март 20, 2018 10:47 Asia/Tashkent

ИШИДга оид яратилган компютер ўйинлари

Аллоҳ таоло номи билан

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“ ИШИДнинг медиа орқали тарғиботи: пайдо бўлишдан  таназзулгача”  мавзуидаги эшиттиришларнинг навбатдаги сони яна эфирда. Суҳбат поёнигача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

Олдинги эшиттиришларимизда таъкидлаб ўтканимиздек, коммуникация имкониятлари ва  ривожланган ахборот етказиш тармоқларидан ИШИДга ўхшаган террорчи гуруҳлар  қулай минбар сифатида фойдаланишарди. Улар интернетдаги фейсбук, ютюб, твиттер каби ижтимоий тармоқлар орқали ўзларининг ақида ва хабарларини тарқатишарди. Айниқса, твиттер  ИШИДнинг муҳим медиа воситасига айланган эди. Ушбу гуруҳ  ўзининг твит ва смсларини  аввалига инглис тилида ва кейинчалик араб тилида юборарди. ИШИД террорчи гуруҳи  твиттерда фойдаланиш ҳисоби очиб ахборот жўнатарди ва кейинчалик бу  ҳисобни ёпиб, бошқа фойдаланиш ҳисоби билан фаолиятини давом эттирарди.

ИШИД террорчи гуруҳи европалик ёшларни ўз сафига жалб этиш учун ўзи ишғол этган минтақаларда яшовчи аҳоли ҳаётини идеал бўлган бир ҳаёт сифатида  кўрсатишга ҳаракат қиларди. Бунга “ Қулоқларингни менга қарз бер” номланган Жон Кантлининг видеоларини мисол келтириш мумкин. Унда аҳолининг тинч ҳаёти тасвирга олинган. ИШИД террорчи гуруҳи бир дақиқали видеолар орқали ушбу гуруҳ аъзоларининг болаларга музқаймоқ ва шоколад тарқатаётгани ҳамда кексалар ва касалхоналарда яраланган кишиларнинг аҳволидан хабар олаётганини  кўрсатарди. ИШИД террорчи виртуал фазо орқали бошқаларни сафига жалб этиш, керакли хабарларни  етказиш ва бошқалар билан кенг кўламда алоқада бўлиш имконига эга бўлган эди.

Вақт ўтиши билан ИШИД террорчи гуруҳи илғор камералардан фойдаланишни ўзининг ҳужумлари ва урушлари давомида янада фаоллаштиради. Мазкур жараёнларда олинган барча филмлар ижтимоий тармоқлар орқали кўрсатиларди. ИШИДнинг ушбу видео ва филмлари, хусусан майдонларда бошни танасидан жудо қилиш лавҳалари даҳшатни ва ўзига хосликни яратади.

Нафақат телеканаллар, балки ижтимоий  тармоқларда ҳам ИШИД террорчилик гуруҳи ўзига хос бўлган услублардан фойдаланишни давом эттирарди. Зеро  интернетдаги имкониятлар  ушбу  террорчилар учун ўз ақидаларини  турли тилларда тарғибот қилиш ва бошқаларни ўз сафларига  жалб этиш  учун муносиб  ва қулай воситалар  ҳисобланарди.  Шу тартибда ижтимоий тармоқлар орқали ИШИДнинг тарғибот ва чақириқлари билан танишган ёшлар Европа ва Осиёдаги юртлардан , Сурия, Ироқ ва бошқа мамлакатлардан алданликларини билмасдан ИШИД террорчи гуруҳининг сафларига келиб қўшилишарди.

Ваҳҳобийлик ақидаларини кенг тарғиб қилиш учун Арабистон томонидан  Сурия ва Ироқдаги террорчилик гуруҳларга нефтдан топилган  йирик маблағларнинг ажратилиши  ИШИДга ўхшаган террорчи гуруҳларга медиадан яхши тарзда фойдаланиш учун қулай имкониятларни  яратган эди.

ИШИДнинг замонавий технологияларга қандай эришгани бобида  нашр этилган  маълумотларга кўра,  Арабистон ИШИД террорчилик гуруҳининг оммавий ахборот воситаларидаги  фаолиятларига ёрдам бериш учун ўзининг телеканалларида ишловчи мутахассисларни Муселга жўнатган эди.  

Ёзишларича, ИШИД  террорчилик  гуруҳи томонидан ташкил этилган “Фурқон” матбуот марказини бир саудийлик бошқарарди. ИШИДга тегишли бошқа медиа воситаларини  ҳам Арабистонинг салафийлари бошқаришарди. Улар тарғибот дастурлари ва нутқ сўзлашларда   араб тилида равон ва хатосиз фойдаланишларди ҳамда Абубакр  Бағдодийнинг раҳбарлигини исботлашдан  манфаат излашарди.

