Биз ва тингловчи
Абу Али ибн Синонинг эъзозлаш куни
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Биз ва тингловчи" номланган ҳафталик эшиттиришнинг навбатдаги сони яна эфирда. Эронда шамсий йилининг биринчи шаҳривар куни буюк аллома Абу Али ибн Синонинг эъзозлаш куни ҳисобланади. Бугунги суҳбатимиз ушбу буюк донишманднинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган. Бизни тинглаб борасиз деган умиддамиз.
Марказий Осиё халқлари маданиятини Ўрта аср шароитида дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири — Абу Али ибн Сино бўлиб, у Оврўпода Авиценна номи билан машҳурдир. Ибн Сино (асл исми Ҳусайн, отасининг исми Абдуллоҳ) Бухоронинг Афшона қишлоғида, ҳижрий 370 (980) йилнинг сафар ойида, амаддор оиласида туғилди. 986 йилда Ибн Сино оиласи Бухорога кўчиб келади ва шу вактдан бошлаб ёш Ҳусайн бошланғич маълумот олишга, илм-фанни ўрганишга киришади. Унинг ёшлиги, йигитлик чоғлари Сомонийлар ҳукмронлигининг сўнгги йилларига, хусусан, Нуҳ II ибн Мансур Сомоний хукмронлиги даври (976-997) га тўғри келади.
Ибн Сино истеъдодли, хотираси кучли, зеҳри ўткир бўлганлигидан ўз даврида маълум бўлган илмларни тездан эгаллай бошлади. 10 ёшидаёқ Қуръони каримни бошдан-оёқ ёд ўқир эди. 13 ёшларидан бошланғич математика, мантиқ, фиқҳ, фалсафа илмлари билан шуғуллана бошлайди. Ибн Сино ёш бўлишига қарамай, Абу Абдуллоҳ Нотилий раҳбарлигида фалсафани, Ҳасан ибн Нуҳ ал-Қумрийдан тиббиёт илмини ҳар томонлама ўрганади, аста-секин табиблик билан ҳам шуғулланади. У ўзидан аввал ўтган Шарқ мутафаккирларининг асарларини чуқур ўрганиш билан бирга, қадимги юнон табиий-илмий, фалсафий меросини, хусусан Аристотель, Евклид, Птолемей, Гален, Гиппократ, Пифагор, Порфирийларнинг асарларини ҳам қунт билан ўрганди. 16-17 ёшидаёқ Ибн Сино машҳур табиб — ҳаким бўлиб танилди. 999 йилда Бухоро қорахонийлар томонидан забт этилгач, Сомонийлар ҳокимияти инқирозга учради. 1000 йилда Ибн Сино Бухородан чиқиб кетди ва маданият марказларидан бири ҳисобланган Хоразмга борди, у ерда Хоразм ҳокими Али ибн Маъмун саройидаги олимларни бирлаштирган ўз замонасининг академиясига қабул қилинди. Ибн Сино Беруний, Ибн Мискавайҳ, Абу Саҳл Масиҳий, Абулхайр Ҳаммор, Абу Наср ибн Ироқ каби етук олимлар билан яқиндан танишди. Лекин бу даврда кучайиб бораётган Маҳмуд Ғазнавийнинг таъқибидан қочиб, Хоразмни ташлаб кетишга ва Хуросон, Эроннинг турли шаҳарларида сарсон-саргардонлиқда юришга мажбур бўлди. Абивард, Тус, Нишопур шаҳарлари орқали Журжон шаҳрига келган ибн Сино ҳоким Қобус ибн Вашмгир саройида машҳур табиб сифатида яшади, бўлажак шогирди Жузжоний билан танишди. 1019-21 йилларда Ҳамадонда вазир лавозимида хизмат қиларкан, ҳоким билан келиша олмай, 4 ой қамоқда ётиб чиқди. 1023 йилда Исфаҳонга қочди ва бутун умрини илмий асарлар ёзишга бағишлади. Ибн Синонинг «Китоб ал-қонун фит-тибб», «Китоб ун-нажот», «Китоб ул-инсоф» каби машҳур асарлари, геометрия, астрономия, ўсимлик, ҳайвонот олами, мантиққа оид рисолалари, «Ҳайй ибн Яқзон» фалсафий қиссаси сўнгги йилларда ёзилган. У Исфаҳонда расадхона қуриш билан машғул бўлди. Умрининг сўнгги йилларида феодал урушлар кучайиб кетганлиги, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ўзи ҳам фаол қатнашганлиги туфайли у Исфаҳон, Рай, Ҳамадон шаҳарлари орасида сарсон-саргардонлиқда юриб, 1037 йил 18 июнда 57 ёшида қулунж касаллигидан вафот этди.
