октябр 22, 2017 13:51 Asia/Tashkent

Марказий Осиёга доир муҳим янгиликлар шарҳи

        Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

        Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  мен Аҳмаджон Сулаймонов эътиборингизга ҳавола этаман.

      Бугунги суҳбатимизда минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

     Бизни тинглаб боринг!

     Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. 15 октябр куни Қирғизистонда президентлик сайлови бўлиб ўтди
  2.  Қирғизистон Бутунжаҳон савдо ташкилотига Қозоғистон устидан  шикоят қилди.
  3. Туркманистон президенти мамлакатдаги биринчи гольф-клубни очди
  4.  БМТ Тожикистон аҳолисининг 30 фоизи етарли озиқ-овқатга эга эмаслигини маълум қилди.

Энди эса ушбу мавзуларнинг тафсилотларига ўтамиз.

     Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси 15 октябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайлови натижаларини эълон қилди. Унга кўра, Сооронбай Жээнбеков сайловчиларнинг 55 фоиз овозини тўплаб биринчи турда ғалаба қозонди. Сайлов бюллетенларининг 97 фоизи қайта ишланганидан кейин Сооронбай Жээнбеков Қирғизистонда бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонгани маълум бўлган. Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, бюллетенлар ҳисоблаб чиқилганидан кейин Сооронбай Жээнбековга сайловчиларнинг 55 фоизи овоз берган. Бу эса Сооронбай Жээнбековнинг биринчи босқичдаги ғалабасини таъминлайди. Омурбек Бабанов 33,3 фоизлик овозни қўлга киритди. Овоз беришнинг 1-босқичида сайловларда иштирок этганларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод президент этиб сайланган деб ҳисобланади. Маълум қилинишича, мамлакатда ҳаммаси бўлиб 3 млн 876 минг 985 киши овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган. Президент лавозими учун 11 номзод кураш олиб борди. Дастлаб 59 нафар номзод бўлган, бироқ кейинчалик уларнинг кўпчилиги сайловолди пойгасидан чиқиб кетган. Амалдаги президент Алмазбек Атамбоевнинг президентлик муддати 1 декабрда поёнига етади. Конституцияга кўра у янги муддатга сайлана олмайди. Мамлакат тарихида биринчи марта сайловлар электрон ахборот-сайлов тизими ёрдамида ўтказилди. Сайловолди кампанияси мобайнида кураш асосан икки номзод – Сооронбай Жээнбеков ва Омурбек Бабанов ўртасида кечди. Қирғизистон Республикаси собиқ бош вазири Сооронбай Жээнбеков Алмазбек Атамбаев асос солган ва президентликка сайлангунича етакчилик қилган «Қирғизистон социал-демократик партияси»дан номзод сифатида кўрсатилган.  Сооронбай Жээнбеков Қирғизистоннинг жанубий минтақасида туғилган. У 1958 йил 16 ноябрда Ўш вилоятида таваллуд топган. 2016 йилнинг апрелида Қирғизистон Республикаси Социал-демократик партияси ташаббуси билан Сооронбай Жээнбеков республиканинг бош вазири этиб тайинланди. 2017 йил май ойида Социал-демократик партиясининг сиёсий кенгаши уни президентликка номзод қилиб кўрсатди, мамлакат қонунчилигига кўра, Сооронбай Жээнбеков ҳукумат бошлиғи лавозимидан сайловда иштирок этиши туфайли расмий равишда истеъфога чиқди. Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, президентлик сайловларида ғалаба қозонган мамлакат собиқ бош вазири Сооронбай Жээнбеков аввалги маъмурият ишини давом эттириш ва жамиятда мавжуд бўлган қоидалар ҳамда ўзаро муносабатларни ўзгартирмасликка ваъда қилди. Қирғизистонда натижаларга эътироз бўлмаса, янги президент инаугурацияси 4 декабрга қадар ўтказилади. 

