Биз ва тингловчи
Тингловчилар талаби
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Биз ва тингловчи" номланган ҳафталик эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Бизни тинглаб борасиз деган умиддамиз.
“Биз ва тингловчи” рукни остидаги эшиттиришнинг ушбу сони мухлисларимизнинг талаблари асосида тайёрланган. Улар бизга шоҳзода ва шоир Ҳумоюн Мирзо ҳақида маълумот беришимизни сўрашган.
Ҳиндистоннинг машҳур сиёсатчиси ва тарихчиси Жавоҳирлаъл Нерунинг айтишича: «Бобур санъат ва адабиётнинг улкан ҳомийси, бобурийлар саройи жуда шукуҳли, бой ва мисли кўрилмаган сарой эди».
Албатта, бундай сарой ва бундай маданият ўзидан-ўзи қурилмайди. Шоҳ ва шаҳзодалар олим, шоир ва маданиятли кишилар бўлмасалар, илму маданият ривожига у қадар парво қилмасликлари мумкин. Аммо Бобур, унинг тўрт ўғли ва бир қизи — Ҳумоюн, Комрон, Аскарий, Ҳиндол ва Гулбадан бегим ҳам тарихда чуқур из қолдирган шоир, тарихчи, илму санъатни яхши ўрганиб, ўзлаштирган кишилар эдилар. Улардан бўлган фарзандларнинг барчаси ҳам ота-боболарининг изидан бориб, атоқли шоир, адиб ва олимлар сифатида илму санъат ривожига катта ҳисса қўшиб келдилар. Бобурнинг тўнғич ўғли Носируддин Муҳаммад Ҳумоюн 913 (1507) йили зулқаъда ойининг тўртинчи кечаси Кобулда туғилди. Онаси Моҳим бегим Султон Ҳусайн Бойқаро хонадонига яқин бир бекнинг қизи эди. Ҳумоюн Мирзо отаси вафот этгандан сўнг Деҳли тахтига эга бўлиб, 26 йил подшоҳлик даврини суриб, 963(1556) йили раби ул-аввал ойининг 14-сида Деҳлида оламдан кўз юмди.
Ҳумоюн Мирзо ҳам отасидек истеъдодли шоир эди. Подшоҳлик юмушлари, ички ва ташқи душманлар, яъни укалари ва лўдийлар билан тўхтовсиз олиб борган жанглари сабабли шеър ёзишга кўп вақт тополмаса ҳам, ундан бир қанча ғазаллар, рубоийлар, қитъалар ва бошқа шеърий парчалардан иборат (асосан форсийда) бўлган бир девон қолди. Бу девон доктор Ҳодий Ҳасаннинг тасҳиҳ ва иҳтимоми билан Ҳиндистонда босилиб чиқди. Бу девондан бир қанча шеърий намуналар тазкираларда ҳам келтирилган.
Ҳумоюн Мирзонинг каломидан намуналар:
Ҳардам зи фироқи ту малолест маро,
Ҳар рўз зи ҳижрони ту солест маро,
Ҳолест ба ғурбатам, ки натвон гуфтан,
Субҳоноллоҳ, ғариб ҳолест маро.
Жавоҳарлаъл Неру Ҳумоюн ҳақида “Маданиятли ва ўқимишли киши”, деб ёзган эди. У риёзиёт ва нужум илмига ғоят қизиқар, мусиқий илмни жуда қадрларди. Ҳумоюн ҳафтада икки марта шеърият ва мусиқага оид анжуманлар ўтказиб турар, унинг шеъриятдаги иқтидорини ота мерос, дейиш мумкин. Туркий ва форсийда “Ҳумоюн” тахаллусида гўзал шеърлар ёзган. Девонлари китобат қилинган дейилади. Шоир ва арбоб Байрамхон билан шеърий ёзишмалари машҳур. Абулфазлнинг “Акбарнома” асарида Ҳумоюннинг рубоийларидан намуналар берилган.
