Нур томон йӯл-767
767-қисм« Сабо " муборак сураси 18-21-ояти карималарининг шарҳи
Суҳбатимиз ибтидосида «Сабо " муборак сураси 18-19-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَجَعَلْنَا بَيْنَهُمْ وَبَيْنَ الْقُرَى الَّتِي بَارَكْنَا فِيهَا قُرًى ظَاهِرَةً وَقَدَّرْنَا فِيهَا السَّيْرَ ۖ سِيرُوا فِيهَا لَيَالِيَ وَأَيَّامًا آمِنِينَ ﴿١٨﴾ فَقَالُوا رَبَّنَا بَاعِدْ بَيْنَ أَسْفَارِنَا وَظَلَمُوا أَنفُسَهُمْ فَجَعَلْنَاهُمْ أَحَادِيثَ وَمَزَّقْنَاهُمْ كُلَّ مُمَزَّقٍ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِّكُلِّ صَبَّارٍ شَكُورٍ ﴿١٩﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Биз улар билан Ўзимиз баракали қилган шаҳарлар орасида кетма-кет қишлоқлар қилиб, улар орасидаги юришни ўлчовли этиб қўйган ва «Уларда кечалар ҳам, кундузлар ҳам омонлик-ла юраверинг» (деган эдик). (Аллоҳ таоло сабаъликлар билан ўзи баракотли қилган Макка, Мадина, Қуддус каби шаҳар-қишлоқлар орасидаги йўлларда қишлоқлар бино қилиб қўйган эди. Сабаъдан йўлга чиққанлар қийналмасдан қишлоқлар орқали манзилларига бемалол етиб олар эдилар.) (18) Улар: «Эй Роббимиз, сафарларимиз орасини узоқ қил!» дедилар ва ўзларига зулм қилдилар. Бас, Биз уларни ҳикояларга айлантирдик ва бутунлай парча-парча қилиб ташладик. Албатта, бунда ҳар бир ўта сабрли ва ўта шукрли учун оят-белгилар бордир. (19)
Бундан олдинги оятларда Яманда яшовчи Сабо қавмига ишора қилинган эди. Бу ояти карималарда дастлаб буюрилади: Аллоҳ таъоло уларни ноз-неъматларга ғарқ айлаганди. Улар яшайдиган минтақада бир-бирига деярли туташиб кетган обод қишлоқлар вужудга келди. Ер гул ва гиёҳлар билан қопланган, мевали дарахтлардан қут-барака тӯкиларди. Ноз неъматлардан ташқари бу минтақада осойишталик батамом ҳукмрон бӯлиб, одамларнинг роҳат-фароғатда яшашлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё эди. Бунда ҳамма меҳнат билан машғул бӯлиб, эл-юртларининг янада гуллаб-яшнашига ҳисса қӯшишар эди.
Аммо бу вазият узоққа чӯзилмади. Аксарият одамлар фаровон турмушдан сармаст бӯлиб, Аллоҳни унутишди. Улар айш-ишратга берилишди.
Сабо минтақаси аҳолисининг Аллоҳ неъматларига куфрон келтиришлари натижасида юртларининг гуллаб-яшнашига сабаб бӯлиб турган улкан сув омборининг тӯғони очилиб, даҳшатли сел тароватли бу минтақадаги боғ-роғ ва иншоотларни ювиб, лойқа билан тӯлғозиб, харобазорга айлантирди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Аллоҳнинг неъматларига ношукурчилик қилиш, бу неъматларнинг зиллатга айланиши ёхуд бадбахтлик келтириб чиқаришига сабаб бӯлади.
- Айрим гуноҳлар, жумладан ношукурлик учун шу дунёдаёқ жазолар белгиланган. Бундай кишилар шахсий, оилавий ва ижтимоий ҳаётларида жиддий муаммоларга дуч келишлари мумкин.
- Қуръони карим хулоса чиқариш ва ибрат олиш учун ӯтган қавмларнинг саргузаштини ӯрганишни таъкидлаган.
Энди «Сабо" муборак сураси 20-21-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.