Қувайт телевиденияси идораси раиси ва журналист Аҳмад Сомийга  кўра, битта фото- сурат  минглаб сўзнинг ўрнини олиши мумкин,  бирон тафаккур ва ақидаларни баён этишда бир видеотасвирнинг ролини айтмаса ҳам бўлади.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда “ИШИДнинг медиа орқали тарғиботи: пайдо бўлишдан  таназзулгача”   унвонли туркум радиомақолаларнинг навбатдаги      сонини тинглаяпсиз. Сиз ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига  радиомизнинг  интернет сайти   ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.

ИШИД террорчи гуруҳи 2014 йилнинг охирларида “Ўткир қиличлар” номли компютер ўйинларини  ижтимоий тармоқларда йўлга қўяди.  Унда душманларга қарши ҳарбий йўллардан фойдаланиш  йўллари тасвирга олинган эди. Портлашлар, яширин жойлар ва отишмалардан иборат ушбу ўйинларнинг қаҳрамонлари ИШИД аъзолари ва уларнинг душманлари Ироқ ва Америка ҳарбий кучлари сайланган эди.

Мазкур ўйинлар борасида Арабистон ва Форс кўрфази гўшасида жойлашган мамлакатларнинг  матбуоти хабарлар ва шарҳлар тарқатарди.

Арабистон Маданият вазирлигининг газетаси бўлган “Ожил” газетаси бу борада шундай ёзган эди:” Ушбу  компютер ўйинларини яратишдан мақсад ИШИД аъзолари руҳиятини кўтариш ҳамда Ғарбга қарши курашиш  ва рақиблар кўнгилларига  даҳшат солишни  болалар ва ўсмирларга ўргатишдир.”

Мазкур ўйин огоҳлантирувчи бир мактуб  билан бошланарди: “Сиз ўйнайдиган бу ўйини эндиликда биз жанг майдонида амалга оширмоқчимиз.” 

ИШИД террорчилик  гуруҳи бошқаларга кўпроқ таъсир етказиш учун ўзининг содир этган жиноятлари ва ҳужумларини компютер ўйинларининг  услубларидан фойдаланган ҳолда филмлар яратарди ва намойишга қўярди.

ИШИД террорчилик гуруҳининг ижтимоий тармоқлардаги кўплаб  фаолиятлари  унинг таҳдидли вужудини намоён этди ва бутун дунё оммавий ахборот воситаларининг  диққат марказида қарор топди. Айрим ушбу террорчи гуруҳни инсоният учун  ўта  хатарли эканини таъкидлашди.

Бунга Польшадаги  компютер ўйинларини ишлаб чиқарувчи” Destructive Creations” студиясини мисол келтириш мумкин.  Ушбу студия 2020 йилгача ИШИД террорчи гуруҳи Европага ҳужум қилишини  хабар беради. Мазкур студия 2016 йилнинг апрел ойида хусусий компютер ўйинларини ишлаб чиқариб, сотувга қўярди ва сиёсий доираларнинг баҳсларига айланган эди. Бу студия томонидан ишлаб чиқарилган (IS Defense) , яъни “ИШИД қаршисидаги мудофаа” номли компютер ўйинида ИШИД террорчи гуруҳи ҳужумларининг оқибатлари ҳамда 2020  йилда ушбу террорчи гуруҳ Африкани ишғол этганидан кейин Европага ҳужум қилиши тасвирланган эди.

Destructive Creations” студиясинининг директори  Польшада чоп этиладиган “Głos Gminny” газетаси билан қилган суҳбатида ИШИД террорчи гуруҳининг Европага ҳужум қилиши аниқ эканлигини баён қилган эди. У ушбу террорчилик  гуруҳи Ўрта Шарқда урушишдан  зерикиб, Европага ҳам ҳужум қилиши мумкинлигини таъкидлаган эди.

Албатта, ушбу компютер ўйинида кўрсатилган тасвирлар  айримлар томонидан ҳақиқатдан йироқ ва бир фантазия эканлигини урғуланди. Ҳар ҳолда 2020 йилдан олдин ИШИД террорчилик гуруҳининг айрим аъзолари Европада ҳам пайдо бўлишди.

Қадрли тингловчилар, “ИШИДнинг медиа орқали тарғиботи: пайдо бўлишдан  таназзулгача”  унвонли радиомақолаларнинг навбатдаги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.