май 20, 2018 14:49 Asia/Tashkent

774-қисм« Сабо " муборак сураси  46-47-ояти карималарининг шарҳи.

Суҳбатимиз ибтидосида  «Сабо " муборак сураси 46-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

قُلْ إِنَّمَا أَعِظُكُم بِوَاحِدَةٍ ۖ أَن تَقُومُوا لِلَّـهِ مَثْنَىٰ وَفُرَادَىٰ ثُمَّ تَتَفَكَّرُوا ۚ مَا بِصَاحِبِكُم مِّن جِنَّةٍ ۚ إِنْ هُوَ إِلَّا نَذِيرٌ لَّكُم بَيْنَ يَدَيْ عَذَابٍ شَدِيدٍ ﴿٤٦﴾

Бу ояти карима   қуйидагича таржима қилинган:

Сен: «Мен сизга биргина насиҳат қиламан: Аллоҳ учун холис, якка-якка ва тўп-тўп туриб бир фикр юритиб кўринглар. Соҳибингизда жинга оид ҳеч нарса йўқ. У сизларга шиддатли азобдан олдинги огоҳлантиргувчи, холос», деб айт. (Хоҳласангиз, биров ҳалақит бермаслиги учун якка-якка туриб фикр юритинг. Хоҳласангиз, жамланиб, бир-бирингизни тўғрилаб, кўплашиб фикр юритинг. Фикрланг, ўйлаб кўринг-а! Соҳибингиз, биродарингиз ва ўзингиз яхши таниган шахс бўлмиш Муҳаммадда (с. а. в.) жинга оид ҳеч нарса йўқ. У жинни ҳам эмас, жинлар билан алоқадор ҳам эмас. Уни яхши танир эдингиз. У эсли-ҳушли, ақлли, тафаккурли, вазмин ва обрўйли бир одамлигини яхши биласиз. У айтаётган гаплар ҳам жинларнинг сўзи эмас, очиқ-ойдин, бақувват ва ҳикматли. У сизлар айтаётгандек, жинни ҳам, шоир ҳам, сеҳргар ҳам эмас.) (46)

 Бу оят ва “Сабо” муборак сурасининг кейинги ояти каримасида Аллоҳ таъоло ӯз пайғамбарига  одамларни исломга даъват қилиш услубини шарҳлашга масъул айлайди. Бу ояти каримада буюрилади: Эй Пайғамбар! Одамларга айтинг, менинг даъватим сиз ва сизнинг жамиятингизни ислоҳ қилиш учундир. Агар бу фисқ-фужур ва палидликлар мағзавасидан чиқишни,  ёвуз қилмишларингиз учун сарҳисоб куни азобга гирифтор бӯлмасликни истасангиз, ӯзингиз ва яшаб турган жамиятингизни ислоҳ қилиш учун қӯзғолинг.  Аммо сай-ҳаракатингиз Аллоҳга иймон ва Илоҳий тамойилларга асосланган бӯлиши керак, моддий ва дунявий тамойилларга  эмас.

Агар Илоҳий тамойиллар ила жиддий киришадиган бӯлсангиз, энг аввало эътиқодингизни тафаккур нури ила ислоҳ қилишингиз керак. Аллоҳ сизни нима учун яратганлиги ва сиздан нима талаб қилиши ҳақида тафаккур юритинг. Аллоҳ пайғамбарини нима мақсадда  сизга юборганлиги ва шунингдек ишларингизнинг оқибати ҳақида дурустгина андиша юритинг.

Бир озгина тафаккур юритган киши Аллоҳ таъоло ӯз пайғамбарини инсонларни тӯғри йӯлга ҳидоят қилиш учун юборганини англаб етади.  Бизни эзгулик, тӯғрилик ва адлу адолатга даъват қилган кишини мажнун, яъни ақлдан озган деб айтиш ақлга тӯғри келадими?  Ӯзимиз билмайдиган улкан хавф-хатардан бизни огоҳлантирган кишини девона деб аташ инсофданми?

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.  Ӯтириб олиб гап сотиш билан иш битмайди. Аллоҳ йӯлида оёққа қалқиш ва сай-ҳаракат қилиш лозим.
  2. Аллоҳ йӯлида ҳаракат қилиш учун кишилар сонининг кам-кӯплиги муҳим эмас. Муҳими кӯзланган мақсаднинг сифатидир.
  3. Расули акрам йиллар давомида одамлар орасида яшаган. Одамлар ул ҳазратни ақл-тафаккур эгаси, садоқатли ва омонатга хиёнат қилмайдиган шахс сифатида билишади. Мушрикларнинг Аллоҳнинг ҳабибини мажнун, яъни ақлдан озган, жинни деб аташлари ғараз, туҳмат ва бахилликдан бошқа нарса эмас.

 

Энди  «Сабо" муборак сураси 47-ояти каримасининг   тиловатига қулоқ тутамиз.

قُلْ مَا سَأَلْتُكُم مِّنْ أَجْرٍ فَهُوَ لَكُمْ ۖ إِنْ أَجْرِيَ إِلَّا عَلَى اللَّـهِ ۖ وَهُوَ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ شَهِيدٌ ﴿٤٧﴾

Бу ояти  карима  қуйидагича таржима қилинган:

Сен: «Мен сизлардан ҳеч бир ажр-ҳақ сўрамадим. Бас, у сизга бўлсин. Менинг ажрим фақат Аллоҳнинг зиммасида. У зот ҳар бир нарсага Ўзи шоҳиддир», деб айт. (47)

Олдинги оятнинг давоми сифатида бу ояти каримада ҳам Аллоҳнинг расули ӯз даъвати моҳиятини одамларга тушунтиришга вазифадор этилади: Мен сизларни Аллоҳнинг тӯғри йӯлига даъват қилиш эвазига бирор-бир ҳақ талаб қилмайман. Менинг рисолатимнинг ажри  Аллоҳнинг зиммасидадир.

Ваҳоланки, мен сизга айтаётган ишларнинг фойдаси ӯзингизга тегишли, менга эмас. Мен сиздан ҳақ талаб қилмайман. Фақат шуни таъкидлайманким, аҳли байтим билан  дӯст тутининг. Бу ҳам сизнинг фойдангиз учун. Зеро, аҳли байтимга эргашсангиз, адашмайсиз, улар сизга тӯғри йӯлни кӯрсатишади.

Инсоният тарихи давомидаги барча Илоҳий пайғамбарлар одамларга яшашнинг энг тӯғри йӯлини ӯргатган фидоий устозга ӯхшар эдилар. Улар бу эзгу ишлари учун ҳеч кимдан ҳақ талаб қилишмасди.

 Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Динни таблиғ қилувчи кишилар одамлардан ҳақ талаб қилмасликлари лозим.
  2. Аллоҳнинг йӯлини танлаган ва пайғамбарнинг диний таълимотига эргашган киши Аллоҳ  ва Расулуллоҳни қарздор қилиб қӯйдим, деган фикрга бормаслиги керак. Зеро, унинг тӯғри йӯлда юришидан  Аллоҳ ва унинг расулига эмас, балки кишининг ӯзига наф етади.
  3. Аллоҳнинг барча ишларимизга гувоҳ эканлигига ишонсак, айрим кишиларнинг туҳмат ва ғийбатларидан чӯчимай динни таблиғ қилиш  ишини давом эттиришимиз лозим.