وَلَقَدْ صَدَّقَ عَلَيْهِمْ إِبْلِيسُ ظَنَّهُ فَاتَّبَعُوهُ إِلَّا فَرِيقًا مِّنَ الْمُؤْمِنِينَ ﴿٢٠﴾ وَمَا كَانَ لَهُ عَلَيْهِم مِّن سُلْطَانٍ إِلَّا لِنَعْلَمَ مَن يُؤْمِنُ بِالْآخِرَةِ مِمَّنْ هُوَ مِنْهَا فِي شَكٍّ ۗ وَرَبُّكَ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ حَفِيظٌ ﴿٢١﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Батаҳқиқ, иблис улар ҳақидаги гумонини рўёбга чиқарди. Бас, фақат бир гуруҳ мўминлардан бошқалари унга эргашдилар. (20) Ҳолбуки, унинг улар устидан ҳеч бир ҳукумронлиги бўлмас эди. Магар, Биз охиратга иймон келтирадиганни, унда (охиратда) шаки бордан айришимиз учун бўлди. Роббинг ҳар бир нарсани муҳофаза қилгувчидир. (Иблисда одамларни ўз йўлига мажбур қилиб юритиш учун имкон ҳам, ҳукумронлик ҳам йўқ. Унинг иғвоси ва васвасаси ҳам ўз-ўзидан таъсир қилавермайди. Аллоҳ таоло фақат охиратга иймони борларни иймони йўқлардан айириш ҳамда охиратга шак-шубҳа билан қарайдиганларни алоҳида кўрсатиш учун шу йўлни ишга солди, холос. Бўлмаса, Аллоҳ таоло кимнинг қандайлигини азалдан яхши билар эди.) (21)
Иблис Одам ва Ҳаввони гумроҳ айлагач, Аллоҳнинг даргоҳидан қувилди. У одам фарзандларини гумроҳ қилишга онт ичди ва бу нарсага муваффақ бӯламан, деб ӯйлаган эди.
Бу ояти карималарда буюрилади: шайтон Сабо қавмининг ношукурлигини кӯриб, хурсанд бӯлди. Зеро, озгина иймонли кишилардан ташқари бу қавмнинг аксарияти шайтоннинг истагини бажаришарди.
Оятларнинг давомида Аллоҳ таъоло буюради: Шайтон одамларни ӯз ҳукмига юргизиб, уларни исён ва гуноҳ қилишга мажбурлайди, деган гумонга бормаслик керак. Шайтоннинг иши фақат васваса қилишдан иборат. Аллоҳ бандаларини синаш заминаларини яратиш учун шайтонга васваса қилиш ижозатини берган. Яъни кимнинг қиёмат кунига иймони мустаҳкам бӯлса, шайтоннинг васвасаларига алданмайди. Аммо шубҳа ва гумон домида бӯлганлар шайтоннинг озгина васвасаси билан гуноҳ қилишга мойил бӯлишади. Табиийки, иродасиз ва иймони заиф кишилар нафсоний майллар ва ташқи таъсирларга берилиб, гуноҳ қилишга мойил бӯлишади.
Шаксиз Аллоҳ таъоло бандалари қиладиган аъмоллардан огоҳдир. Аммо Ӯзининг чексиз илми асосида бандаларини азобламайди ёхуд мукофотламайди. Биров қандайдир амални бажармагунча уни рағбатлантириш ёхуд жазолашда маъно йӯқ, албатта. Янада тушунарлироқ бӯлиши учун қуйидаги мисолга мурожаат қиламиз. Ӯқитувчи ӯқувчининг заковатли ва дарсини мунтазам тайёрлаб боришини билади. Аммо имтиҳон қилмагунча унга баҳо қӯймайди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Шайтоннинг инсонга нуфуз пайдо қилишининг заминаларидан бири кишининг Илоҳий неъматларга ношукурлик қилишидир. Сабо қавми Аллоҳнинг неъматларига куфрон келтирганлари учун шайтон уларга нуфуз қилди.
- Аллоҳ таъоло инсоннинг ихтиёрини ӯзига ҳавола этиш билан бирга унга ақл ва ваҳий орқали тӯғри ёхуд нотӯғри йӯлни кӯрсатиб туради. Пайғамбарлар ва Илоҳий авлиёлар одамларни эзгуликалр сари даъват қилишади. Шайтон ва шайтонсифатлар эса инсонни ёвузлик сари бошлашади. Ана шу чорраҳада инсон ирода ва ихтиёри ила ӯзининг йӯлини танлаши лозим.