май 08, 2018 14:55 Asia/Tashkent

Носир Хусравнинг ҳаёти ва ижоди

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги  суҳбатимизда буюк эронлик шоир ва файласуф Носир Хусравнинг ҳаёти ва ижоди борасида маълумот беришни бошлаган эдик.

Носир Хусравдан қолган китоблардан маълум бўлишича, у фазл ва адаб аҳлидан бўлган оилада дунёга келган. Давлат ва девон ишлари билан шуғулланган. Унинг ҳаёти пастлик ва баландликлардан тўла бўлган. У болаликдан бошлаб ўша вақтда   муҳим ҳисобланган  турли  билим ва фанларни ўрганган.

Бошланғич маълумотни она юртида олади. Носир Хусрав кейинчалик Балх ва  Марв  мадрасаларида таҳсилни давом эттирди, диний, дунёвий билимларни эгаллади. Унинг исми Абу-Муъиниддин Носир, отасиники эса Хусрав бўлиб, шеърларида «Ҳужжат» тахаллусини қўллаган.
Адабиёт ва илм оламида Носир Хусрав унвони билан танилган адиб ёшлигидаёқ қатор тиллар ва фанлар (ал-жабр, муқобала, ҳандаса, мантиқ, нужум, ҳайъат, тиббиёт, тиб, фалсафа, фиқҳ, тарих, калом, мусиқа, аруз ва бошқалар)ни пишиқ ўрганган. Носир Хусрав олдин маълум муддат Ғазнавий ҳукмдорлардан Султон Маҳмуд Ғазнавий ва унинг ўғли Масъуд салтанати даврида расмий лавозимларда, яъни мирзалик қилган, солиқ маҳкамасини бошқарган. Манбаларда берилган маълумотларга кўра, унинг Салжуқийлар салтанатида хизматда бўлганлиги хусусида ҳам айрим ишоралар сақланган. Бироқ Сарой муҳитининг аянчли манзаралари истеъдодли шоирга манзур тушмади. Амалдору мулозимлар, руҳонийлар манфаатпараст шоирларнинг нафс учун паст кетишлари, ҳар қандай разилликларга тайёр туришлари, авжига чиққан мадҳиябозликлар Носир Хусравнинг кўзини очди.
Унинг шеърияти ва илмий қарашларида танқиднинг кучайишига замин яратди. Ана шу омиллар унинг маънавий дунёсида бурилиш ясади, у ҳақиқат излаш ва халқ хизмати учун ижодий, фикрий изланиш билан шуғулланишга киришди. Жумладан, давлат хизматида ўтган йиллар унинг ҳаётий тажрибасини анча оширади. У бир тарафдан юқори табақалар ҳаёти, уларнинг мамлакат ва халқни бошқариш сиёсатидан воқиф бўлса, иккинчи томондан, оддий меҳнаткаш халқ турмуши, ҳунарманд, деҳқон ва бошқа касб эгаларининг жамиятдаги ўрнига оид бевосита кузатиш ва тажрибалари унинг асарларида акс этган.
Носир Хусрав 1045 йилда давлат хизматидан бўшаб, сафарга отланади. Унинг бу сафари етти йилга чўзилиб, 1052 йилгача давом этади. Алломанинг сафар хотиралари унинг «Сафарнома» асарида акс этган.

Ўша даврларда ислом динидаги икки асосий мазҳаб бўлган суннийлик ва шиалик ҳам ўз навбатида бир неча оқим ва фирқалардан иборат бўлган. Носир Хисрав шиа мазҳабидаги исмоилия оқимининг фаол тарафдори бўлди. У Мисрда бўлганида бу ерда давлат мафкураси даражасига кўтарилган исмоилия ғоялари баъзи жиҳатлари билан уни ўзига ром қилади.
Маълумотларга кўра, у фотимийлар тариқатига киради ва исмоилийлар маслагини қабул қилади. Фотимийлар бутун дунёни эгаллашни мақсад қилиб, уни 12 жазира (орол)га бўлган эдилар. Носир Хисрав Хуросон бўйича жазира бошлиғи – Ҳужжат этиб тайинланган. Баъзи тадқиқотчилар Носир Хисрав бундан олдин Ҳиндистонда бўлганда Мўлтон шаҳрида исмоилийлар жамоалари билан илк бор яқинлашгани, унинг ғарбий ўлкаларга сафар қилишдан кўзлаган асосий мақсдаларидан бири ҳам айни шу исмоилия таълимоти билан чуқурроқ танишиш бўлганлиги ҳақида фикрлар билдирганлар.
Носир Хисравнинг сафардан ватанига қайтиб келиши биланоқ, исмоилия таълимотини тарғиб қилиб бошлаган даъватчилик фаолияти сунний мазҳабидаги ҳукмдорларга ёқмади.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Шу сабабли шоир қувғин ва таъқибларга учраб, бир қанча муддат Мозандарондек хилват ўлкада яшириниб юради. Бироқ ватанидан жудоликка тоқат қилолмай, тахминан 1060 йилда Бадахшонга келади ва Помир тоғлари орасида Юмғон қишлоғида паноҳ топади. Бу ерда у асосан ижодий иш билан машғул бўлади.