Қадрли мухлислар, сиз ўзингизнинг дастурингиз бўлган “Биз ва тингловчи” рукни остидаги ҳафталик эшиттиришининг янги сонини тинглаяпсиз.
Эслатиб ўтамиз, сиз ушбу эшиттиришлар орқали фикр- мулоҳаза ҳамда таклиф ва танқидларингизни радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz ва электрон манзилимиз uzbek@ ParsToday.com ҳамда мобайл апликешн орқали бизга юборишингиз мумкин.
Биз билан ушбу телефон рақами орқали ҳам боғланишингиз мумкин:+98939736 25 45 Машҳад шаҳри,
Қўнғироқларингизни кутиб қоламиз.
Эшиттиришимиз давом этади.
Ибн Синонинг ҳаёт йўли ўзи ёзган таржимаи ҳоли ва шогирди Жузжоний томонидан қолдирилган манбалардан маълум. Ибн Синонинг илмий қизиқишлари, дунёқарашининг шаклланишида қадимги Шарқ маданияти, юнон илми, фалсафаси, Марказий Осиё халқларининг мустақиллик учун олиб борган курашлари муҳим роль ўйнади. Ибн Сино таржимаи ҳолида Форобийнинг «Метафизика мақсадлари», «Фусус ул-ҳикам» каби муҳим рисолаларини қунт билан ўрганганлиги, улардан кенг фойдаланганлигини таъкидлаб ўтади.
Ибн Сино асарларининг умумий сони 450 дан ошади, лекин бизгача фақат 160 га яқин асари етиб келган, холос. Кўп рисолалари шаҳарма-шаҳар кўчиб юриш, феодал урушлари, сарой тўполонлари, турли фалокатлар туфайли йўқолиб кетган. Кўп манбаларда Ибн Сино аввало табиб сифатида талқин этилади, ҳолбуки табобат унинг илмий соҳалари орасида энг муҳимларидан биридир. Ибн Сино асарларининг асосий қисми Яқин ва Ўрта Шарқнинг ўша давр илмий тили ҳисобланган араб тилида, баъзилари форс тилида ёзилган. Унинг бизга маълум бўлган катта асари «Китоб уш-шифо» («Шифо китоби») 22 жидддан иборат бўлиб, 4 та катта бўлимини мантиқ, физика, математика, метафизикага доир масалалар эгаллаган. Унинг айрим қисмлари лотин тилига, Оврўподаги бошқа тилларга, шарқ тилларига, шунингдек, рус, ўзбек тилларига таржима қилинган. 20 жилддан иборат бўлган «Китоб ул-инсоф» («Инсоф китоби») бизгача етиб келмаган, чунки Исфаҳондаги ёнғинда йўқолган. «Китоб ун-нажот» («Нажот китоби») 4 катта қисмдан — мантиқ, физика, математика, метафизикадан иборат, «Китоб лисон ул-араб» («Араб тили китоби») 10 жилдни ташил этади. «Донишнома» форс тилида ёзилган бўлиб, 4 қисмни — мантиқ, физика, математика, метафизикани ўз ичига олади (Рус тилига таржима этилган, бир қисми ўзбек тилида босилган).
