Биз билан Эронга келинг
Қоинот тумани
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу дастур орқали Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз. Суҳбатларимизни тинглаб боринг.
Азизлар, олдинги эшиттиришимизда сиз билан Қоинот тумани бўйлаб саёҳат қилишни бошлаган эдик. Таъкидлаб ўтганимиздек, Қоинот тумани ҳам Жанубий Хуросон вилоятининг муҳим минтақаларидан ҳисобланади. Унинг маркази Қоин шаҳри бўлиб, мазкур туманнинг масоҳати 17 722 квадрат километрни ташкил этади. Қоинот тумани вилоятнинг шимоли қисмида жойлашган. Қоинот туманининг жануби- шарқи томони Афғонистон билан 130 километрлик муштарак чегарага эга.
Тазкиранавис ва тарихларчилар келтирган иқтибосларга кўра, Қоинот минтақаси ўттиз минг йиллик тарихга эга бўлиб, Хуросон тамаддунининг биринчи бешикларидан ҳисобланади. Сосонийлар ҳукмронлиги даврида ҳам Қоинот уларнинг муҳим ва қудратли марказларидан саналган.
Қоин минтақаси турли ҳужумлар таъсиридан унчалик зарар кўрмаган ва ҳижрий 773 йилда ҳам Амир Темур қўшини унинг атрофига яқинлашган эди. Қоин ҳокимининг донолиги ва тадбири туфайли унга душманлар томонидан зарар етказилмайди.
Бугунги кунда Қоин минтақасида кўплаб қушлар ва сут эмизувчи ҳайвонлар турларини кўриш мумкин. Мазкур туманнинг Шоскуҳ номли қўриқланган минтақасида ҳайвонларнинг 25та ва қушларнинг 17та нодир тури аниқланган. Мазкур минтақада Шур, Беҳуд, Афин ва Оҳангарон дарёларнинг борлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари намуналаридан буғдой, арпа, лавлави, писта, олу, заъфарон ва зиришкни мисол келтириш мумкин.
Жанубий Хуросон вилоятига доир эшиттиришларимизнинг охирги сонида эслатиб ўтмоқчимизки, мазкур минтақа Эроннинг энг шарқий бўлган вилоятларидан бўлиб, унинг масоҳати 151193 квадрат километрни ташкил этади. Мазкур вилоят шарқ томондан Афғонистон юрти, шимол томонидан Хуросони Разавий, ғарбдан Язд ва Кирмон вилоятлари ҳамда жануб томонидан Сиистон ва Балучистон вилояти билан чегарадошдир. Жанубий Хуросон Эроннинг энг муҳим бўлган зиёрат шаҳри муқаддас Машҳад шаҳри ва Эроннинг жанубий вилоятлари билан боғловчи марказий трассада жойлашган.
Жанубий Хуросон шаҳрининг маркази Биржанд шаҳри денгиз сатҳидан 1480 метрлик баландликда ҳамда Эрон пойтахти Теҳрон шарқидан 1320 километрлик узоқликда жойлашган. Мазкур шаҳарнинг номи Биржанд, Бирканд, Бирганд ва Биркан номлари билан айрим луғатнома ва тарихий китобларда учраган. Биринчи бор ушбу сўз ҳижрий-қамарий еттинчи асрда ёзилган “Мўъжам албулдон” китобида учрайди.
Машҳур сайёҳ, жуғрофидон ва тарихчилар Марко Поло, Ёқут Ҳамавий, Мақдасий, Ҳамдуллоҳ Муставфий китобларида ҳам Биржанж шаҳрига ишоралар этилган.
Биржанд шаҳрининг диққатга сазовор бўлган жойларидан бири “Чаҳордарахт” маҳалласидир. Мазкур маҳалланинг тарихий жозибалари “Шавкатия” мадрасасидан бошланиб, “Ошуро” жомеъ масжиди билан якунланади. Мазкур биноларнинг ҳар бири хос меъморчилик санъатига эгадир.
“Акбария” иморати ва боғи ҳам Биржанд шаҳрининг тарихий ёдгорликларидан ҳисобланади. Ушбу бино қожория даврида икки қаватда қурилган. Милодий 2011 йилда “Акбария” боғи ЮНЕСКО томонидан халқаро мерос сифатида рўйхатга олинган.
Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган ярим соатлик тонги дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.
Фирдавс тумани ҳам Жанубий Хуросон вилоятининг муҳим туманларидан бўлиб, унинг масоҳати 4,103 квадрат километрни ташкил этади. Вилоят шимоли-ғарбида жойлашган ушбу туман тоғли минтақалардан узоқроқ ва марказий саҳроларга яқин бўлгани боис қуруқ ва иссиқ об-ҳавога эгадир. Фирдавс туманида ёмғиргарчиликнинг мезони бир йилда қарийб 155 миллиметрни ташкил этади. Минтақанинг кенг масоҳати иқлим жиҳатидан икки қисмга тақсимланган. Туманнинг шимоли қисми тоғли тепаликларга яқин бўлгани боис совуқ қиш ва салқин ёз фаслларига эга. Бироқ туманнинг жанубий қисми жуда иссиқ ва қуруқдир.
Фирдавс минтақаси узоқ ўтмишга эга бўлиб, унинг номи шамсий 1308, милодий ҳисоб билан 1929 йилгача Тун бўлган. Бу ерда мавжуд айрим тепалар ва қадимий жойларнинг ўтмиши тарихдан олдинги даврларга бориб тақалади. Тарихий Тун шаҳри ўша даврдан қолган ёдгорлик ҳисобланади. Фирдавс тумани Хуросони Разавий ва Жанубий Хуросон вилоятларини бир-бирига уловчи ва Эроннинг энг қадимий минтақаларидан бири бўлиб, унда топилган 190 та қадимий ёдгорликлардан 90таси мамлакатнинг миллий мероси рўйхатига киритилган.
Азиз тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.