август 20, 2016 20:07 Asia/Tashkent

Мирзо Бедилнинг ҳаёти ва ижодиёти

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги суҳбатимизда  ҳам буюк шоир ва файласуф  Мирзо Абдулқодир Бедилнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида сўз юритамиз.  Бизни тинглаб боринг.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда «оммавий маданият» деган ниқоб остида аҳлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни йўқ қилишга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди.

     Файласуф, шоир ва мутафаккир Мирзо Абдулқодир Бедилнинг фалсафий қарашлари узоқ йиллар давомида Шарқ, мамлакатларида, хусусан Марказий Осиёда кенг ўрганилиб келинган. Бедил ижодидаги ўзига хос ёндошув, жумладан диний дунёқараш билан дунёвий қарашларни бир бутунликда олиб, борлиқни талқин этилиши ҳамма замонда муайян бир жиҳатдан ўрганилиб келиниишига асос бўлади. Тоталитар тузум мафкураси ҳукмрон бўлган даврларда Бедил ижодини ўрганилишда асосий эътибор, унинг рамзий ишоралар билан яратилган асарларидан атеистик руҳда талқин қилинишига қаратилган эди. Табиат, борлиқ, олам ва одам муносабатлари масаласида ҳам материалистик, атеистик қарашларнинг таъсири кўпроқ кўзга ташланади.

Жаҳон адабиётининг беназир даҳоларидан бири Мирзо Абдулқодир Бедил форс адабиётини тасхирнопазир чўққига кўтара олган буюк мутафаккир шоирдир. У нафақат ўзидан кейинги форсийзабонлар адабиётига, балки урдузабонлар, паштунзабонлар ва туркийзабонлар адабиётига ҳам ўзининг кенг кўламли таъсирини ўтказа олган баржаста мутафаккирдир. Бедил ўзининг «Девони ашъор», «Девони рубоиёт», «Тилисми ҳайрат», «Тури маърифат», «Муҳити аъзам», «Ирфон», «Нукот», «Чор унсур», «Руқаъот» каби ўлмас асарлари билан улкан маърифат қулзумини яратди.

Ҳали тириклигидаёқ орифлар ва олимлар томонидан «Абулмаъоний»(маънолар отаси) деб ном олган бу улуғ зот шеърияти маъно ва ғоя жиҳатидан кўп қирралилиги билан ажралиб туради. Бедил шеъриятини тафсирсиз тушуниш—маҳол. Чунки унинг ғазалларидаги ҳар бир байт бир неча хил маъно қатламларига эга. Бедил «ҳинд услуби»га оид ижодкор бўлиб, ҳақиқий маънода чексиз мажозлар шоиридир.

Бу мажозларни тўғри талқин қилмасдан туриб унинг айтаётган фикрларини англаб етиш қийин. Шоирнинг ғазалиёти ниҳоятда чуқур маънолари ва беҳад латифлиги билан кишини ҳайратга солади. Биз бир туркум мақолаларимизда улуғ шоир ғазалларидаги маънавият қирраларини (имкон қадар осонбаёнлик билан) таҳқиқ этишга ҳаракат қилдик. Бинобарин, тушунилиши қийин бўлган бу азиз мутафаккир ижодиётини фақат шу йўл билан(тафсир ва шарҳ йўли билан)гина китобхон диққатига етказиш мумкин.

Мавзуни таҳлилчи Нурхон Ҳакимова давом этиради.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Энди эса буюк Бедилнинг  гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.

Ёниқ матлабларим бергай оловга достонларни,

Бўяр қонға мурод-мақсадларим барча баёнларни.

Асл манзилга етмасдан, қолиб кетдинг, бўлиб ман-ман,

Жаранглардан топиб киргай қароқчи корвонларни.

Шовуллаб турган ўрмон сирларинда, айт, не ҳасрат бор

Ки, қушлар кўзёши гирдобға берғай ошёнларни.

Юракдан гардларинг арт, то тириксан, интизом бахш эт,

Ахир, файзи бўлак тартибга солмоқнинг дўконларни.

Лабинг дилни олиб, мендан мийиқлар жон сўрайдирлар,

Ёмон ўргатди ўғринг порага бул посбонларни.

Сен олган ҳар заиф дамдан умр бўйи сўниб келди,

Мозорларга шаъм этма вақт елинда устихонларни.

Ютиб келмоқда сен турган қирғоқни аждаҳо тошқин,

Қайиқни синдиру, соғ кет, йўқотдинг бу маконларни.

Кўзингнинг ёшлари юлдузларин янчиб кунингни кўр,

Тегирмон айлаб айлантирди оҳинг осмонларни.

Ғазаб аҳлин тийиб турғил сеҳрлаб сен одоб бирлан,

Ки, ўқлар қошида кўр таъзим этган бул камонларни.

Жаҳондир хомхаёл ошхонаси, армонни еб тўйдим,

Нечун тинглай совуқтандирдан оққан бошқа нонларни.

Мен ожиз саждаман, айлаб тавоф, сўнг манглайим бирлан

Нақш қилдим шамолга хоки бирлан остонларни.

Қараб ёр, тинглай бир кун, етар, бас, жим бўл, эй Бедил,

Мен ойна бағрига жо айладим фарёд-фиғонларни.

Суҳбатимиз давомида  тағофул(ғафлат) ва унинг Бедил шеъриятидаги танқиди хусусида қисқача тўхталмоқчимиз.

«Тағофул» истилоҳи арабча бўлиб, «бепарволик, ғафлат, бехабарлик» маъноларини билдиради. Инсонда ғафлат икки хил бўлади: ихтиёрсиз ғафлат ва ихтиёрий ғафлат. Ихтиёрсиз ғафлат бу Яратгувчининг ўз амри бўлиб, у коинотдаги барча махлуқотга тегишлидир. Шу жумладан инсонга ҳам тааллуқли. Парвардигор биз яшаб турган коинотда ҳаётнинг бардавом бўлиши ва сақланиб туриши учун башариятга ғафлатни ато этди. Ихтиёрсиз ғафлат бу табиий ғафлатдир. Бир оддий мисол келтирайлик: Арвоњ оламига нисбатан биз ғафлатдамиз. Яъни улар бизни кўриб турган ҳолда биз уларни кўролмаймиз. Бу биз учун айни иноятдир. Чунки ғафлат пардалари кўтарилиб, руҳлар башариятга кўриниб ќолса, миллионлаб инсон ќўрќувдан ҳалок бўлиши табиий…

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.