ноябр 13, 2017 14:06 Asia/Tashkent

Ислом ҳамиша инсонларнинг ўзаро дўст-аҳил яшашларини истайди. Ҳар бир шахс жамият манфаати ва саодати йўлида жон куйдирмоғи лозим. Ўшанда адолат қарор топади, кўнгиллар хотиржамлик туяди ва биродарлик ришталари мустаҳкамланиб, аҳиллик кучаяди. Бироқ ҳар бир шахс ўзи учун хоҳлаётган тинчлик, саодат ва бошқа яхши неъматларни биродарига ҳам чин дилдан тиламаса, бундай аҳил-иноқ жамият вужудга келмайди.

Ислом ҳамиша инсонларнинг ўзаро дўст-аҳил яшашларини истайди. Ҳар бир шахс жамият манфаати ва саодати йўлида жон куйдирмоғи лозим. Ўшанда адолат қарор топади, кўнгиллар хотиржамлик туяди ва биродарлик ришталари мустаҳкамланиб, аҳиллик кучаяди. Бироқ ҳар бир шахс ўзи учун хоҳлаётган тинчлик, саодат ва бошқа яхши неъматларни биродарига ҳам чин дилдан тиламаса, бундай аҳил-иноқ жамият вужудга келмайди.

Аллоҳ таоло бандаларини «ухувват»га, яъни бир-бирларига биродар, дўст бўлишга буюрган. Ухувват – Ислом биродарлиги, дин қардошлиги, қондошлиги, барча мўмин-мусулмонларнинг бир-бирларига хайрихоҳлиги, дўстлиги, севгиси, шафқати, ёрдами демакдир.  У бошқа бирон қавм ёки миллатга раво кўрилмаган, муносиб топилмаган улуғ бир илоҳий ҳадядир.  Аллоҳнинг амри ўлароқ мусулмонларга ато этилган неъматдир.  Аллоҳ таоло Қуръони карим Ҳужурот муборак сураси 10 ояти каримада буюрган:

Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз. Шунингдек Қуръони карим Тавба муборак сураси 71 ояти каримада ӯқиймиз:  Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.(Бу васфлар мунофиқлар ҳақида келган васфга тамоман зид эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Мунофиқларнинг бир хил эканликлари, улар доимо бир-бирларига ўхшашлари таъкидланган бўлса, мўминларнинг ўзаро дўст-валий эканликлари айтилмоқда.)

Ислом таълимотларида мӯмин кишининг васфида бу сифатлар келган:

Ўзи учун хоҳлайдиган хайрли-ҳалол нарсаларни ва тоат-ибодат амалларини биродарига ҳам соғиниш. Ўзининг бошига тушишини истамаган ёмонлик ва маъсиятдан биродарларининг ҳам омон юришини тиламоқ.

Ўзи учун бировлардан инсоф-адолат талаб қилганидек, биродарига нисбатан ҳам ҳамиша адолатли бўлиб, унинг ҳақ-ҳуқуқларини тўла адо этиш.

Комил имон эгасининг яхшилик тилашию ёмонликдан сақланишни исташи нафақат мусулмонларга нисбатан бўлади. Балки у ғайридинларга ҳам яхшиликни, хусусан имон яхшилигини тилайди. Фосиқ кимсанинг бузуқликларидан тийилиб, имон неъматидан баҳраманд бўлишини истайди

Хайрли амалларда биродарлар билан мусобақалашмоқ имон камолидандир. Ухровий фазилатларда бошқалардан ўзиб кетишга ҳаракат қилиш ва шу неъматни Парвардигордан сўраб илтижо қилиш айб ёхуд ҳасад дейилмайди. Аксинча, бу имон комиллигининг аломатидандир.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган Эрон Ислом жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги халқаро радиосидан  “Ҳаётий муаммолар калиди” эшиттиришини  тинглаяпсиз.  Радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/ uz орқали хоҳлаган пайтда эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига эгасиз. Радиомизнинг электрон манзили   [email protected]    

Ҳадиси шарифда ҳар бир муслим ўз биродарига яхшилик исташи таъкидланган. Мазкур олий сифат мўминнинг чин имон соҳиби ва чиройли мусулмон эканини билдиради. Сиз ўзингизга яхши кўрган хайрли нарсаларнинг бировларга ҳам бўлишини хоҳласангиз, сизга ҳам бошқалар худди шундай муносабатда бўла бошлайдилар.

Пировардида, ўзаро аҳил-иноқ жамият вужудга келади. Бундай соғлом муҳитда ҳаёт ўз изига тушиб, зулм-адоват барҳам топади. Хусусан, ҳар бир шахс кўпчилик манфаатини ўйлаб ҳаракат қилса, эл-улус қувончини ўз бахтидек кўриб, унинг ғамидан оромини йўқотса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам таърифлагандек ҳолат юзага келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Мўминларни ўзаро раҳмдиллик, дўстлик ва ҳамдардлик қилишликда бир аъзоси оғриса, қолган барча аъзолари биргаликда уни ҳимоя қилиб дарддан халос бўлишига кўмаклашувчи бир тана кабидир деб билгин!”[6], – деганлар.