Нур томон йӯл-758
758-қисм« Аҳзоб " муборак сураси 51-54-ояти карималарининг шарҳи.
Суҳбатимиз ибтидосида «Аҳзоб " муборак сураси 51-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
تُرْجِي مَن تَشَاءُ مِنْهُنَّ وَتُؤْوِي إِلَيْكَ مَن تَشَاءُ ۖ وَمَنِ ابْتَغَيْتَ مِمَّنْ عَزَلْتَ فَلَا جُنَاحَ عَلَيْكَ ۚ ذَٰلِكَ أَدْنَىٰ أَن تَقَرَّ أَعْيُنُهُنَّ وَلَا يَحْزَنَّ وَيَرْضَيْنَ بِمَا آتَيْتَهُنَّ كُلُّهُنَّ ۚ وَاللَّـهُ يَعْلَمُ مَا فِي قُلُوبِكُمْ ۚوَكَانَ اللَّـهُ عَلِيمًا حَلِيمًا ﴿٥١﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Улардан хоҳлаганингни нари қўйиб, хоҳлаганингни Ўзингга олурсан. Ўзинг четлатганлардан бирортасини истасанг, сенга гуноҳ бўлмас. Шундай бўлиши уларнинг кўзлари қувончга тўлиши, хафа бўлмасликлари ва ҳаммаларининг сен уларга берган нарсадан рози бўлишларига яқинроқдир. Аллоҳ қалбларингиздаги нарсани биладир ва Аллоҳ ўта билгувчи ва ўта ҳалим зотдир. (Расулуллоҳ (с. а. в.) аёллари билан навбатма-навбат ётар эдилар. Мабодо навбатни бузишга эҳтиёж чиқиб қолса, навбати келган онамиздан, фалончининг олдида тунашимга изн берасанми, деб сўрар эдилар. Бу оятда эса, сўрамасдан ҳам, ўзлари нимани истасалар, қилаверишга ҳақлари бор эканлиги баён қилинмоқда. Бу ҳам, фараз маъносида олсак, ўз нафсини ҳадя қилган аёлни олдин рад этиб, кейин яна хоҳлаб олганинг сенга гуноҳ бўлмас, маъноси чиқади. Ёки завжаларингдан бирортасига навбатида кирмай қўйган бўлсанг, истаган пайтингда кираверасан, маъноси чиқади. Чунки бу ишларни Аллоҳнинг амри билан қилаётганингни билганларидан кейин, аёлларингнинг кўзлари қувончга тўлади, хафа бўлмайдилар ва рози бўладилар.) (51)
Ӯтган суҳбатимизда Аллоҳнинг расули (с) ҳазрат Хадича вафот этган чоғи 53 ёшда эдилар, бу воқеадан сӯнг ул ҳазрат бир неча аёлларга уйландилар, деб айтган эдик. Расулуллоҳнинг айрим никоҳлари ул ҳазратга қариндошлик бахтига мушарраф бӯлиш орзусидаги айрим қабилаларнинг истаги асосида амалга ошган эди. Никоҳларининг айримлари эса бева-бечора аёлларни ӯз ҳимояларига олиш мақсадида эди. Қайд қилиш жоизким, ул ҳазратнинг аёллари ҳазрат Оишадан ӯзга барчалари бева аёллар эдилар.
Баъзи аёллар маҳрия олмасдан Расулуллоҳга тегишга рози эдилар. Бу ояти каримада Аллоҳ таъоло ул ҳазратга вақтларини аёллари ӯртасида ӯзлари лозим деб билган ва аёлларини хурсанд қиладиган бир тарзда тақсимлаш ижозатини берди.