Мутрибий Самарқандий “Нусхаи зебойи Жаҳонгир” номли тазкирасида ғоят қимматли маълумот келтиради. Ироқ подшоҳларидан бири Абдуллоҳхон кутубхонасидаги “Нусхаи Ҳумоюний” номли қўлёзмадан кўчирма юборишларини илтимос қилиб мактуб йўллайди. Мазкур қўлёзмада Ҳумоюннинг тўрт рисоласи бор экан:
биринчиси, ислом ақидалари, иймон шартлари, уларни барча мўмин-мусулмонлар билмоғи кераклиги ҳақида;
иккинчиси, илми нужум — юлдузлар ва фалакиёт сайри, ой ва қуёшнинг манзиллари, етти иқлимдаги ҳолатлар, тўрт фасл таассуротлари, Ер куррасига оид жиҳатларга кўра расад тузиш ҳақида;
учинчиси, мусиқий илм, унинг маъҳазлари (манбаи), 12 мақом, 24 шўъба овозаси, 17 баҳр ва усулларни билиш ҳақида;
тўртинчиси, шеър илми, аруз фани, шеърдаги матбуъ (тушуниш осон, маъқул) ва масъуд (санъати безак ва моҳирона ёзилган), уларни билиш, қоидаларини англаб, изоҳлар бериш ҳақида.
Мутрибий ёзади: “Мен фақир бу шариф китобни (яъни “Нусхаи Ҳумоюний”ни) Абдуллоҳхон кутубхонасида кўрганман, муаллифнинг муборак хати(яъни дастхати)да битилган. Ниҳоятда беназир, тенги йўқ ва жуда кўнгилга ёқимли асар, ақлни ҳайрат ўраб олади”.
Қадрли мухлислар, сиз ўзингизнинг дастурингиз бўлган “Биз ва тингловчи” рукни остидаги ҳафталик эшиттиришининг янги сонини тинглаяпсиз.
Эслатиб ўтамиз, сиз ушбу эшиттиришлар орқали фикр- мулоҳаза ҳамда таклиф ва танқидларингизни радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz ва электрон манзилимиз uzbek@ ParsToday.com ҳамда мобайл апликешн орқали бизга юборишингиз мумкин.
Биз билан ушбу телефон рақами орқали ҳам боғланишингиз мумкин:+98939736 25 45 Машҳад шаҳри,
Қўнғироқларингизни кутиб қоламиз.
Эшиттиришимиз давом этади.
Адабиётшунослар унинг туркийдаги ижоди ва девон тузганлиги хусусида фикрлар билдирганлар. Масалан, ҳинд олими М.А.Ғани
«Ҳумоюннинг туркийни у қадар назар-писанд қилмаганлиги туфайли тил адабий давраларда тезда ўрнини йўқота бошлаган”лигини доир девонида бирорта ҳам туркий мисра учрамаслиги билан таъкидлайди.
Ваҳоланки, ижодкорнинг ўз она тилига “беписанд” муносабати ҳақидаги фикр муглақо асоссиз бўлиб, Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” тазкирасида: “Бу туркий матлаъ ҳам подшоҳнинг олий мақолотидандур:
Менки булбуддек гуледин куймишам оҳанг ила,
Ўт солибтур жонима рухсорае гулранг ила.
Унинг бадииятида Бобур руҳини сезиш қийин эмас. Зеро, отаси насиҳат этганидек: “...равшан ва пок алфоз била”, “сўзнинг яхшиси -қисқаси ва далиллисидур” асосида шеър битганлигини, юқорида зикр этилган матлаъ мазмунида кўриш мумкин. Сабаб адиб бор-йўғи бир байтнинг ўзида наср йўли билан ҳатто бир-неча сатрга сиғдириш нушкул бўлган кичик, лекин тугал маъноли “ҳикоя” баёнини жойлашга муваффақ бўлган.
Ҳозир эса тошкентлик мухлисларимиздан бири Ироданинг қилган талаби билан танишамиз. Тингловчимиз Ироданинг қилган талаби эди.
Қадрли мухлислар, "Биз ва тингловчи" рукни остидаги туркум эшиттириш билан ҳамкорликни янада фаоллаштирасиз деган умиддамиз. Бундан кейин ҳам Эрон радиоси орқали эфирга узатилаётган эшиттиришлар борасида қимматли маслаҳатларингизни бизга дариғ тутманг. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг