Парвин Эътисомий замонавий Эрон адабиётининг буюк намояндаси
Эроннинг таниқли ёзувчиси ва адабиёт тадқиқотчиси доктор Ғуломҳусейн Юсуфийнинг ёзишича, анъанавий форс адабиёти тарихида Парвин Эътисомий аёллардан бўлган ижодкорлар орасида ягона улкан шоирадир.Унинг анъанавий шеърдаги мавқейи айрим эркак ижодкорлардан ҳам устун туради.
Эроннинг таниқли ёзувчиси ва адабиёт тадқиқотчиси доктор Ғуломҳусейн Юсуфийнинг ёзишича, анъанавий шоирадир.Унинг анъанавий шеърдаги мавқейи айрим эркак ижодкорлардан ҳам форс адабиёти тарихида Парвин Эътисомий аёллардан бўлган ижодкорлар орасида ягона улкан устун туради.
ХХ аср Эрон шеъриятининг ёрқин сиймоларидан бўлмиш Парвин Эътисомий 1906 йил 16 мартда Табризда донишманд зиёли Юсуф Эътисом ул-Мулк оиласида туғилган. Асл исми Рахшода бўлган Парвин 6 ёшидан оиласи билан Табриздан Теҳронга кўчиб келади. Парвин ибтидоий таҳсилни Теҳрон мактабларидан бирида олди. Форс ва араб тиллари грамматикаси, форс адабиётини ёзувчи ва донишманд одам бўлган отасидан ўрганди. Айни болалик давридан бошлаб мумтоз шоирлар девонларини мутолаа қилиш билан ўтказган. Бунинг устига, отаси унга Европа шеърияти намуналаридан таржима қилиб берар ва Парвинни уларни ёд олишга ундарди. Бўлажак шоира 11 ёшиданоқ Фирдавсий, Низомий, Мавлоно Жалолиддин, Носир Хисрав, Манучеҳрий ва Анварий асарларидан яхши хабардор бўлгани ҳолда, улар ҳақида бемалол фикр юритиш даражасига етган.
Ўрта маълумотни Теҳронда америкаликлар томонидан ташкил этилган қизлар мактабида олган Парвин ўқиш жараёнида форс ва инглиз тилларини мукаммал ўрганди. Ўрта маълумотни олгач, ўзи ўқиган мактабда форс адабиёти ва инглиз тилидан икки йил дарс берди.
Милодий 1934 йили амакисининг ўғлига турмушга чиққан Парвин Кирмоншоҳ шаҳрида яшай бошлайди. Аммо Парвиннинг нозик ҳиссиётга тўла руҳи маишатга ўрганиб қолган киши билан яшашга кўника олмади. Шу сабабдан бир неча ойдан сўнг турмуш ўртоғидан ажралади ва отасининг уйига қайтиб келади.
Ўн ёшидаёқ илк шеърлари «Баҳор» журналида эълон қилинган Парвин 1934 йили биринчи шеърий тўпламини нашр эттиради ва қисқа вақт ичида шеърият мухлисларига танилади.
Афсуски, 1941 йилнинг баҳорида тиф касаллигига чалинган шоира нотўғри муолажалар натижасида оламдан эрта кўз юмди. Бор-йўғи 35 йил яшаган Парвин Эътисомийдан бой маънавий хазина: қасидалар, қитъалар, достонлардан иборат «Девон»и мерос қолди.
Адабиётшунос олим Ғуломҳусейн Юсуфий таъбири билан айтганда, Парвин шеърининг тили жуда таъсирли ва баён усули унинг шеъриятининг муҳим хусусиятларидан бири ҳисобланади ва форс шеъриятида беназирдир.Унинг тил ва услуби кўпроқ Носир Хусрав, Анварий, Саноий, Саъдий ва Адибулмамоликнинг тили ва услубини эслатади. Қасидаларида Носир Хусрав услуби ҳамда Саъдийнинг содда тили намоён бўлади.
