август 27, 2016 05:52 Asia/Tashkent

Тингловчи сўҳбати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Биз ва тингловчи" номланган ҳафталик эшиттиришнинг янги сони  яна эфирда. Бизни тинглаб  борасиз деган умиддамиз.

Кўплаб тингловчиларимиз Эрон мусиқаси ҳақида маълумот беришимизни сўрашган. Бугунги суҳбатимизда форсийзабон халқлар ва Шарқ мусиқасининг асосчиси Борбад тўғрисида сизга маълумот бермоқчимиз.

Ҳар гал Рудакий, Фирдавсий, Ибн Сино, Низомий, Жомий сингари улуғ санъаткорлар асарларини ўқиганда «Суруди Борбад», «Борбад оҳанги», «Борбад усули», «Борбадона тарона» сингари сўз ва ибораларга дуч келасиз. Ана шундай кезларда «Борбад ким?», «Бу қандай оҳанг бўлди?» каби саволлар ақлни банд қилади. Биз ҳам жумбоқни ечмоқ учун кўп кўҳна манбаларни, қомусларни варақладик, шарқшунос ва мусиқашуносларнинг асарларини ўқиб чиқдик ва ниҳоят топганларимизни, ўрганганларимизни дўстлар билан баҳам кўришни лозим топдик.
Борбад шарқда биринчи касбий мусиқашунос, бастакор, ҳофиз ва шоир бўлган. У тахминан 585 йили Марвда дунёга келган. Бўлажак бастакор Ажам мамлакатларидаги мадрасаларда таълим олган. Йигитлик йиллардаёқ халқ куйларини маҳорат билан ижро этиш ҳамда қўшиқ айтишда ном чиқарган. Замонасининг ҳукмронлари ёш ҳофизни саройга жалб этишга интиладилар. Эрон шаҳоншоҳи Хусрав Парвиз уни саройга даъват этиб, созанда ва ҳофизларга сардор қилиб тайинлайди. Борбад саройдаги ортиқча базм-дабдабалар, беҳуда уруш юрушларга қарамай, ижодий ишлар билан жиддий шуғуллади, ёш ҳофиз мусиқачилар тарбиясига алоҳида эътибор беради. Сосонийлар сулоласи даврида етишган машҳур созандалар Некисо Чангий  Бомшод, Ромтин, Озодвор Чангий, Гесўи Новагар, Саркаш ва Сакраб бевосита ёки билвосита Борбад шогирдлари ҳисобланадилар. Борбад оҳангсоз ва ҳофизгина бўлиб қолмай, истеъдодли шоир ҳам бўлган. Унинг аксарият куйлари ўз шеърлари матнига ёзилган. Ўша даврдари ҳижоли (бармоқ вазнига яқин ) янги шеърий шакл ихтиросчиси ҳам Борбад бўлган.
Табиатан шоир, созанда, бастакор, ҳофиз ва раққос бўлган Борбад ижоднинг илк паллаларидан бошлабоқ асарларида табиат кўрки, Наврўзнинг бетакрор чиройи, ҳаёт нашидасини куйлашга, ифодалашга интилган. Бастакор ижодининг тадқиқотчилари унинг «Наврўзи Бўзруг» «Гулзор», «Сабз баҳор», «Роҳи гул », «Ороиши хуршеду моҳ», «Абҳари куҳан», «Равшанчароғ», «Полизбон», «Дилангизон» сингари асарларида бевосита табиат гўзаллигини акс этганлигини уқтирдилар. У ҳафтанинг етти кунига нисбат бериб, «Хусравоний» оҳанглар тўпламини, ойнинг 30 кунига қиёслаб ўттиз лаҳн (қуй, мақом йўлини ), йилнинг 360 кунига бағишлаб шунча тарона яратган. Борбад яратган қуй ва тароналарнинг кўпчилиги бизнинг замонамизгача ўзгаришсиз айнан етиб келган, халқ томонидан куйланиб, китобга кўчиб келмоқда.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда

"Биз ва тингловчи"  рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  тинглаяпсиз. Эслатиб ўтамиз,  сиз ушбу эшиттиришлар орқали фикр- мулоҳаза ҳамда таклиф ва танқидларингизни  радиомизнинг янги интернет сайти  ParsToday.com / uz ва  электрон манзилимиз uzbeki@ ParsToday.com  ҳамда мобайл апликешн орқали   бизга юборишингиз мумкин.

Биз билан ушбу телефон рақамлари  орқали ҳам боғланишингиз  мумкин:+98939736 25 45 Машҳад шаҳри, +998974500185 Тошкент шаҳри.

Қўнғироқларингизни кутиб қоламиз.

Ҳозир эса   тошкентлик  тингловчиларимиздан бири  Таваккалхўжа Насриддиновнинг  қилган суҳбатини биргаликда эшитамиз.

Азиз тингловчимиз Таваккалхўжа Насриддиновнинг   суҳбати эди.

Эшиттиришимиз давом этади.

Мусиқашуносларнинг аниқлашларича Борбад ихтиро этган барбат мусиқа асбоби, «Зефарқанд», «Нуҳуфт», «Рост», «Наврўз», «Оромиши жон», «Дарғам», «Гулнўш» каби куй ва тароналари араб ҳамда усмоний турк созандалари, оркестр ва ансамбллари репертуаридан ҳамон мустаҳкам ўрин эгаллаб келмоқда.

 Барбат ўрдак кўксига ўхшаган калта гарданли чолғу асбоби бўлиб, бам, мусаллас, муссано, зер деб аталувчи тўрт тордан иборат бўлган. Кейинчалик Залзал Розий, Исҳоқ Мавсилий (VIII-IX асрлар) Исо Барбатий (XI аср) ва бошқа созанда, бастакор, мусиқашунослар барбатнинг тор ва пардаларини, усул ва шаклини такомиллаштирганлар. Бастакорнинг араб мамлакатларида Баҳлбат, Паҳлапаз ва Фаҳлбаз, Борид тахаллуслари билан кенг шуҳрат қозониши ҳам шундан далолат беради. Борбад мусиқий мажмуалардаги барча қўшиқ матнларни ўзи ижод этган. Шарқ мусиқий билими, донишмандларнинг уқтиришларича, «Яздон офарид», «Сабзори сабз», «Партави фархор», «Кини Сиёвуш», «Боғи Шаҳриёр», «Шабдиз» сингари мавсум ва маросим қўшиқлари ана шулар жумласидандир. Бу асарларнинг айримлари Шарқ мусиқасининг шоҳ асарлари бўлмиш «Дувоздаҳ мақом», «Шашмақом», «Ҳафт дастгоҳ», «Ҳафтмақом» таркибида ҳозир ҳам яшаб келмоқда». Шашмақом» оҳанглари силсиласидаги «Зефарқан», «Хусравони», «Наврўзи Бўзруг», «Наврўзи Ажам», «Наврўзи Хоро» мақом йўлларида Борбад ижодининг анъаналари бевосита давом этмоқда.

Қадрли   мухлислар, "Биз ва тингловчи" рукни остидаги туркум эшиттириш билан ҳамкорликни янада фаоллаштирасиз деган умиддамиз. Бундан кейин ҳам  Эрон радиоси орқали эфирга узатилаётган эшиттиришлар борасида қимматли маслаҳатларингизни бизга дариғ тутманг.  Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.