги «шартнома» тузишга киришади. Одамларнинг биргалиқдаги турмуши инсонни ҳақиқий қудратга, унинг эҳтиёжларини қондиришга олиб келмайди, бунинг учун яна меҳнат қилиш ҳам зарурдир». Бу фикрни давом эттириб, «инсоннинг қадр-қиммати ўз вазифасини аъло даражада бажаришдан иборат: шунинг учун инсоннинг энг асосий вазифаси ва ўрни меҳнат билан белгиланади, инсон ўз хоҳишига меҳнат туфайли эришади», деб ёзган эди у.
Табиатан бошқаришга тамойили бўлган ҳоким ўз фикри ва қарорларида қатъий бўлиши керак, ўз ишларини амалга оширишда файласуфларнинг қонунларига, бўйсунишлик лозим: шоҳнинг ўзи ҳам «яратувчанлик «онгига» эга бўлмоғи, айниқса, деҳқонлар тўғрисида кўпроқ ғам ейиши керак. «Подшоҳлик деҳқончиликсиз яшай олмайди», деди Беруний. Берунийда шундай фикрлар бор: «одил ҳокимнинг асосий вазифаси олий ва паст табақалар, кучлилар ва кучсизлар орасида тенглик, адолат ўрнатишдан иборатдир».
Беруний ўрта аср шароитида ҳақиқий илмий табиатшуносликка асос солди, унинг турли соҳаларда ўз даври учун таажжубга солувчи шундай фикр ва илмий фаразларни олға сурдики, улар бир неча асрлардан сўнг Оврўпо илмида ўз исботини топди. Беруний Ўрта аср шароитида ҳақиқий тажрибага, кузатиш, эксперимента асосланувчи аниқ илмий тафаккурни бошлаб берувчилардандир.
Беруний филология соҳасида. ҳам қалам тебратиб, мумтоз араб шеърияти, ҳинд шеърияти тузилишига оид тадқиқотлар, эрон фольклори намуналарининг араб тилига таржималарини яратди. Беруний мамлакат равнақи фан равнақи билан узвий боғлиқ деб билди. «Ҳар бир олим ўз муҳокамасида амалиётга асосланиши, ўз тадқиқотида аниқ бўлиши, тўхтовсиз меҳнат қилиши, хатоларини қидириб тузатиши, илмда ҳақиқат учун ҳар хил уйдурма, юзакичиликка қарши кураш олиб бориши зарур», деган эди.
У халқлар дўст, иноқ, иттифоқ бўлиб яшаши учун курашиб, инсониятга, у яратган фан ва маданиятга қирғин келтирувчи урушларни қаттиқ қоралади. Олим ўзининг «Ҳиндистон» асарида «халқлар ўртасида тортишиш ва талашиш кўп», деб афсусланиб ёзган эди. Унинг Ҳиндистонда олиб борган кенг илмий-тадқиқот ишлари халқлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳамкорлик ва маданий муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган эди. Бундан кўриниб турибдики, Беруний маданий ҳамкорлик ва илм-маърифатнинг кенг тарқалишига катта эътибор берди.
Берунийнинг асарлари мусулмон Шарқи маданиятининг сўнгги ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Араб ва форс тилларида ёзилган Байҳақий, Шаҳризўрий, Қифтий, Ёқут Ҳамавий асарларида Беруний ҳақида муҳим маълумотлар келтирилади. XIII асрда яшаган суриялик тарихчи ва табиб Христиан Иоанни Барэрей (1226—1286) Берунийга шундай баҳо беради: «Ўша ўтган йилларда юнон ва ҳинд фалсафаси денгизини кечиб ўтган Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўтмиш илмларда шуҳрат қозонди. У математика илмларида мутахассис бўлиб, бу соҳада қатор муҳим китоблар яратди.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса uzbek@ ParsToday.com.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Беруний Ҳиндистонга бориб, у ерда бир неча йил яшади, ҳинд файласуфларидан уларнинг санъатини ўрганди ва уларга юнон фалсафасини ўргатди. Унинг асарлари ниҳоятда кўп, етук ва ниҳоятда ишончлидир. Бир сўз билан айтганда, ўз даврида, ундан сўнг ва ҳозирга қадар ҳамкасблари орасида астрономия илмида бундай билимдон ва бу илмнинг асосини ҳамда нозик томонларини чуқур биладиган олим бўлмаган». Беруний ҳақидаги олий баҳо ва тавсифлар Табризий, Суютий, Қазвиний, Тусий, Муҳаммад ибн Мансур ал-Алломий, ал-Хуросоний кабиларнинг асарларида келтирилади.
XIX асрдан бошлаб Оврўпо ва Осиё мамлакатларида Беруний мероси билан қизиқиш янада кенг тус олди. Унинг асарлари лотин, француз, итальян, немис, инглиз, форс, турк тилларига таржима этила бошланди. Беруний асарларига бағишланган оврўполик олимлар Ж. Рено, Э. Захау, Г. Зутер, Э. Видеман, К. Наллино, Ж. Сартон, Р. Райт, М. Мейерхоф, осиё олимлари С. X. Наср, М. Козим, С. Бараний, М. Низомуддин, Ш. Ялткай кабиларнинг китоблари, таржималари нашр этилди. Бу тадқиқотчилар Беруний ижодига жуда юқори баҳо бердилар. Америкалик тарихчи олим Ж. Сартон Берунийнинг меросига энг олий баҳо бериш билан бирга, унинг ўз даврининг жаҳондаги биринчи донишманди деб баҳолайди. Атоқли шарқшунос В. Р. Розен эса, унга илмий қарашлари таажжуб қоларли даражада кенглиги, унинг ҳозирги маънодаги ҳақиқий фаннинг руҳига эга эканлигини қайд этади.
Ҳинд олимлари ҳам Берунийнинг Ҳиндистон фалсафаси, илми, урф-одатлари тарихини ўрганишга қўшган улкан ҳиссасига ниҳоятда юқори баҳо берадилар. Беруний мероси рус олимларини ҳам ҳар томонлама қизиқгириб келди. И. Ю. Крачковский, С. П. Толстой, А. А. Райнов, А. М. Белинский, А. А. Семёнов, Б. А. Розенфедц. ларнинг унга бағишланган асарлари эълон қилинди. Машҳур шарқшунос олим И. Ю. Крачковский Беруний меросига юқори баҳо бериб, «унинг қизиққан илм соҳаларидан кўра қизиқмаган соҳаларини санаб ўтиш осондир» деб, алломанинг қомусий ақлини яна бир бор таъкидлаб ўтади.
Ўзбекистонда ҳам унинг ижодига катта эътибор бериб келинмоқда. Ҳ. М. Абдуллаев, И. М. Мўминов, В. Ю. Зоҳидов, Я. Ғ. ғуломов, У. Каримов, С. А. Булгаков каби атоқли олимлар Беруний фаолияти ҳақида қатор рисола, асарлар яратдилар. Тошкентда унга бағишланган қатор Халқаро илмий конференциялар ўтказилди. Биринчи бор Берунийнинг «Кадимги ёдгорликлар»,
«Ҳиндистон», «Масъуд қонуни», «Геодезия», «Сайдона» каби асосий асарларини ўз ичига олувчи кўп томли сайланма асарлари ўзбек ва рус тилларида Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан нашр этилди. Кўчалар, институтларга унинг номи берилган. Фан соҳасида Беруний номидаги Давлат мукофоти таъсис этилган.
Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.