Шунингдек, шоиранинг айрим асарлари Европа шеъриятидан, хусусан, Эзоп, Жейн де Лафонтен, Горацио Смит каби шоирларнинг тамсилий-таълимий ҳикоятларидан баҳра олиш асносида ёзилган. Ушбу ҳикоятлардан олган иқтибосларига Парвин Эътисомий шарқона руҳ бағишлаган.
Машҳур шоира Парвин Эътисомий шеърияти тўғрисида кўп ва хўп гапириш мумкин. Парвин бир қатор мажозий қитъаларида форс адабиётида ривожланган диалог услубидан фойдаланади. Уларда шахслар, ҳайвонлар ва нарсалар ўртасидаги мунозаралар тасвирланади, шоира улар орқали жамиятдаги иллатлардан нолийди. Ушбу йўл билан унинг асарларидаги инсонни англашнинг адабий усули кенг қўлланилади.
Албатта, Парвиннинг сўзлари баъзида шоирона гавҳарлардан таркиб топган таълимий услубдаги шеъриятда ўз ўрнига эга бўлиб қолади, шу билан бирга, мунозараларидаги мазмун ва шаклнинг бирёқламалиги гоҳида ўқувчини зериктириши табиий бир ҳол. Умуман олганда, Парвин услуби "ироқий ва хуросоний" услубларнинг омихталиги билан бирга Европа романтизми билан қоришиб кетган.
У қадимги дидактик шеъриятнинг қолипларидан кам фойдаланган, машрутият шеъриятининг дағал оҳангларидан умуман баҳра олмаган, ўз рўҳий оламининг куйларига маст бўлиб, ўзига хос услубда куйлаган ва шундан шодланган шоирадир. Парвин руҳий озодлик ва поклик изловчи шоирадир, аммо унинг овози жамиятнинг зулму ситамларга тўла тор даҳлизларига сингиб кетди. Яхлит олиб қараганда, у кўп нарсани билувчи зиёли аёл тимсолидир, аммо Ризошоҳ даврининг удумларига бўйсунувчи аёл сифатида чеккан фарёду ноласини ҳатто ўзи ҳам тушуна олмаган мазлумадир. Парвин ноёб дурлар шодаси тимсоли, бироқ юз йиллаб овози бўғиқ, кўп имкониятлардан маҳрум бўлган Шарқ Эрон аёлидир.Йиллар ўтиб ушбу бўғиқ овозларнинг исёни Фурўғ Фаррухзод сиймосида бош кўтарди.
Парвин Эътисомийнинг шеърлари фикр ва маъни жиҳатидан жуда пишиқ ва матиндир. Гўё андеша юритгувчи кучли бир киши инсон ва ҳаётнинг турли жанбалари ҳамда унинг ахлоқий ва ижтимоий жиҳатларини (нукталарини) тафаккур элагидан ўтказиб, сизга баён этган. Шоира ўзининг қисқа умридан кўра кўпроқ шеър айтган. Айрим шоирларнинг кўплаб шеърлари ва машҳур бўлган девонларини кўздан кечирсангиз, уларнинг ашъорларида хом ва суюқ маъноларга эга ғазал ва шеърларни кўп учратасиз. Бироқ Парвин девони бунақа эмас. Унинг барча шеърлари ва ҳатто ҳар бир байтида шоиранинг одоб ва ахлоқ ҳудудларидан чиққанини ҳечам кўрмайсиз. Парвин содагўйлик билан энг яхши ва энг маъноли сўзларни баён қилган. Шоира ўз ашъори билан ўқувчига камол ва саодатга эришиш йўлини кўрсатади. Ҳаёт довуллари ва тўфонларидан ўтиш фақат илм, билим ва қаттиқ сайъ-ҳаракатлар билан бўлишини урғулайди. Унга кўра, борлиқнинг сармояси илмдир, мол ва дунё эмас. Ушбу йўлда эса одамнинг руҳий кучли бўлиши даркор.