Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф замонамизнинг улуғ олими
Шайх Муҳаммад Содиқ ҳижрий 1371 йил 21-ражаб – мелодий 1952 йил 15-апрел куни Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти Асака туманида, Ниёзботир қишлоғида Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топди.
Етук аллома, мужаддид, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, мутафаккир, муршид, зоҳид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўз замонасида ислом оламининг йирик намояндаси, улкан арбоб, СССР Олий Кенгашининг халқ депутати, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ муфтийси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси, кўплаб халқаро илмий муассасалар, диний ташкилотларнинг аъзоси, ўзбекзабон халқларнинг диний раҳнамоси бўлган. Шайх Муҳаммад Содиқ ҳижрий 1371 йил 21-ражаб – мелодий 1952 йил 15-апрел куни Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти Асака туманида, Ниёзботир қишлоғида Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топди. 1960 йили Муҳаммад Юсуф домла диний хизмат юзасидан Андижоннинг Булоқбоши туманига имом бўлиб сайлангач, бу оила мазкур туманга кўчиб ўтди. Муҳаммад Юсуф домла мазкур Булоқбоши туманида 45 йил имом-хатиблик қилган ва ўз масжидида жума олдидаги мавъиза асносида вафот этган.
Аллоҳ раҳмат қилсин, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ихлос ва тақво хонадонида дунёга келди. Отаси устоз Муҳаммад Юсуф домла Бойбўта ўғли раҳматли Андижон вилоятининг кўзга кўринган аҳли илмларидан, тақво ва ибодатда мустаҳкам, дину эл хизматида камарбаста киши бўлган. Аллоҳ раҳматига олсин, оналари Тилакберди қизи Собирахон она ҳам жуда содда, парҳезкор, ибодатгўй, фидокор, самимий аёл эди. Устоз Муҳаммад Юсуф домла ва Собирахон она фарзандларининг тарбиясига қаттиқ эътибор беришганди. Онаси чақалоқни имкон қадар бетаҳорат эмизмасди. Уни бир лаҳза ҳам назардан четда қўймас эдилар. Муҳаммад Юсуф домла фарзанди Муҳаммад Содиқнинг илм олишига бор эътиборларини қаратганди. Мактабда аъло баҳоларга ўқишига, уйда мустақил мутолаа қилишига алоҳида аҳамият берарди. Шайх Муҳаммад Содиқнинг илк устози отаси бўлган. У бошланғич диний таълимни отасидан олди. Қуръони Карим, сарф, наҳв каби бошланғич илмларни отасида ўқиди. Муҳаммад Содиқ ёшлигидан жуда кўп китоб ўқирди. У илмга, китобга қаттиқ муҳаббат қўйган эди. Унинг китобдан ортган вақти бўлмаган. Кечаси ухлаб қолгунча мутолаа қиларди.
Шунингдек, Муҳаммад Юсуф домла ҳам кўплаб аҳли илмларнинг хизматини қилиб, фарзанди аржумандининг ҳаққига жуда кўп дуолар оларди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1969 йили Булоқбоши қишлоғидаги ўрта мактабни тугатгач, 1970 йили Бухородаги Мир Араб Мадрасасига ўқишга кирди. У пайтда мадрасадаги ўқиш 7 йиллик бўлган. Шайх Муҳаммад Содиқни ўша кунгача ҳосил қилган билими асосида бир йўла 5-босқичга олишди. Натижада у мадрасани 3 йилда тамомлади. Уни дарсда, илмда илғорлигидан мадрасадаги талабалар «пешқадам» деб аташарди.
Муҳаммад Юсуф домла ҳам фарзандининг яхши илм олиши, тақвода мустаҳкам бўлиши учун бор кучини сарфлади. Ҳатто ўғлини бошқалар орқали махсус кузатиб борди. Шайх Муҳаммад Содиқ 1973 йили мадрасадан Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти (Олий Маъҳад)га ўқишга кирди. Қабул имтиҳонидан юқори баҳоларда ўтган Муҳаммад Содиқ институтга ҳам бир йўла 3-босқичга қабул қилинди ва уни ҳам 2 йилда аъло баҳоларга битирди. У иснтитут барномасидан ташқари махсус устозлардан алоҳида дарс ҳам оларди. Институтнинг энг илғор талабаси сифатида танилганди. У нафақат ҳордиқ кунларини, балки 10 дақиқалик танаффусни ҳам, азон билан такбир орасидаги қисқа вақтни ҳам китоб мутолааси билан банд қиларди.
У 1975 йили «Совет шарқи мусулмонлари» журналида фаолият бошлади.
1976 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг йўлланмаси билан Ливиянинг Триполи шаҳридаги «Исломий даъват факультети» номли дорулфунунга ўқишга кирди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Ливияда бутун дунёдан келган талабалар орасида ҳам энг тиришқоқ ва энг итеъдодли талаба сифатида намоён бўлди. У олийгоҳ дарсларига бир соат ҳам қўймай қатнашарди ва унга дарсларни тайёрлашда ҳамда имтиҳонларни юқори даражада топширишга шунинг ўзи етарди. У олийгоҳ барномасидан ташқари ўша ердаги устозлардан алоҳида дарслар ҳам олди, мустақил мутолаа билан ҳам шуғулланди. Ўша пайтларда у дарсдан ташқари турли мавзудаги китоблардан ҳар куни 100 саҳифа ўқишни ўзига вазифа қилиб олганди.
У 1980 йили Ливия олийгоҳини энг юқори балл билан имтиёзли тамомлаб, талабалар орасида биринчиликни қўлга киритди ва доруфунун тарафидан моддий маблағ билан мукофотланди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1980 йилда ўқишни тамомлаб, Ливиядан Ўзбекистонга қайтиб келгач, қуйидаги вазифа ва лавозимларда фаолият юритди.
1981 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси:
1982 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректор муовини;
1984 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректори вазифаларида ишлади.
У институтда 1981 – 1989 йиллар мобайнида тафсир, ҳадис, улуми Қуръон, ақида фанларидан дарс берди.
У ушбу Ислом институти барномасига талайгина ижобий янгиликлар киритди, бир қанча исломий фанлар ва қўлланмаларни илк жорий қилди. Масалан, «Қуръон илмлари», «улумул-ҳадис», ақида фанларини ҳамда ҳадис ва тафсир фанларидан Роваиъул-баян, Манҳалул-ҳадис каби бир қанча қўлланмаларни Олий Маъҳадга у олиб кирган эди.
1989 йили 6 февралда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муфтийси бўлди;
1989 йил декабр ойида СССР Олий Кенгашининг халқ депутати этиб сайланди;
1993 йил июн ойида муфтийлик лавозимидан истеъфога чиқди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Чилонзор туманида барпо этиладиган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи бериладиган бўлди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишуви жараёнида мазкур масжид майдонига ташриф буюрди.
«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эди. Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб этишга, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлади. «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзининг илми, сўзи ва ибратли амаллари билан она Ватанга, динимиз равнақига чин дилдан ҳалол хизмат қилиш бўйича катта бир мактаб яратиб кетдилар, десак, тўғри бўлади. У кишининг илм ва ҳаёт йўли, бой меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш – барчамизнинг бурчимиздир»,- деди президент.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу масжид лойиҳаси билан танишар экан, уни янада такомиллаштириш, бунда халқимиз ва уламоларнинг таклифларини ҳам ўрганиш зарурлигини таъкидлади.
2015 йилнинг 10 март куни тушдан кейин шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф тўсатдан вафот этди.