Биз ва тингловчи
Берунийнинг эъзозлаш куни
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Биз ва тингловчи" номланган ҳафталик эшиттиришнинг навбатдаги сони яна эфирда. Эронда шамсий йилнинг 13 шаҳривар куни буюк қомусий донишманд Абу Райҳон Берунийнинг эъзозлаш куни эълон қилинган. Бугунги суҳбатимиз ушбу олимнинг ҳаёти ва илмий фаолиятларига бағишланган. Бизни тинглаб борасиз деган умиддамиз.
Ўрта асрнинг буюк қомусий олими Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний замонасининг қатор фанлари: астрономия, физика, математика, геодезия, геология, минералогия, тарих кабиларни чуқур ўрганди. У Хоразмнинг қадимги пойтахти Кот шаҳрида туғилди ва ёшлигиданоқ илм-фанга қизиқиши орта борди. Беруний кейинчалик машҳур олим Абу Наср Мансур ибн Ироқ қўлида таълим олди. Ибн Ироқ астрономия, геометрия, математикага оид бир қанча асарлар ёзиб, шулардан 12 тасини Берунийга бағишлайди. Беруний она тили форс тилидан ташқари яна бир қанча тилларни: араб, сўғдий, сурёний, юнон ва қадимги яҳудий тилларини, кейинчалик Ҳиндистонда санскрит тилини ўрганади.
Ўз илмий асарларидан бирида ёзишича, у Хоразмда яшаган даврида, 990 йиллардан бошлаб Кот шаҳрида муҳим астрономик кузатишлар ўтказган. Бу кузатишлар учун ўзи астрономик асбоблар ихтиро этган. Хоразм зодагонлари орасида тахт учун бошланган курашлар олимнинг бу илмий ишларини давом эттиришга имкон бермаганлиги боис, 22 ёшида ватанини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлди ва бир қанча вақт Каспий денгизининг жануби-шарқий соҳилидаги Журжон шаҳрида муҳожирликда яшади. Сўнг қадимги Рай шаҳрига борди, 998 йиддан кейин яна Журжонга келди ва бу ерда ўзининг иккинчи устози табиб, астроном, файласуф Абу Саҳл Исо ал-Масиҳий билан танишиб, ундан таълим олди. Беруний «Осор ал-боқия ан ал-қурун ал-холия» («қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар») асарини Журжонда муҳожирлик даврида ёза бошлаган ва 1000 йилда тамомлаган. «Осор ал-боқия» Берунийга жуда катта шуҳрат келтирди, уни фаннинг ҳамма соҳасига қизиқувчи буюк олим эканини кўрсатди. Бундан ташқари Беруний Журжонда астрономия, нетрология тарихига оид 10 дан ортиқ асар езди. Беруний Хоразм¬нинг янги ҳукмдори Абу Аббос Маъмун II ибн Маъмун томонидан мамлакатнинг янги пойтахти Урганчга чақиртирилди. Хоразмшоҳ то¬монидан жуда катта иззат-икром билан қабул қилинди. Беруний Урганчда Маъмуннинг бевосита раҳнамолигида вужудга келган илмий марказда фаолият кўрсатди.
Беруний шоҳ Маъмун II нинг энг яқин маслаҳатчиси сифатида мамлакатнинг сиёсий ишларида ҳам фаол қатнашади.
Хоразмнинг Маҳмуд ғазнавий томонидан босиб олиниши Беруний ҳаётини хавф остига қўяди. У Хоразмшоҳ саройидаги барча олимлар билан бирга ғазна шаҳрига асир қилиб олиб кетилади. Берунийнинг 1017-1048 йилларда ғазнада кечирган ҳаёти, бир томондан ниҳоят оғир кечган бўлса, иккинчи томондан, унинг илмий фаоли-яти учун энг маҳсулдор давр бўлди. Берунийнинг «Хоразмнинг машҳур кишилари» асари ҳам шу даврда яратилган. Унинг муҳим астрономик-географик асари «Таҳдид ниҳоёт ал-амония ли тасҳиди масофат ал-масокин» («Турар жойлар орасидаги масофани текшириш учун жойларнинг охирги чегараларини аниқлаш» — «Геодезия») 1025 йилда ёзиб тугатилган. Берунийнинг «Мунажжимлик санъатидан бошланғич тушунчалар» асари ҳам 1029 йил ғазнада ёзилган. Асарнинг форсча, арабча нусхалари бизгача етиб келган. Унда ўша замон астрономияси билан боғлиқ бўлган бир қанча фанлар ҳақида муҳим маълумотлар берилган. Берунийнинг «Ҳиндистон» номли машҳур йирик асари «Таҳқиқ мо ли-л-Ҳинд мин маъқуда мақбула фи-л-ақл ав марзула» («Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш китоби») 1030 йилда ёзилган бўлиб, бу шоҳ асар ғарб ва Шарқ олимлари, шу жумладан, ҳозирги замон ҳинд олимлари томонидан юксак баҳоланган. Академик В. Р. Розен «Шарқ ва ғарбнинг қадимги ва Ўрта асрдаги бутун илмий адабиёти орасида бунга тенг келадиган асар йўқ», деб баҳо берган. Маҳмуд ғазнавийнинг Ҳиндистонга қилган юришларидан бирида шоҳга ҳамроҳ бўлган Беруний, у ерда санскрит тилини пухта ўрганиши ҳинд маданияти адабиёти ва Ҳиндистоннинг ўша давр олимлари билан яқиндан танишишга ҳамда бу мамлакат ҳақида ўлмас асар яратишга имкон берди. «Ҳиндистон» асари ёзиб тугатилган йили Маҳмуд ғазнавий вафот этди ва унинг ўрнига тахтта ўғли Масъуд ўтирди. Бу даврда Берунийнинг аҳволи анча яхшиланди. Астрономияга оид «Масъуд қонуни» асарини султон Масъудга бағишлади. Ўша аср олимларидан бири Ёқутнинг ёзишича: «Масъуд қонуни» китоби математика ва астрономия бўйича унгача ёзилган ҳамма китоблар изини ўчириб юборган».
