ноябр 11, 2017 19:39 Asia/Tashkent

Марказий Осиёга доир муҳим янгиликлар шарҳи

        Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

        Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  мен Аҳмаджон Сулаймонов эътиборингизга ҳавола этаман.

      Бугунги суҳбатимизда минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

     Бизни тинглаб боринг!

     Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Қозоғистон ва Россия ўртасида 10 та ҳукуматлараро битим имзоланади
  2. Қозоғистонда журналистларнинг саволларига беписандлик билан қараган амалдорларнинг маошлари камайтирилади
  3. Қирғизистоннинг сайланган президенти Сооронбай Жээнбеков  парламент сайловлари ўтказилиши борасидаги муносабат билдирди
  4. Қирғизистон Бош прокуратураси Қирғизистон президенти сайловида иштирок этган номзод Омурбек Бабановга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълум қилди

Энди эса ушбу мавзуларнинг тафсилотларига ўтамиз.

      Россия ва Қозоғистон пайшанба куни ХIV Минтақалараро ҳамкорлик форуми майдонида 10 та ҳукуматлараро битимни имзолашни режалаштирмоқда. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев РФ президенти Владимир Путин билан кечган учрашувда шу ҳақида маълум қилди. "Минтақалараро ҳамкорлик - бу мамлакатларимиз иқтисодий ҳамкорлигининг асоси", - деди Назарбоев. Унинг сўзларига кўра, Россия ва Қозоғистон ўртасидаги товар айланмаси сўнгги тўққиз ойда 31 фоизга ошган. "Маълумки, вазирликларимиз 30 та ҳукуматлараро битим устида ишлашган, улардан 10 тасини имзолаймиз", - дейди Қозоғистон президенти. Путин Назарбоевни Россиянинг саноат марказларидан бири ҳисобланган Челябинскда кўрганидан хурсанд эканини таъкидлади. Қозоғистон президенти бу шаҳар унинг ёшлигидаги хотиралари билан боғлиқлигини таъкидлади. "Ўз вақтида бу ердаги барча йирик корхоналарда бўлганман. Магнитогорск металлург комбинати ўша пайтлар 20 миллион тонна пўлат ишлаб чиқарарди; дунёдаги ҳеч бир завод бунча пўлат ишлаб чиқармасди. Биз шу ерда ўқиганмиз, шу ерда мутахассис бўлганмиз", - деб айтди Назарбоев.

 

    Қозоғистонда журналистларнинг саволларига беписандлик билан қараган амалдорларнинг маошлари камайтирилади. Қозоғистонда журналистларнинг саволларига бефарқлик қилиб, уларга жавоб бермайдиган мансабдор шахсларнинг рейтинги пасайтирилади, бу эса уларнинг маошларига таъсир қилади. Бу ҳақда Қозоғистон ахборот ва коммуникациялар вазири Даурен Абаев маълум қилган. Абаевнинг айтишича, давлат хизматчиларининг маошлари улар фаолиятининг самарадолигини баҳолашнинг бонус-балл тизимига боғлаб қўйилади. “Агар давлат хизматчиси саволларга жавоб бермаса, унинг рейтинги пасаяди, бу эса унинг камроқ маош олишига олиб келади”, деб айтган Абаев. Абаевга кўра, ОАВ кўпинча “хўжакўрсин” жавоблар олишларидан шикоят қилишади. Вазирнинг таъкидлашича, давлат органи уч кун ичида маълумотни қайта ишлаб, нормал жавоб беришга улгура олмайди. “Шу сабабли биз 15 кунлик амалиётдан келиб чиқдик, ваҳоланки бу жараён бутун дунёда 20 кундан бир ойгача вақт олади. Ўйлайманки, бунда ҳеч қандай қўрқинчли нарса йўқ”, деб қўшимча қилган вазир. Унинг таъкидлашича, вазирлик бу муддатнинг қисқартирилиши масаласини муҳокама қилишга тайёр.  Қозоғистон парламенти депутатлари 8 ноябрда ахборот ва коммуникациялар масалалари бўйича тузатмалар киритиш қонун лойиҳасини маъқуллаганлар. Таъкидланишича, қонун лойиҳасига кўра, давлат органлари журналистларнинг саволларига 15 кун ичида жавоб беришлари керак бўлади. Таъкидланишича, бу муддат “ҳар қандай саволга жавоб бериш”ни чўзиб юборишга имкон беради ва натижада ярим ойдан кейин ахборот эскириб на ОАВ, на аҳоли учун қизиғи қолмайди.  