      Қирғизистон Бутунжаҳон савдо ташкилотига Қозоғистон устидан арз қилди. 17 октябр куни Қирғизистон ҳукумати Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги вазият бўйича Бутунжаҳон савдо ташкилоти Котибиятига мурожаат юборди. Қирғизистон республикаси Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар беришича, мурожаатнинг юборилишига Қозоғистон томонидан тарифлар ва савдо тўғрисидаги умумий битимнинг асосий меъёрлари ва Бутунжаҳон савдо ташкилотини таъсис этиш тўғрисидаги келишувнинг бузилиши сабаб бўлган. «Сизга шуни маълум қиламизки, 10 октябрь куни Қозоғистон Республикаси Қирғизистон-Қозоғистон ва Россия-Қозоғистон давлат чегараларида тўсатдан қўшимча назорат чораларини қўллади. Қайд этиш жоизки, Қозоғистон томонидан қўшимча назорат чоралари жорий этилгандан кейин «Ак-Жол» ва «Ак-Тилек» асосий ҳамда энг катта назорат пунктларида Қирғизистондан келган фуқаролар ва транспорт воситаларининг ўртача сони кунига 2,4 мартага камайган. Қирғизистон Қозоғистон Республикаси каби Бутунжаҳон савдо ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади ҳамда Бутунжаҳон савдо ташкилоти доирасида ўз ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилади», - дея хабар берди матбуот хизмати. 10 октябрдан бошлаб Қозоғистон ва Қирғизистон чегарасида текширувлар кучайтирилди. Натижада, Қозоғистон билан чегарани кесиб ўтувчи фуқаролар, юклар ва транспортнинг катта навбатлари пайдо бўлди. Учта назорат пунктида улкан навбатлар ва автомобил тирбандлари пайдо бўлди. Қозоғистон расмий маълумотига кўра, ушбу чора "Евроосиё иттифоқи қонунчилигини бажариш ва ноқонуний маҳсулотлар импортини чеклаш мақсадида" амалга оширилган.

    Туркманистон президенти мамлакатдаги биринчи гольф-клубни очди. Ашхободда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иштирокида мамлакатдаги биринчи гольф клубининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туркманистон давлат раҳбари матбуот хизмати ҳабар берди. 70 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган янги комплекс пойтахтнинг жанубий-ғарбий қисмида, «Юлдуз» меҳмонхонасининг ёнида жойлашган. Туркманистондаги биринчи гольф клуби тантанали очилишидан сўнг мамлакатдаги илк кўргазмали мусобақа бўлиб ўтди. Мусобақа иштирокчилари орасида афсонавий гольфчи, гольф-майдончалари дизайнери ва яхши ният элчиси Жек Никлаус ҳам бор эди. Айнан унинг компанияси - «Nicklaus design» - Ашхободда биринчи гольф-майдонини яратиш учун лойиҳа-консалтинг ишларини олиб борди. Ушбу мусобақада Жек Никлаусанинг шериги 1978 ва 1985 йилда АҚШ очиқ турнирларида икки маротаба ғолиб чиққан Энди Норт бўлди. Гольфчиларнинг иккинчи жуфтлигига эса PGA чемпионати ва Британия очиқ мусобақаси ғолиби Ник Прайс, шунингдек, АҚШ очиқ чемпионати ва PGA ғолиби Ларри Нельсон кирди.

      БМТ Тожикистон аҳолисининг 30 фоизи етарли озиқ-овқатга эга эмаслигини маълум қилди. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ва Миграция бўйича халқаро ташкилоти Тожикистоннинг Нурек шаҳрида Бутунжаҳон озиқ-овқат кунига бағишланган тадбир ўтказди. «Миграция оқимларининг келажагини ўзгартирамиз. Озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ ривожига сармоя киритамиз» шиори остида ўтказиладиган тадбир қисқа театр томошалари, пазандалик танловлари ва мактаб ўқувчилари ўртасида сурат чизиш орқали озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда қишлоқ туманлари ривожи ўртасидаги боғлиқликни алоҳида таъкидлаб ўтди.  «Бутунжаҳон озиқ-овқат куни бизга шуни эслатадики, турли давлатларда озиқ-овқат жуда кўп миқдорда бўлгани ҳолда, кўплар учун ундан фойдаланиш ҳамон доимий кураш саналади. Озиқ-овқат хавфсизлигининг йўқлиги даромад олиш учун имкониятлар қидириш мақсадидаги миграция учун кўп ҳолатларда асос бўлади», - дея айтиб ўтди БМТ Миграция бўйича халқаро ташкилотининг Тожикистондаги миссияси раҳбари Драган Алексоски. Тожикистонда 2004 ва 2016 йиллар оралиғида етарли даражада озиқ-овқати бўлмаган инсонлар 41,5% дан 30,1% гача камайган, аммо қамраб олинган шахслар сони унчалик катта миқдорда қисқармади. «Тожикистонга етарли даражада озиқ-овқат истеъмол қилмаслик ҳар йили 41 миллион долларга тушади», - дея айтиб ўтди БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг Тожикистондаги директори Паоло Маттей. «Шу боис, болаларнинг овқатланишига соғлом ва ўқимишлироқ авлод ҳамда, фаровон келажак учун сармоя киритиш жуда муҳимдир».

     Муҳтарам тингловчилар, "Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонига ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.    Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

Ёрлиқ