Ибн Сино асарлари Ўрта асрларда Оврўпода илмий тил ҳисобланган лотин тилига, у орқали Оврўпонинг бошқа тилларига таржима этилган. Ибн Сино илмий рисолалардан ташқари, чуқур фалсафий мазмунли бадиий образлар ва маълум воқеалар орқали ифода этувчи «Тайр қиссаси», «Саломон ва Ибсол», «Ҳайй ибн Яқзон» каби фалсафий қиссалар яратган.
Ибн Сино замонасининг етук шоири ҳам бўлган. У Шарқ, хусусан, форс поэзиясида рубоий жанрининг асосчиларидан бири бўлиб, рубоийлари ўзида чуқур фалсафий хулосаларни ифодалайди. Ибн Сино арабча қитьалар ҳам ёзган (Унинг шеърий мероси қисман рус ва узбек тилларида нашр этилган). Ибн Сино табобат масалаларини оммабоп ҳолда назм билан изоҳловчи «Уржуза» номли тиббий асар яратди. Унинг Аристотель (Арасту) таълимоти хусусида Абу Райҳон Беруний билан ва ўзининг шогирди — озарбайжонлик мутафаккир Бахманёр билан ёзишмалари фан оламида машҳур. Айниқса, табобат, у билан боғлиқ ҳолда анатомия, психология, фармакология, терапия, хирургия, диагностика, гигиена каби илмлар Ибн Сино ижодида бир қанча янги ихтиролар билан бойиди ва янги босқичга кўтарилди. Булардан ташқари, кимё, минералогия, астрономия, математика, ўсимлик дунёси, геологик жараёнларни ўрганиш соҳасида ҳам у янги-янги фикрларни олға сура олди. Ибн Синонинг тиббиёт соҳасидаги асарларидан «Китоб ал-қонун фит-тибб» («Тиб қонунлари»), «Китоб ул-қуланж» («Ичак санчиқлари»), «Китоб ун-набз» («Томир кўриш ҳақида китоб»), «Фуж ул-тиббийа жориа фи мажлисиҳ» («Тиб ҳақида ҳикматли сўзлар»), «Тадбир ул-манзил» («Турар жойнинг тузилиши»), «Фил-ҳиндубо» («Сачратқи ўсимлиги ҳақида»), «Рисола фи-дастур ит-тиббий» («Тиббий кўрсатмалар ҳақида») каби асарлари мавжуд. Унинг тиббиётга оид қомусий асари «Китоб ал-қонун фит-тибб» 5та мустақил катта асардан таркиб топган: уларнинг ҳар бири маълум соҳани изчил, ҳар томонлама ёритиб беради.
Биринчи китобда тиббиётнинг назарий асослари, унинг предмети, вазифалари, бўлим ва методлари, касалликнинг келиб чиқиш сабаблари, белгилари, соғлиқни сақлаш йўллари, киши анатомияси ҳақида мазмундор, аниқлиги билан кишини таажжубда қолдирувчи қисқача очерк, соғлиқни қандай сақлаш кераклиги ҳақидаги таълимот (кейинчалик гигиена деб номланган) баён этилади.
«Қонун»нинг бу китобини ҳозирги замон ички касалликлар пропедевтикаси дарслигига тенглаштириш мумкин.
«Қонун»нинг оддий дориларга бағишланган иккинчи китобида 800 га яқин дорининг хусусиятлари, уларни тайёрлаш ва истеъмол қилиш усуллари баён этилган. Ибн Сино симоб, унинг бирикмаларини дори қилиб ишлатишни биринчи бўлиб тавсия этади.
Энди эса радиомиз эшиттиришлари ва сайтидаги материаллар бобида доимий тингловчиларимиздан бири Холиқжоннинг билдирган фикрларини биргаликда тинглаймиз.
Тингловчимиз Холиқжоннинг билдирган фикрлари эди.
Қадрли мухлислар, "Биз ва тингловчи" рукни остидаги туркум эшиттириш билан ҳамкорликни янада фаоллаштирасиз деган умиддамиз. Бундан кейин ҳам Эрон радиоси орқали эфирга узатилаётган эшиттиришлар борасида қимматли маслаҳатларингизни бизга дариғ тутманг. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.