апрел 17, 2018 14:24 Asia/Tashkent

Шоир Фаррухийнинг ҳаёти ва ижоди

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшитиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги суҳбатимизда таъкидлаб ўтганимиздек,

Касоийнинг шоирлик даври Сомонийлар давлатининг сусайиши  даври билан тўғри келади. Ушбу ҳолат унинг ҳаёти ва  шоирлик  усулига кўплаб таъсирлар етказган. Касоий аввал маддоҳ шоир эди ва унинг мадҳ этувчи қитъалари айрим такзираларда мавжуддир. У Сомонийлар сулоласини мадҳ этувчи шоирлардан эди. Сомонийлар давлатининг инқирозидан  сўнг унда фикрий ва эътиқодий ўзгаришлар юзага келади. Кейинчалик  Касоий тақводорликни касб этиб, Ислом пайғамбари (с) ва Аҳли Байтнинг мадҳ этишни бошлайди. Касоий Марвазийнинг девони милодий 12 асргача мавжуд бўлган ва ушбу даврдан кейин йўқолиб кетган. Ундан фақат айрим шеърлар қолган ва ушбу шеърлар ҳам тарқоқ байтлардан иборатдир.

Унинг девони билан танишган тарихчилар Касоийнинг шеърлари Худо Расули (с) ва ул ҳазратнинг  Аҳли Байтларига бахш этилганини таъкидлашган.

Машҳур тазкиранавислардан бири Муҳаммад Авфий Бухороий “ “Лубоб ул-албоб” китобида  Касоийнинг шеърлари тақводорлик, мавъиза ва Нубувватнинг Аҳли Байтларига  бахш этилганини ёзган.

Касоий Марвазийдан қолган шеърларда билиш мумкинки, у янги мазмун, маъноли баёнлар, тавсиф ва ташбеҳларни яратишда катта маҳорат ва иқтидорга  эга бўлган.

Айрим тадқиқотчилар ва адабиётшунослар Касоийни табиатни тараннум этган маҳоратли рассом деб билишган. Уларга кўра, ушбу жиҳатлар шоирнинг шуҳрати ва ном чиқаришига сабаб бўлган. Зеро унинг ёрқин васфлари, жонли, латиф  ва сода ташбеҳлари кўнгилга ёқувчидир. Касоийнинг тонг, наргис, ёмғир, камалак, кўк  нилуфарга оид ва бошқа тасвирлари форс адабиётида кам учрайди.

Ҳозирги замоннинг етук  тадқиқотчилари  ва адабиётшуносларидан бири устоз Бадиъуззамон Фурузонфар  Касоий Марвазийнинг шоирлиги ва унинг шеърлари ҳақида шундай ёзган эди:” Касоий Эроннинг буюк классик шоирларидандир. Ундан бизгача  кам мерос қолган  шеърларида ҳам  унинг фикрининг кенглиги, хаёл диққати, балоғат ҳусни ва табъ бароати яққол кўзга ташланади.

Касоий шеърлари латофат ва мумтоз ташбиҳга эга ва ушбу фанда унга етадиганларнинг сони камдир. Носир Хусрав Касоий номини кўп тилга олган ва у билан назм изҳорида рақобат  қилган.”

Форс адабиётининг  ҳозирги етук вакиларидан бири доктор Шафиъий Кадканий  “Сувари хиёл” номли китобида  шоир Касоий Марвазий ҳақида шундай ёзган эди:” Хаёл суратлари ва айниқса, табиат заминасида бўлган  тасвир хиллари назаридан  Касоий шеъри тўртинчи ҳижрий асрдаги энг яхши шеърлардан ҳисобланади. Афсуски, ушбу шоирнинг девони йўқ бўлиб кетган ва ундан фақат тарқоқ ҳолда бир неча қитъа шеърлар қолган. Бироқ ўша турли  шеърлардан қолган байтларда ҳам ҳижрий тўртинчи аср шеърининг  юксак намуналарини энг комил бўлган васфда мушоҳада этиш мумкин.”

Шоир Касоий Марвазий  шеърларида васф ва мадҳ этиш қобилиятига эга бўлиш билан бирга мавъиза ва ҳикматда ҳам пешқадам бўлган ва ашъорида ушбу мавзуларни маҳорат билан баён қила олган. Касоийнинг  ушбу заминадаги маҳоратлари буюк шоир Носир Хусрав Қабодиёнининг ижодига ҳам салмоқли ҳисса қўшган.

