Биз билан Эронга келинг
Жанубий Хуросон вилояти
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу дастур орқали Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз. Суҳбатларимизни тинглаб боринг.
Саёҳатни хуш кўрувчи муҳтарам мухлислар, айтиш жоизким,
Эронда диққатга сазовор жойлар жуда кўп ва хилма-хилдир.
Агар кимдир Эроннинг диққатга сазовор жойлари билан танишишни хоҳласа, унга камида уч ой керак бўлади.
Дарҳақиқат, саёҳат дастури, ҳар доимгидек, вақт, имконият ва сайёҳнинг истаклари билан боғлиқ, албатта. Эрон қизиқарли саёҳат учун қулай турли имкониятларга эга учта мамлакатдан биридир.
Беҳисоб музейлар, гўзал боғлар, бозорлару турли тижорат марказлари, зиёратгоҳлар, чиройли кўчалар, тарихий обидаларга эга Теҳрондан ташқари сайёҳларга аввало Исфаҳон, Шероз, Машҳад шаҳарларини, сўнг Кирмоншоҳ, Табриз, Язд, Кирмон, Шуш шаҳарларини, шунингдек, Гилон ва Мозандарон, Оби Гармнинг ям-яшил ва чиройли қирғоқларини, гуллаётган Ардабилни, Ҳамадон ғорларини, Киш оролининг гўзал қирғоқларини томоша қилиш тавсия этилади.
Мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш учун турли транспорт имкониятлари, яъни самолёт, поезд, автобус, такси каби транспорт турлари мавжуд. Шуниси эътиборлики, ички транспорт йўналишлари баҳоси бошқа мамлакатларникидан анча арзон нархда. Бироқ, транспорт турини танлаш сайёҳнинг имкониятларига боғлиқ бўлиб қолишидан ташқари , йўналишга, яъни у танишмоқчи ва кўрмоқчи бўлган жойга ҳам боғлиқдир. Ҳар бир сайёҳ ўз вақтини яхши ўтказиш учун ички туристик сайёҳлик бўлимларига ёки ҳеч бўлмаса шундай фирмалардан маслаҳат олмоғи лозим.
Энди сиз билан Эроннинг бошқа муҳим минтақаларидан бири бўлган Жанубий Хуросон вилояти бўйлаб саёҳат қилишни бошлаймиз.
Жанубий Хуросон вилояти Эроннинг энг шарқий бўлган вилоятлардан бўлиб, унинг масоҳати 151193 квадрат километрни ташкил этади. Мазкур вилоят шарқ томондан Афғонистон юрти, шимол томонидан Хуросони Разавий, ғарбдан Язд ва Кирмон вилоятлари ҳамда жануб томонидан Сиистон ва Балучистон вилояти билан чегарадошдир. Жанубий Хуросон Эроннинг энг муҳим бўлган зиёрат шаҳри муқаддас Машҳад шаҳри ва Эроннинг жанубий вилоятлари билан боғловчи марказий трассада жойлашган.
Бу вилоятнинг иқлими қуруқ ва биёбонли бўлиб, ёмғиргарчиликнинг ўртача мезони бир йилда 150 миллиметрни ташкил этади. Жанубий Хуросон милодий 2004 йилда Эрон Ислом Жумҳурияти ҳукумати қарори билан Хуросон вилояти уч қисмга тақсимланганидан кейин ташкил этилган эди. Жанубий Хуросон вилоятининг маркази Биржанд шаҳри ҳисобланади. Мазкур вилоят 11та тумандан ташкил топган.
Жанубий Хуросон зиришк ва узум маҳсулотларини етиштиришда мамлакатда биринчи ўринда, заъфарон ва пахта маҳсулотларини ишлаб чиқаришда эса иккинчи ўринда туради. Мазкур минтақада писта, ёнғоқ, зардоли, тут, шоҳтут, шафтоли, анжир, жийда, гилос ва хурмо дарахтларига эга катта боғларни кузатиш мумкин.
Ушбу вилоят қанд лавлависини ишлаб чиқариш бўйича Эронда саккизинчи ўринда туради. Мазкур вилоятда полиз маҳсулотлари билан биргаликда буғдой, арпа, дуккакли маҳсулотлар ва шифобахш ўсимликларни етиштириш ҳам кенг йўлга қўйилган.
Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган ярим соатлик тонги дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.
Жанубий Хуросон вилоятида ер ости бойликлар ва кўплаб маъдан конлари ҳам мавжуд. Масалан, Эроннинг магнезиумнинг қатлам ва захиралари фақат ушбу вилоятнинг Биржанд ва Сарбиша туманларида топилади.
Бунга илова Эроннинг асбест кони ва захиралари ҳам ушбу вилоятда жойлашган. Бентонит, гранит, оқ тупроқ, бозолит каби минераллар ҳам Жанубий Хуросон конларида мавжуд бўлиб, улардан кенг кўламда фойдаланилади. Мазкур вилоятда сифати жаҳон бозорларида юқори баҳоланадиган мис ва олтин конлари ҳам бор.
Айтиш лозимки, халқ ҳунармандчилик санъати ҳам ушбу вилоятда кенг ривожланган. Қолин ва бошқа гилам турларини тўқиш, кулолчилик, мис маҳсулотларини қўлда ясаш, заргарлик, каштадўзлик, кигиз тайёрлаш, сабатлар тўқиш шулар жумласидандир.
Жанубий Хуросон шаҳрининг маркази Биржанд шаҳри денгиз сатҳидан 1480 метрлик баландликда ҳамда Эрон пойтахти Теҳрон шарқидан 1320 километрлик узоқликда жойлашган. Мазкур шаҳарнинг номи Биржанд, Бирканд, Бирганд ва Биркан номлари билан айрим луғатнома ва тарихий китобларда учраган. Биринчи бор ушбу сўз ҳижрий-қамарий еттинчи асрда ёзилган “Мўъжам албулдон” китобида учрайди.
Машҳур сайёҳ, жуғрофидон ва тарихчилар Марко Поло, Ёқут Ҳамавий, Мақдасий, Ҳамдуллоҳ Муставфий китобларида ҳам Биржанж шаҳрига ишоралар этилган.
Жанубий Хуросонда Биржанд шаҳри тарихий воқеалардан энг бой бўлган минтақалардан бири ҳисобланади.
Азиз тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.