Исмоилияга бўлган эътиқодидан воз кечмай, Миср ҳукмдорлари билан мактублар ёзишиб туради. Унинг даъватлари натижасида Бадахшонда исмоилийлар жамоаси вужудга келади ва улар асрлар давомида ўз эътиқодларига содиқ бўлиб қоладилар. Носир Хисрав Юмғонда яшаган йиллари йиққан ҳаётий тажрибалари, улкан истеъдоди, қомусий билимларига таяниб, у турли мавзуларда бир неча дурдона асарлар яратишга муваффақ бўлди. Ушбу асарлардаги ўткир фалсафий фикрлар, чуқур донишмандлик, мураббиёна ўгитлар туфайли Шарқ ўлкаларида адиб номига эҳтиром юзасидан «Ҳаким» сўзи қўшиб айтиладиган бўлди.
Носир Хисрав адабий, илмий, фалсафий, ҳикматий асар ва рисолаларини ўша давр анъанасига кўра, дарий ва араб тилларда яратган. Мутафаккирнинг иккита шеърлар девони (бири форсий, иккинчиси араб тилида), «Рўшноинома» ва «Саодатнома» маснавийлари, «Зод ул-мусофирин», «Важҳи дин», «Хон-ул-ихвон», «Бўстон ул-уқул», «Далил ут-мутахаййирин», «Жомеъ ул-ҳикматайн», «Рисола дар жавоби 99 саволи фалсафи», «Кушойиш ва раҳойиш» каби кўплаб шеърий ва насрий асарлари мавжуддир.
Жумладан, «Рўшноинома» ихчам маснавий бўлиб, достон 592 байтдан иборат. Шоир ўзининг фалсафий қарашлари баён этилган йирик насрий асарларидаги баъзи масалаларни «Рўшноинома»да шеърий шаклда мухтасар тарзда баён этган. Асарда, жумладан, «Инсон фитрати», «Инсон шарафи», «Комил инсон сифати», «Мақтовли ва ярамас хулқлар», «Жоҳиллар ва риёкорлар мазаммати», «Ақл таърифида», «Фалак ва юлдузларнинг яратилиши», «Тўрт унсур сифати», «Зохирий ва ботиний сезгилар» ва ҳоказо фасллар мавжуддир. «Ўзликни билиш ҳақида» фаслида мутафаккир шоир шундай хитоб қилади:
 Ўз вужудингни билиб олгин,
 Шундан сўнг мажлислар тўрида ўтиргин.


Адибнинг насрий асарлари орасида «Сафарнома» номли нодир китоби алоҳида ажралиб туради. «Сафарнома» Носир Хисравнинг ғарбий ўлкаларга саёҳат қилган етти йиллик (1045-1052) даврда кўрган- кечирганлари баёнини ўз ичига олади. Асар бизгача жуда кам қўлёзма нусхаларда сақланиб қолган. Улардан энг қадимийси милодий 1691 йилда, яъни муаллиф вафотидан 600 йилдан кўпроқ вақт ўтгач кўчирилган. «Сафарнома»да муаллифнинг таржимаи ҳолига оид кўпгина маълумотлар мавжуд.
Асар ғарбий ўлкаларга қилинган саёҳат хотираларидан иборат бўлсада, ундан Носир Хисравнинг олдин Ҳиндистон мамлакати ва турклар диёрида ҳам бўлганлиги англашилади.

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.