     Сооронбай Жээнбеков парламент сайловлари ўтказилиши борасидаги фикрлари билан бўлишди. Қирғизистоннинг сайланган президенти Сооронбай Жээнбеков РИА “Новости” ахборот агентлигига берган интервьюсида парламентнинг муддатдан аввал тарқатилиши ва янги парламент сайловлари ўтказилишининг қанчалик мақсадга мувофиқлиги борасидаги ўз муносабатини билдирди. “Парламентнинг тарқатилишига олиб келиши мумкин бўлган бирор сиёсий инқироз аломатлари кўринмаяпти. Янги парламент сайловлари ўтказиш учун жиддий асослар бўлиши керак”, деб айтган Жээнбеков. У шунингдек декабрдан кучга кирувчи, президент ваколатларини қисқартирувчи конституцияга бир қатор тузатмаларга изоҳ бериб ўтди ва бош вазир Сапар Исаков билан биргаликда қанчалик ишлаб кета олишлари ҳақидаги саволга жавоб берди. “Конституция бўйича президентда ваколатлар талайгина. Давлат раҳбаридан бошқа ҳеч ким давлат органлари мустақиллигига зиён етказмаган ҳолда уларнинг ўзаро фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вазифани бажара олмайди. Тузатмалар кучли президент, кучли парламент, барқарорроқ ҳукумат, мустақил ва аввалгидан кўра масъулиятлироқ суд тизими бўлишига қаратилган”, деб айтди Жээнбеков. “Бизда кучли жамоа бор. Қирғизистоннинг янги ҳукуматида кўп ёш профессионаллар бор ва улар жиддий ислоҳотларни ният қилганлар. Жамоамиз ишлашни билади. Мен бош вазир бўлганимда, биз иқтисодиётнинг 12 фоизга ўсишига эриша олганмиз”, деб қўшимча қилди Жээнбеков. “Фикримча, Сапар Исаков билан ҳам бир жамоа бўлиб шундай муваффақиятли ишлай оламиз. Ёш ҳукумат айни вақтда кучли кўмакка муҳтож. Агар президент ислоҳотлар кафили бўлса, бош вазир олға интилтирувчи куч, мотор бўлиши керак”, деб таъкидлаб ўтган Жээнбеков.

       Қирғизистон Республикаси Бош прокуратураси Жоқорғу Кенеш депутати Республика - Ата Журт парламент фракцияси раҳбари Қирғизистон президенти сайловида иштирок этган номзод Омурбек Бабановга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълум қилди. Хабарда, Жоқорғу Кенеш депутати Омурбек Бабанов ва бошқа шахсларга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг "оммани конституциявий тизимни куч ишлатиш йўли билан ўзгартиришга даъват қилиш" ҳамда "миллий, ирқий ва диний адоватни қўзғатиш" моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилганлиги қайд этилган. Бу ерда гап Бабановнинг Ўш шаҳри "Амир Темур" микрорайони аҳолиси билан 28 сентябр куни ўтказган сайловолди ташвиқотлари ҳақида бормоқда дейилади прокуратура хабарида. Қирғизистон Республикаси Бош прокуратураси изоҳига кўра, Омурбек Бабанов йиғилганлар олдида нутқ сўзлар экан, аҳоли орасида ўзбеклардан кўпроқ овоз олиш мақсадида, ўзбек миллатига мансуб шахсларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётгани, мамлакатда мавжуд миллатлараро тенгсизлик ҳамда давлат органлари томонидан ўзбек миллатига мансуб шахсларга нисбатан бўлаётган босимлар тўғрисида фикрларини билдирган ва шундан сўнг йиғилганларни ушбу ҳолатга нисбатан фаол тарзда қаршилик кўрсатишга чақирган. Қайд этилишича, филологик-сиёсий экспертиза Омурбек Бабановнинг омма олдида сўзлаган ушбу нутқида миллатлараро низо қўзғаш, одамларни амалдаги ҳокимиятга итоатсизлик қилишга ундаш ва уни ағдаришга қаратилган даъватлар борлигини аниқлаган. Бундан ташқари, Давлат суд-эксперт хизмати хулосасига мувофиқ, Омурбек Бабановнинг электрон оммавий ахборот воситаларида чоп этилган ушбу чиқишида монтаж ҳолатлари аниқланмаган. Бабановнинг штаби эса ижтимоий тармоқлардаги ушбу видеолавҳа монтаж маҳсули экани ҳақида баёнот беришган эди. Омурбек Бабанов Қирғизистонда 15 октябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловида номзод сифатида иштирок этди. У 33,5 фоиз овоз тўплаган ҳолда иккинчи ўринни эгаллади. Президентлик сайловининг биринчи турида Қирғизистон социал-демократик партияси номзоди Сооронбай Жээнбеков сайловчиларнинг 54,2 фоиз овозини олиб ғалаба қозонганди. 

     Муҳтарам тингловчилар, "Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонига ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.  Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.