Табиийки, аёлларидан ҳар бири Расулуллоҳдан нималарнидир кутади ва рисолат масъулиятининг ӯта оғирлиги уларнинг ҳаммасини бажаришга имкон бермаслиги мумкин. Аммо ул ҳазрат имкон қадар аёлларининг бу талабларини бажаришга ҳаракат қилганлар. Зеро, аёлнинг қаноатмандлиги инсон осойишталигининг муҳим омилидир.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Диний ва ижтимоий масъулиятларнинг оғирлиги оилавий масъулиятни бажаришга тӯсқинлик қилмаслиги керак.
- Эркакнинг зиммасида оғир ижтимоий масъулият бӯлган пайти, оила аъзолари, айниқса уй бекаси унинг ҳолатини тушунишга ҳаракат қилмоғи лозим.
- Аёлининг ғам-ғуссадан йироқда, қувноқ ва қаноатманд яшаши учун тинч-тотув шароитни яратиш эркакнинг вазифасидир.
Энди «Аҳзоб" муборак сураси 52-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз
. لَّا يَحِلُّ لَكَ النِّسَاءُ مِن بَعْدُ وَلَا أَن تَبَدَّلَ بِهِنَّ مِنْ أَزْوَاجٍ وَلَوْ أَعْجَبَكَ حُسْنُهُنَّ إِلَّا مَا مَلَكَتْ يَمِينُكَ ۗ وَكَانَ اللَّـهُ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ رَّقِيبًا ﴿٥٢﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Сенга бундан бошқа аёллар ҳалол бўлмас ва уларга бошқа завжаларни алмаштиришинг ҳам бўлмас. Агар ўшаларнинг ҳусни сени ажаблантирса ҳам. Магар қўлингда мулк бўлган (чўри) бўлса мумкин. Аллоҳ ҳар бир нарсани кузатиб тургувчи зотдир. (52)
Расулуллоҳ аёллари ҳақидаги мавзунинг давоми сифатида бу ояти каримада ул ҳазратга тегиш истагини билдирган аёлларга рад жавобини бериш ҳақида буюрилади: Эй, пайғамбар! Никоҳ ҳақидаги бошқа ҳеч бир истакка мусбий жавоб берманг ва Аллоҳ мени яна уйланишдан қайтарган, деб айтинг. Ҳозирги аёлларингиздан бирортасини талоқ қилиб, янги аёлга уйланишни тавсия қилишса ҳам, ҳатто аёл ёш ва чиройли бӯлса ҳам розилик билдирманг.
Тарихнинг гувоҳлик беришича Расули акрам (с) ёшроқ хотинга уйланиш учун аёлларидан бирортасини талоқ қилмаганлар.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Пайғамбаримиз (с) нинг ҳақликлари ва Қуръони каримнинг Илоҳий китоб эканлигининг далилларидан бири Расулуллоҳни чекловчи айрим оятлардир. Қуръон пайғамбар томонидан ёзилган китоб бӯлганида унда бунақа чекловлар учрамаган бӯларди.
- Аёлига эътиборсизлик ёхуд ёш ва чиройли хотинга уйланиш учун аёлини талоқ қилиш амали Аллоҳ томонидан қайтарилган амалдир.
