Биз билан Эронга келинг
"Пешкуҳ" ўрмон парки
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу дастур орқали Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз. Суҳбатларимизни тинглаб боринг.
Олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек,
Ҳижрий-қамарий 513-618 йилларда яшаган машҳур ориф ва ҳайдария фирқаси асосчиси Қутбиддин Ҳайдарнинг мазори Турбати Ҳайдария шаҳрининг ичида жойлашган ва ва ушбу мақбара Сафавийлар давридан қолган обидалардан ҳисобланади. Мазкур мақбара баланд айвон, кириш йўлаклари, гунбаз ва хонадан иборатдир. Гунбаз остида бўлган хонанинг масоҳати 100 метрни ташкил этади ва ташқи кўринишда унинг нақшаси хочни эслатади. Қабр уcтида ёғочдан қурилган панжара ё зариҳ ҳижрий- қамарий 987 йилда қурилган. Кириш йўлаги охирида меҳроб ҳам мавжуд. Йиллар давомида ушбу мақбара биносига катта эътибор қаратилган ва кўплаб таъмирлаш ишлари ҳам амалга оширилган.Турбати Ҳайдария тумани жуғрофик мавқейи сабабли жозибали табиий манзараларга ҳам эгадир. Туман шимолида жойлашган юқори ва пастки Кома боғлари, Ҳисор ва Санубар дарёлари, Рудмаъжaн шаршараси, ов қилиш учун мавжуд жойлар Турбати Ҳайдариянинг табиий жохибаларидан ҳисобланади. Шаҳарнинг дам олиш жойлари эса ”Миллий истироҳат боғи” ва “Пешкўҳ” ўрмонли парки ҳисобланади. Қўриқланган табиий минтақалар эса Турбати Ҳайдария туманининг шарқида Зова тумани тепаликларида жойлашган. Қўриқланган ушбу минтақаларда турли ёввоий ҳайвонлар ва нодир қушларни кўриш мумкин. Кийик, тоғ эчкиси, бўри, сиёҳсина аталувчи жонвар, қарақовул, бургут ва бошқа мавжудотлар мазкур минтақада яшаш учун қулай шароитларга эга.
Турбати Ҳайдария туманининг Талои Сурх шаҳрига яқин бўлган тепалар, тоғ этаклари ҳамда ушбу шаҳарнинг жануби-шарқий гўшасида жойлашган “Пешкуҳ” тоғли парки 800 гектар масоҳатга эгадир. “Пешкуҳ” тоғли паркининг табиий манзаралари кўллари ва паркда яратилган шаршаралар, болалар учун қурилган ўйин майдонлари Хуросони Разавийнинг туристик минтақаларидан ҳисобланади. Мазкур паркда сайёҳ ва зиёратчилар учун вақтинча яшаш жойлари бўлган “Сомин” камп ҳам қурилган. Сайёҳ ва зиёратчилар мазкур кампларда дам олиб, сафарларини бошқа шаҳарларга давом эттиришлари мумкин.
Хуросони Разавий вилояти Хуросон вилоятларидан бири бўлиб Эроннинг шимол-шарқида жойлашган ва шамсий 1383-йилда Хуросон вилоятини 3 вилоятга тақсимлашдан кейин вужудга келди.
Бу вилоят 127 минг 432 километр квадрат умумий майдонга эга бўлиб шимолдан Туркманистон республикаси, шимол-ғарбдан Шимолий Хуросон вилояти, ғарб томонидан бўлса, Язд ва Симнон вилоятлари билан чегарадошдир.
Бу вилоятнинг муҳим шаҳрларидан Нишопур, Сабзавор, Кошмар, Турбати Жом ва Сарахс шаҳрларини тилга олиш мумкин.
Хуросони Разавий вилояти географик жойлашув нуқтаи назаридан икки қисм, жанубий ва шимолий қисмга бўлинади. Унинг шимолий ҳудудлари ҳосилдор экинзорлар ва чорвачилик каби қишлоқ хўжалигидан иборат бўлиб, унинг жанубий қисмида эса кам ўсимлик ўсадиган чўл-биёбонлар мавжуддир.
Хуросони Разавий вилояти турли минтақаларга эга бўлиши билан бирга ўзига хос иқлимга эгадир.
Вилоятнинг энг баланд нуқтаси 3615 метр бўлган Бинолуддир ва энг паст нуқтаси эса денгиз сатҳидан 299 метрни ташкил этувчи Сарахс чўли ҳисобланади.
Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган ярим соатлик тонги дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.
Эрон шимоли-шарқида жойлашган йирик Машҳад шаҳри Хуросони Разавий вилоятининг марказидир ва унинг масоҳати 288 квадрат километрни ташкил этади. Мазкур шаҳар Бинолуд ва Ҳазор Масжид тизма тоғлари ўртасида қарор топган. Муқаддас Машҳад шаҳри денгиз сатҳидан 1050 метр баландликда жойлашган. Ушбу шаҳардан Теҳронгача бўлган масофа 966 километрдан иборатдир. Машҳад шаҳрининг аҳолиси 3 миллиондан кўпроқдир ва Теҳрондан кейин Эронда аҳолиси кўплиги жиҳатидан иккинчи йирик шаҳар ҳисобланади.
Машҳад шаҳри тарихий ёдгорликлар ва сайёҳлик жозибалари бўйича Эронда муҳим ўрин тутади ва ҳар йили ушбу шаҳарга кўплаб хорижий сайёҳлар келишади. Ислом Пайғамбари (с)нинг суюкли неваралари ва шиаларнинг саккизинчи Имоми ҳазрат Али бин Мусарризо (а)нинг пок ҳарамлари Машҳад шаҳрининг энг машҳур обидаларидан ҳисобланади.
Мазкур вилоятда мавжуд бошқа машҳур тарихий ёдгорликлар билан ҳам сизни таништириб ўтдик.
Ушбу йирик ва гўзал вилоят борасидаги маълумотлар агар сизга манзур тушган бўлса, бу ҳақида бизга ёзиб юборинг.
Хуросони Разавий вилоятига доир эшиттиришларимизни шу ерда тамомлаб, кейинги суҳбатимизда сизни Жанубий Хуросон вилояти борасидаги маълумотлар билан таништирамиз.
Азиз тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.