Қадрли мухлислар, сиз ўзингизнинг дастурингиз бўлган “Биз ва тингловчи” рукни остидаги ҳафталик эшиттиришининг янги сонини тинглаяпсиз.
Эслатиб ўтамиз, сиз ушбу эшиттиришлар орқали фикр- мулоҳаза ҳамда таклиф ва танқидларингизни радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz ва электрон манзилимиз uzbek@ ParsToday.com ҳамда мобайл апликешн орқали бизга юборишингиз мумкин.
Биз билан ушбу телефон рақами орқали ҳам боғланишингиз мумкин:+98939736 25 45 Машҳад шаҳри,
Қўнғироқларингизни кутиб қоламиз.
Эшиттиришимиз давом этади.
Беруний ўз асарлари рўйхатини тузгандан кейин яна иккита муҳим китобини ёзган. Булардан бири «Минералогия»дир. Бу рисола ўз замонаси учун Марказий Осиё ва Яқин Шарқ; ҳатто Оврўпода ҳам минералогия соҳасида энг яхши, тенги йўқ асар ҳисобланади. Берунийнинг охирги асари — «Доривор ўсимликлар ҳақида китоб»ининг қўлёзмаси XX асрнинг 30-йилларида Туркияда топилди. Асар «Сайдона» номи билан машҳур, унда Беруний Шарқ, айниқса, Марказий Осиёда ўсадиган доривор ўсимликларнинг тўла тавсифини беради.
Беруний шогирди Абу-л Фадл ас-Серахсий маълумоти бўйича 11 декабр 1048 йилда вафот этган.
Беруний сўнгги авлодларга катта илмий мерос қолдирди. Берунийнинг ўз даври илм-фанининг турли соҳаларига оид 160 дан ортиқ таржималари, турли ҳажмдаги асарлари, ёзишмалари қолганлиги бизга маълум. Юқорида кўрсатиб ўтилган катта ҳажмдаги асарларидан ташқари астрономия, астрология, математика, геодезия, геология, минералогия, география, арифметика, тиббиёт, фармакогнозия, тарих, филология масалаларига оид қатор рисолалар яратди ва санскрит тилидан арабчага, араб тилидан санскрит тилига таржималар қилди, бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб шеърлар езди. «Астрологияга кириш», «Астрономия калити», «Жонни даволовчи қуёш китоби», «Икки хил ҳаракатнинг зарурлиги ҳақида», «Кўпайтириш асослари», «Птолемей «Алмагест»ининг санскритчага таржимаси», «Фойдали саволлар ва тўғри жавоблар», «Фарғоний «Элементлар»ига тузатишлар», «Турклар томонидан эҳтиёткорлик», «Оқ кийимлилар» ва карматлар ҳақида маълумотлар», «Шеърлар тўплами», «Ал-Муқанна ҳақидаги маълумотлар таржимаси», «Ибн Сино билан ёзишмалар» шулар жумласидандир.
Ҳозир эса доимий тингловчиларимиздан бири Пуладжоннинг радиомиз эшиттиришлари бобидаги суҳбатини биргаликда тинглаймиз.
Доимий тингловчиларимиздан бири Пуладжоннинг суҳбати эди.
Қадрли мухлислар, "Биз ва тингловчи" рукни остидаги туркум эшиттириш билан ҳамкорликни янада фаоллаштирасиз деган умиддамиз. Бундан кейин ҳам Эрон радиоси орқали эфирга узатилаётган эшиттиришлар борасида қимматли маслаҳатларингизни бизга дариғ тутманг. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.