Энди «Аҳзоб" муборак сураси 53-54-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَدْخُلُوا بُيُوتَ النَّبِيِّ إِلَّا أَن يُؤْذَنَ لَكُمْ إِلَىٰ طَعَامٍ غَيْرَ نَاظِرِينَ إِنَاهُ وَلَـٰكِنْ إِذَا دُعِيتُمْ فَادْخُلُوا فَإِذَا طَعِمْتُمْ فَانتَشِرُوا وَلَا مُسْتَأْنِسِينَ لِحَدِيثٍ ۚ إِنَّ ذَٰلِكُمْ كَانَ يُؤْذِي النَّبِيَّ فَيَسْتَحْيِي مِنكُمْ ۖ وَاللَّـهُ لَا يَسْتَحْيِي مِنَ الْحَقِّ ۚ وَإِذَا سَأَلْتُمُوهُنَّ مَتَاعًا فَاسْأَلُوهُنَّ مِن وَرَاءِ حِجَابٍ ۚ ذَٰلِكُمْ أَطْهَرُ لِقُلُوبِكُمْ وَقُلُوبِهِنَّ ۚوَمَا كَانَ لَكُمْ أَن تُؤْذُوا رَسُولَ اللَّـهِ وَلَا أَن تَنكِحُوا أَزْوَاجَهُ مِن بَعْدِهِ أَبَدًا ۚ إِنَّ ذَٰلِكُمْ كَانَ عِندَ اللَّـهِ عَظِيمًا ﴿٥٣﴾ إِن تُبْدُوا شَيْئًا أَوْ تُخْفُوهُ فَإِنَّ اللَّـهَ كَانَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمًا ﴿٥٤﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Эй иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг. Магар таомга изн берилганида, унинг пишишига мунтазир бўлмайдиган бўлиб (киринг). Лекин чақирилсангиз, киринг-да, таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб, (қолиб) кетманг. Албатта, бундай қилишингиз Набийга озор берадир. У эса, сизлардан ҳаё қилардир. Аллоҳ ҳақни (айтишдан) ҳаё қилмас. Қачонки улардан бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўранг. Шундай қилмоғингиз ўз қалбларингиз учун ҳам, уларнинг қалблари учун ҳам покроқдир. Сиз учун Расулуллоҳга озор бериш ва ундан кейин унинг жуфтларини никоҳингизга олишингиз ҳеч қачон мумкин эмас. Албатта, бундай қилмоғингиз Аллоҳнинг наздида катта (гуноҳ)дир. (Яъни, таом учун сизга изн берилганида, киришингиз билан таомни еб қайтиб чиқиб кетинг. Пайғамбарнинг (с. а. в.) аёлларидан бирор нарсани сўрасангиз, олдиларига кириб эмас, парда ортида туриб сўранг. Пайғамбарга (с. а. в.) озор бермоғингиз, у зотнинг хотинларига у кишидан кейин уйланмоғингиз катта гуноҳдир.) (53) Гар бир нарсани ошкор қилсангиз ҳам, махфий қилсангиз ҳам, албатта, Аллоҳ барча нарсани ўта билгувчи зотдир. (Жумладан, ким Пайғамбардан (с. а. в.) кейин у зотнинг аёлларига уйланаман деб ўйлаб юрибди, ким бу ҳақда гапириб юрибди, ҳаммасини яхши билади.) (54)
Бу ояти карималарда айрим ижтимоий одоблар, жумладан меҳмонга бориш одоби баён қилиниб, буюрилади: а)Чақирилмаган хонадонга борманг.
б) Чақирилган жойга ӯз вақтида етиб боринг. Яъни чақирилган уйга айтилган вақтда бориб, овқатланиб бӯлгач, дарров қайтинг.
в) Бировнинг уйига чақирилмаган бӯлсангиз, аммо зарурат юзасидан боришингиз лозим бӯлса, эшикнинг орқасида туриб, яъни уйнинг ичига бош суқиб, аҳлу аёлининг тинчлигини бузмасдан мақсадингизни баён қилинг. Амалингиз тақвонинг чорчӯбасидан тажовуз қилмасин.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Ижтимоий одоб ва ахлоқ нормаларига риоя қилиш иймонлиликнинг белгисидир.
- Хонадон маҳрамона бир муҳитдир. Ҳеч кимга бировнинг хонадонига уй эгаларининг ижозатсиз кириб бориш ҳуқуқи берилмаган.
- Меҳмон кутиш ва меҳмонни иззат-эҳтиром қилиш ислом ва динимиз пешволарининг тавсиясидир. Аммо меҳмон уй эгасининг озорланишига сабаб бӯлмаслиги керак.
- Ҳижоб ҳамда ижтимоий муносабатларда аёл ва эркаклар учун махсус ҳад-ҳудудларнинг белгиланиши уларнинг покдомонлигини асраш ва уларни турли хил озор-азиятлардан ҳимоялаш учундир.