Шоир Касоий Марвазийнинг диний шеърлари Хуросонда мавжуд  шеърият ва  санъат жиҳатларини, Эроннинг ижтимоий тарихини, фикрий усулларнинг турлича эканлигини ўша асрда аниқлашда катта аҳамият касб этади. Шоир Касоий ўзининг ушбу шеърлари билан милодий ўнинчи асрнинг диний, сиёсий ва ижтимоий  вазиятини  ифода этган. Касоий шеърларида баён этилган ўша даврда мавжуд қийинчилик ва муаммолар  бобида жиддий тадқиқотларни амалга ошириш мумкин.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Cуҳбатимизнинг иккинчи қисмида  сизни  Эроннинг  бошқа етук шоирларидан бири Фаррухий  Сиистонийнинг ҳаёти ва ижоди билан таништирамиз.

Фаррухий номи билан машҳур бўлган Абулҳасан Али бин Жулуғ  Сиистоний  қамарий 4 асрнинг охири ва 5 асрнинг авваларида яшаб ижод қилган. У ўзининг даврида танилган  етук  шоир бўлган ва кейинги даврларда ҳам унинг шуҳрати  форс  адабиётида кам бўлмаган. Фаррухийнинг болалик ва ўсмирлик ҳаёти борасида бизгача бирон маълумот етиб келмаган. Ҳатто  катта ном ва эътиборга эга бўлган ушбу шоирнинг туғилган тарихи ҳам маълум эмас.

Айрим ривоятлар ва далиллар асосида унинг туғилган кунини тахминий тарзда  аниқлаш мумкин. Баъзи тарихий манбаларда ёзилишича, у Дақиқий Балхийнинг ўлдирилганидан  бир неча йил ўтганидан кейин  таваллуд топган ва ёшлигида Чағонийлар дарборларига йўл топган.

Етук  шоирлардан бўлган  Лабибийнинг фикрича, Фаррухий вафот  этган пайтида ҳам ёш бўлган. Ушбу фикрлар асосида айтиш мумкинки, у қамарий тўртинчи асрнинг охирларида дунёга келган.

Униг шоирлик ҳаётини бошлаши ҳақида шуни айтиш мумкинки,  машҳур тазкиранавислардан бири Низомий Арузий Самарқандийнинг ёзишича, у гўзал шеърлар ёзган  ва чанг номли мусиқа асбобини ҳам чалган.

Фаррухийнинг вафот қилган йили ҳам маълум эмас. Тадқиқотчилар ва тазкиранависларнинг тахмин қилишларича,  у, эҳтимол, ҳижрий-қамарий 429, милодий ҳисоб билан 1039 йилда Ғазнинда оламдан ўтган. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, Фаррухий Ғазнавийлар дарборининг шоирларидан бўлган ва ушбу сулола шоҳларини мадҳ қилган. Ҳижрий-қамарий 432 йилда  султон Масъуд оламдан ўтганидан кейин Фаррухий ушбу сулоладан бўлган бошқа бирон шоҳни шеърларида  мадҳ қилмаган.

Шоир Фаррухийнинг девонида шоҳ Масъудга бағишланган фақат 11та қасида мавжуд ва бу нарса эса унинг султон Масъуддан олдин вафот этганини кўрсатади. Фаррухийнинг отаси Саффорийларнинг  Сиистондаги охирги амири Халафбону бин Аҳмаднинг қулларидан бири  бўлган.  Шоир Фаррухий ёшлигидан бошлаб турли илмларни ўрганган ва мусиқа асбобларини чалишда ҳам катта  маҳоратга  эга бўлган.
Фаррухий шоирлик фаолиятини бошлаш вақтида оғир иқтисодий аҳволда бўлган ва сабабдан у Сиистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Ўша вақтда Сомонийлар томонидан Чағонийлар  аморати учун амир тайинланган  ҳукмдор  шоир ва ёзувчиларни ўз дарборига йиғарди ва уларга катта ғамхорлик қиларди.

Фаррухий ҳам Чағонийлар амирининг ушбу меҳрибонлигини эшитган эди ва унинг дарборига боради ва  унинг дарборида икки йил давомида бўлган вақтида  ушбу амирни  мадҳ этиб, қатор шеърлар ёзади. Кейин Фаррухий шоҳ Маҳмуд дарборига боради ва унинг мадҳида шеърлар ёзади ва дарборнинг хос шоирлари қаторида  ҳам  жой олади.

Фаррухий шоирлик маҳорати ва гўзал шеърлари баракати ҳамда  мусиқа асбобларини чалишда ҳам моҳир бўлгани боис Маҳмуд дарборида катта обрў-эътибор  ва бойликка эга бўлади.

  Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.