Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар
Шайх Шиблийнинг сўзларини иқтибос келтирган манбалар
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшитиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз. Бизни тинглаб боринг.
Ёдингизда бўлса, эронлик етук ориф, фақиҳ ва шоир Абубакр Шиблийнинг ҳаёти ҳақида сизга маълумот беришни бошлаган эдик.
Ривоят қилишларича, Шиблий Дамованд ҳокимлигидан четлаштирилганидан сўнг халифа олдига боради ва ушбу сўзларни унга айтади: “Эй Амир, сиз фақат Аллоҳ бандаларидан бири сиз ва тўнингизнинг қадри ҳам барчага маълумдир ва унга ҳурматсизлик қилишларини истамайсиз. Бироқ шу нарсани билингким, олам Парвардигори дўстлик ва маърифатдан тикилган тўнни менга ато қилган ва У ҳам ушбу тўнни бошқа бандалар учун сочоқ сифатида ишлатилишини хоҳламайди.”
Айтишларича, Шиблий ушбу сўзларни баён қилганидан кейин халифа дарборидан чиқиб кетади ва эронлик машҳур ориф Жунайдга мурид бўлиш учун унинг олдига боради. Айрим ривоятларда олти йил ва айрим маълумотларда 14 йил давомида у Жунайдга шогирдлик қилади. Машҳур ориф Жунайд аввалига Шиблийни шогирдликка қабул қилади ва унга бир неча муддат гадолик қилиш, Дамованд халқидан розилик олиш ва муридлар хизматида бўлишни тавсия этади.
Шайх Аттор Нишопурийнинг “Тазкират ул-авлиё” китобида ёзилишича, Шиблий Жунайднинг олдига боради ва айтади: “Сиз Ҳақнинг таниш гавҳари ва Унга яқин бўлиш рамзини биласиз. Уларни менга бахшида этинг ва ёки сотинг.
Жунайд айтади: “ Агар мен уларни сотсам, сен уларнинг баҳосини тўлолмайсан ва агар сенга бахшида этсам, осонгина қўлга киритганинг учун уларнинг қадрига етолмайсан. Шу сабабдан сен ҳам менга ўхшаб, ўзингни ушбу денгизга сол ҳамда сабр ва интизорлик билан гавҳарни ўзинг қўлга кирит. Ҳақ таолони таниш гавҳари ва Унга яқин бўлиш рамзига эришиш учун сен муомала қилишинг лозим.”
Шиблий қабул қилади. Жунайд унга айтади: “Бир йил давомида фақат гадойлик, тиламчилик қиласан ва бошқа ишлар билан умуман шуғулланмайсан.”
Шиблий бир йил Бағдодда юради ва унга ушбу вақт давомида бирон киши ёрдам бермайди ва бошқалардан бирон хайр ҳам унга етмайди. У кейин Жунайднинг олдига қайтади ва унга йил давомида бошидан кечган нарсалар ҳақида ҳикоя этади.
Жунайд унга дейди: “Халқ олдида ҳеч қанақа қадр ва қийматга эга бўлмаганингни энди билиб олдинг. Бундан кейин ўз қадрингни билгин ва уларга нисбатан кўнгил боғлама ва эътиборсиз бўл.”
Сўнгра Шайх Жунайд Шиблийга Дамовандга боришни ва у ерда бир вақтлар амир бўлгани ва халқ устидан ҳукмронлик қилгани боис у ердаги халқдан розилик олишни таклиф этади.
Шиблий Дамовандга бориб, уйма-уйма юриб, халқдан розилик сўрайди ва фақат бир уйнинг эгасини тополмайди. У ўша кишига зулм қилгани учун унга юз минг дирҳам пул тўлайди. Тўрт ўтганидан кейин Шиблий яна устози Жунайд олдига боради.
Айтишларича, Жунайд унга мансабпарастлик нишоналарини кўради ва уни яна бир йил давомида гадойлик қилишга юборади.
Шиблий ҳар куни гадоликдан тушган пулни Жунайдга берарди ва Жунайд эса ушбу пулларни дарвешларга бўлиб берарди. Шиблийнинг ўзи эса кечалари оч қорин билан ётарди. Бир йил ўтганидан кейин Жунайд Шиблийга муридларининг йиғинларига уларга хизмат қилиш шарти билан иштирок этишга рухсат беради.
