Тарихнинг ўчмас кунлари
Бугун шанба, ҳижрий-шамсий 1397 йил урдибиҳишт ойининг 8-си, ҳижрий-қамарий 1439 йил шаъбон ойининг 11-си ва милодий ҳисоб билан 2018 йил 28-апрель
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар!
"Тарихнинг ўчмас кунлари" унвонли кундалик эшиттиришнинг янги сони билан мен Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
Бугун шанба, ҳижрий-шамсий 1397 йил урдибиҳишт ойининг 8-си, ҳижрий-қамарий 1439 йил шаъбон ойининг 11-си ва милодий ҳисоб билан 2018 йил 28-апрель.
Бундан 1406 йил олдин, яъни ҳижрий-қамарий 33 йилнинг 11-шаъбон ойида Ислом Пайғамбари (с)нинг невараси, Имом Ҳусейн (а) катта ўғиллари ҳазрат Али бин Ҳусейн (а) Мадинада таваллуд топганлар. Ул ҳазрат кўп жиҳатлари билан пайғамбарга ўхшардилар ҳамда боболари Имом Али (а) ва оталари Имом Ҳусейн (а) дан кўп фазилатларни ўрганган эдилар. Ул киши укалари билан отдош бўлганлари боис Али Акбар , яъни каттароқ Али номи билан танилган эдилар. Умавийлар ҳукуматининг зулмига қарши Имом Ҳусейн (а) кураш бошланганлари вақтида Али Акбар (а) ҳам жуда фаоллик билан ушбу ҳаракатларда иштирок этган эдилар. Ҳижрий –қамарий 61 йилнинг 10-муҳаррам ойида Карбало даштида Имом Ҳусейн (а) ва ёронлари билан Язид бин Муовия қўшуни ўртасида бўлган қонли тўқнашувда Али Акбар (а) шаҳид бўладилар.
Эрон Ислом Жумҳуриятида ул ҳазратнинг туғилган саналари “Ёшлар куни” номини ҳам олган.
Бундан 26 йил муқаддам, милодий 1992 йилнинг 28-апрелида Афғонистоннинг мужоҳидин гуруҳи Шўролар Иттифоқининг армияси ва ушбу мамлакат тарафдорлари билан 13 йил давомида кураш олиб борганидан сўнг ғалаба қозонди. Шўролар Иттифоқининг ҳарбийлари Афғонистонда 10 йил ишғолгарликларидан кейин милодий 1989 йилнинг февраль ойида мазкур мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишади. Аммо Афғонистондаги сиёсий гуруҳларнинг ўртасида ҳамжиҳатликнинг бўлмагани ва уларга хорижий кўмакларнинг камайгани Шўролар Иттифоқи томонидан ҳарбий ва молиявий ёрдамлар олган кучларнинг Афғонистон ҳукуматида қолишига сабаб бўлади.
Милодий 1992 йилнинг апрель ойида эса Афғонистоннинг мужоҳидин кучлари мамлакат пойтахти Кобулни ўз қўлларига олишади ва Шўролар Иттифоқига қарам бўлган ҳукумат инқирозга учрайди.
Бундан 910 йил олдин, яъни ҳижрий-қамарий 529 йилнинг 11-шаъбон ойида Эроннинг буюк шоири, ҳакими ва орифи Саноий Ғазнавий Ғазнинда оламдан ўтган. У ҳижрий-қамарий 467 йилда дунёга келган ва ёшлигида айрим султонларни мадҳ этган. Аммо бу каби ишлардан қўл тортиб, у ирфонга юзланади. Шундан кейин у тақводорлик, поклик ва халққа хизмат қилишни ўзига касб этиб олади. Шеърларида эса золим ҳукмдорларни танқид қилишни бошлайди. Саноий форс шеъриятининг усулларини ўзгартиришда ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган. Айниқса, у қасида ва ғазал тузилмасида янгича ҳолатни юзага келтиради. Саноийнинг энг муҳим асарларидан бири “Ҳадиқат ул-ҳақиқат” бўлиб, уни у назм шаклида ва маснавий жанрида ёзган. Ушбу асарда шоирнинг ахлоқий ва ирфоний фикрлари ифода этилган. “Илоҳийнома”, “Корномаи Балх”,”Тариқ ут-таҳқиқ” Саноий Ғазнавийнинг бошқа муҳим асарларидан ҳисобланади.
Азизлар, “Тарихнинг ўчмас кунлари” унвонли ҳафталик эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.