Биз билан Эронга келинг
Эрон заъфарони
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу дастур орқали Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз. Суҳбатларимизни тинглаб боринг.
Азизлар, ёдингизда бўлса, ўтган эшиттиришимизда Хуросони Разавий вилоятининг муҳим минтақаларидан бири Турбати Ҳайдария тумани борасида маълумот беришни бошлаган эдик.
Ушбу туман ҳудудлари шарқ томонидан Тойбод, Турбати Жом ва Раштхор туманлари ғарб томонидан Кошмар ва шимол томонидан Машҳад, Нишопур, Фураймон ва жануб томонидан Меҳвалот тумани билан чекланган. Турбати Ҳайдария туманининг тарихи Исломдан олдинги даврлар, яъни Ашконийлар ҳукмронлиги даврига бориб тақалади ва ўша замонларда “Зова” дея аталган. Ҳижрий олтинчи асрда машҳур ориф Қутбиддин Ҳайдар вафот топганидан кейин мазкур минтақа унинг номи билан аталган. Турбати Ҳайдария минтақасининг шаҳар ҳаёт тарзи ва шаҳар сифатида танилганининг тарихи эса кўпроқ Савафия даври билан боғлиқдир. Турбати Ҳайдария шаҳрининг ривож ва равнақ топиши икки юз йил олдин қожория асрида Исҳоқхон Қароий ҳокимиятининг замони билан тўғри келади.
Исҳоқхон Турбати Ҳайдария минтақасида кенг кўламда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини олиб боради ва шаҳарда катта ўзгаришларни юзага келтиради. Ҳатто ушбу шаҳарнинг шўҳрати ошганидан кейин уни Исҳоқхон турбати деб ҳам аташган. Эронда мустабид режимга қарши юзага келган икки инқилоб, яъни милодий 1906 йилдаги Машрута инқилоби ва 1979 йилдаги Исломий инқилобда Турбати Ҳайдария аҳолиси пешқадам бўлишган. Турбати Ҳайдариядан Машҳад жанубигача бўлган масофа 140 километрни ва Теҳронгача бўлган узоқлик 1005 километрни ташкил этади. Мазкур шаҳарнинг масоҳати 53 квадрат километр бўлиб, денгиз сатҳидан 1333 метрлик баландликда жойлашган.
Турбати Ҳайдария тумани бир йилда қарийб 150 тонна заъфарон ишлаб чиқаради ва ушбу қийматли маҳсулотни ишлаб чиқаришда жаҳонда етакчи ўринларни эгаллайди ва писта ишлаб чиқаришда эса Хуросони Разавий вилоятида биринчи ўринда туради. Мазкур туман стратегик маҳсулотларни ишлаб чиқаришда ҳам мамлакатда хос ўринга эгадир.
Турбати Ҳайдария туманида 98та саноат корхоналари ва 19та ер ости конлари фаолият кўрсатишмоқда. Шу сабабдан ушбу минтақа вилоят миқёсида саноатлашган муҳим туманлардан ҳисобланади. Қанд, ун, цемент, плиткалар, кабел симлари, каолин каби маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар, мис, олтин ва бошқа фойдали қазилмаларни ишлаб чиқариш ва меваларни сақлаш учун йирик музлатгичларнинг қурилгани туманнинг иқтисодий иқтидорини оширган.
Турбати Ҳайдария Эронда ипак толаларини ишлаб чиқаришнинг маркази сифатида ҳам ном чиқарган. Эроннинг ипак билан боғлиқ маҳсулотларининг саксон фоизи ушбу туманда ишлаб чиқарилади. Писта, қовун ва бодом ҳам Турбати Ҳайдарияда кўп миқдорда етиштириладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан ҳисобланади.
Дунёдаги энг бой силика конлари ҳам мазкур туманда мавжуддир. Бунга илова, барит, магнезит, агат, бентонит, калтс, саноат тупроқлари, оҳок, гипс, кромит, марганетс, мис, кумуш, олтин, туркуаз ва декоратив тошлар ҳам Турбати Ҳайдария конларида ишлаб чиқарилади. Кенг кўламда ишлаб чиқариладиган ушбу кон маҳсулотлари ҳам кон саноати соҳасида Турбати Ҳайдарияни етакчи ўринларга эга бўлишини таъминлаган.
Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган ярим соатлик тонги дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.
Хуросони Разавий вилояти Эрон Ислом Жумҳуриятида жозибали бўлган минтақаларидан бири сифатида тан олинган. Ҳар йили Эрон ва жаҳоннинг турли нуқталаридан миллионлаб кишилар ушбу вилоятга сафар қилишади ва Имом Ризо (а)нинг пок ҳарамларини зиёрат қилгач, Хуросоний Разавий вилоятининг бошқа тарихий жойлари ва табиий жозибалари билан ошно бўлишади.
Хуросони Разавий вилоятининг муҳим совғаларидан бири заъфарон ҳисобланади. Мазкур вилоятда етиштириладиган заъфарон бутун дунёда донг таратган. Заъфарон ёхуд шафран Эрон ошпазлигида кенг фойдаланадиган маззали ва чиройли рангга эга гиёҳли дориворлардан ҳисобланади.
Сувон гуллари турларига кирувчи шафран гиёҳини етиштириш учун муносиб шароит ва муҳит яратиш лозим бўлади. Шафран ўсимлигининг турлари кўпдир. Уларнинг кўплари ёввоий тарзда ўсади. Аммо уларни истеъмол этиб бўлмайди. Заъфарон ё шафраннинг истеъмолга яроқли бўлган ягона тури Эронда, хусусан, Хуросоний Разавий ва Жанубий Хуросоннинг айрим минтақаларида етиштирилади.
Шафран нафақат озиқ-овқатларда, балки турли дорилар тайёрлашда ҳам кенг қўлланилади. Эронда етиштириладиган шафраннинг сифати олий бўлгани боис жаҳон бозорида унинг муштарийлари кўпдир. Эрондан шафран маҳсулотларини Испания, Германия, Италия, Англия, Канада, Люксембург, Ҳиндистон, Япония ва Форс кўрфази ҳавзасида жойлашган мамлакатлар сотиб олишади.
Азиз тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.