Шиблий ушбу шартни ҳам қабул қилади ва бир йил давомида Шайх Жунайднинг муридларига хизмат қилади. Бир куни Жунайд Шиблийдан аҳвол сўрайди. Шиблий ўзини Худонинг энг камтарин халқи дея атайди. Ушбу жавобдан кейин Шайх Жунайд Шиблийнинг чин иймонига ишониб, уни сўфийлар тожи дея атайди.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса uzbek@ ParsToday.com.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Айрим тадқиқочилар ва адабиётшунослар Шиблийнинг бошқа устозлари ҳам борлиги хусусида маълумотлар беришган. Ушбу устозлардан бири эронлик машҳур ориф Мансур бин Ҳаллож эди. Эроннинг ҳозирги замон тарихида етук тарихчи ва тадқиқотчи сифатида танилган доктор Зарринкўб ўзининг машҳур китоби “Жустужў дар тасаввуфи Эрон”, яъни “Эрон тасаввуфидаги изланишлар”да Шиблий ўзининг шатаҳиёт ёхуд кўринишда шариатга хилоф бўлган гаплари билан Мансур Ҳалложнинг сўзлари ва таълимотларини шарҳ берганини ёзган.
Шиблий ўзининг асарларида ҳам Ҳаллож билан ақидаси бир эканига ишора этиб, ўзининг жунунини нажот топиш манбаси ва Ҳалложнинг ақли унинг шаҳодатига сабаб бўлганини баён қилган.
Шиблий кўплаб шогирдларни тарбиялаган. Бироқ машҳур шоир Абдураҳмон Жомий “Нафаҳот ул-унс” китобида Абулҳасан Али бин Иброҳим Ҳусрийни Шиблийнинг ягона ва ҳақиқий шогирди бўлганини таъкидлайди. Мавлоно Жомийнинг ёзишича, Шиблий Абулҳасан Али бин Иброҳим Ҳусрийни ўзига ўхшаб девона деб атаган ҳамда улар ўртасида абадий улфатлик мавжудлигини таъкидлаган.
Шайх Атторнинг “ Тазкират ул- авлиё” китобида ёзилишича, Шиблийнинг шогирдлари билан бўлган сулуки шундай бўлган: у шогирдларига тавба қилишни буюрар экан ва сўнгра бирон озиқ-овқат ўзлари билан олмасдан Байтуллоҳни зиёрат қилиш учун сафарга жўнатар экан.”
Шайх Шиблий 87 ёшида оламдан ўтган ва Бағдоддаги “Хизрон” қабристонида дафн этилган. Унинг вафот этган йилини ҳижрий-қамарий 334 ё 335 йилда эканлиги зикр этилган.
Шайх Шиблийга тегишли бўлган мустақил асарлар бизгача етиб келмаган. Аммо унинг сўзлари, ишоралари, муножотлари, шеърлари ва ҳикоятлари кўплаб тазкираларда учрайди. Шайх Шиблий ҳақидаги сўзлар ва ривоятлар кўпроқ ҳижрий-қамарий олтинчи асрда яшовчи машҳур шоир ва ориф Шайх Аттор Нишопурийнинг китобларида мавжуд.
Шайх Аттор ўзининг машҳур китобларидан бири “Тазкират ул- авлиё” китобида Шайх Шиблийнинг ҳаёти ҳамда унинг ирфон ва тасаввуфдаги мақоми ҳақида қийматли маълумотларни берган. Бунга илова, Шайх Аттор ўзининг “Мантиқ ут-тайр” ва “Илоҳинома” китобларида ҳам Шиблий ҳақидаги айрим ривоятларни назм билан баён этган.
Ибн Арабий ҳам “ Аттажаллиёт ул илоҳия” китобида тажаллий маротабалари бўлган икки бор Шиблий билан мулоқот қилганини баён қилган.
Ибн Арабий ”Футуҳоти Маккия” китобида ҳам Шаблийга тегишли айрим сўзлар ва ҳикояларни нақл қилган. Комил Мустафо Шайбий Шайх Шиблийнинг тарқоқ шеърларини “Абубакр Шиблий девони” номи билан тўплаган.
Тадқиқотчиларнинг ақидаларига кўра, Шайх Шиблий Эроннинг ирфон тарихида тўрт хусусиятга эгадир. Уларнинг бири эронлик буюк ориф Боязид Бастомийга ўхшаб у ҳам ишққа кўпроқ урғу берарди ва ошиқона ирфоннинг етакчиларидан бири эди. Шайх Атторга кўра, Шиблийнинг Жунайд билан қилган суҳбатидан маълумки, Ҳақнинг ўзига тортиши, яъний Илоҳий жазб этиш банданинг талаби ва ҳаракатидан устунроқ туради.
Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.