Нур томон йӯл-782
782-қисм« Фотир " муборак сураси 18-21--ояти карималарининг шарҳи.
Суҳбатимиз ибтидосида «Фотир " муборак сураси 18-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَلَا تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَىٰ ۚ وَإِن تَدْعُ مُثْقَلَةٌ إِلَىٰ حِمْلِهَا لَا يُحْمَلْ مِنْهُ شَيْءٌ وَلَوْ كَانَ ذَا قُرْبَىٰ ۗ إِنَّمَا تُنذِرُ الَّذِينَ يَخْشَوْنَ رَبَّهُم بِالْغَيْبِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ ۚ وَمَن تَزَكَّىٰ فَإِنَّمَا يَتَزَكَّىٰ لِنَفْسِهِ ۚ وَإِلَى اللَّـهِ الْمَصِيرُ ﴿١٨﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Ўзи юкли жон ўзга жоннинг юкини кўтара олмас. Юки оғир жон ўз юкига (бошқани) чақирса-да, ундан ҳеч бир нарса кўтарилмас. Гарчи (чақирилган) қариндош бўлса ҳам. Сен фақат ғайбдаги Роббиларидан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этганларни огоҳлантирурсан. Ким покланса, Ўзи учун покланур. Қайтиш Аллоҳгадир. (Қиёмат кунида гуноҳи кўп жон уни енгиллатиш мақсадида энг яқин қариндошини ёрдамга чақирса ҳам, унинг гуноҳидан бирор нарса кўтарилмайди. Чунки яқин қариндошнинг ўзи юкини кўтара олмай хуноб бўлаётган бўлади. Кофир ҳам, мўмин ҳам фақат Аллоҳга қайтади. Бошқага эмас. Ана ўшанда Аллоҳ таоло ўзи билиб ҳисоб-китоб қилади. Кофир ва осий жазосини, мўмин-мусулмон мукофотини олади.) (18)
Бу ояти каримада мусулмонларнинг эътиқод усулларидан бири—Аллоҳнинг адлига ишора қилиниб буюрилади: қиёмат кунидаги Аллоҳнинг азоб ва мукофоти кишининг аъмоллари натижаси бӯлиб, унда ҳеч ким бировнинг гуноҳини ӯз зиммасига ололмайди. Аллоҳ сарҳисоб қилган чоғи ҳам бировнинг гуноҳини бошқа бировнинг зиммасига юкламайди. Охират куни ҳар ким ӯз амали учун жавоб беради.
Бировларни гуноҳ қилишга даъват этган киши ӯз улуши миқдорида уларнинг азобига шерикдир. Бировларни эзгу ишларга даъват этган киши эса ӯз улуши миқдорида уларнинг мукофотига шерикдир.
Ояти кариманинг давомида гуноҳ қилишнинг заминаси, яъни руҳий нопоклик ҳақида тӯхталиб, буюрилади: Доимо ҳақ ва ҳақиқат талабида бӯлган, руҳларини поклаш ва соғлом сақлашга ҳаракат қиладиган кишиларгина ҳақ сӯзга қулоқ тутиб, ёвузликларга яқинлашмайдилар.
Бунинг акси бӯлган кишиларни эса ҳатто пайғамбарнинг сӯзлари ҳам ғафлат уйқусидан уйғотолмайди.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Қиёмат куни гуноҳлар инсон елкасидаги оғир юкдир.
- Дунёда: гуноҳи менинг бӯйнимда, дея кишини гуноҳга даъват этувчиларга алданмаслик керак.
- Ҳар кимнинг гуноҳи ӯзининг бӯйнида. Бировни бошқа киши содир қилган гуноҳ учун азоблашмайди. Аммо гуноҳ қилаётганларни кӯриб, уларни қайтаришга ҳаракат қилмаган, сукут сақлаганлар сукутлари учун жазоланадилар.
- Қиёмат куни ҳар бир инсон ӯз амаллари ихтиёридадир. Ҳеч ким, ҳатто энг яқин кишиси ҳам унинг ишларига дахолат қилолмайди.
Энди «Фотир" муорак сураси 19-21-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.
وَمَا يَسْتَوِي الْأَعْمَىٰ وَالْبَصِيرُ ﴿١٩﴾ وَلَا الظُّلُمَاتُ وَلَا النُّورُ ﴿٢٠﴾ وَلَا الظِّلُّ وَلَا الْحَرُورُ ﴿٢١﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Кўр билан кўзи очиқ тенг бўлмас. (19) Зулумотлар билан нур ҳам. (20) Соя билан жазирама ҳам. (21)
Бу ояти карималарда мумин ва кофирлар масал ва ӯхшатиш орқали ӯзаро муқояса қилиниб, буюрилади: сизнингча ҳеч нарсани кӯрмайдиган кӯр ва барча нарсаларни кӯрадиган кӯзи очиқ кишилар орасида фарқ йӯқми? Бор, албатта. Уларнинг бу дунё ҳақиқатлари ҳақидаги тасаввурлари турличадир. Зеро, бири фақат қоронгуликни, иккинчиси эса нур жилвалари остида барча ашёларни кӯради. Албатта, кӯриш ва кӯрмаслик инсоннинг ӯзига боғлиқ бӯлмаган ҳолатлардир.
Аммо иймон ва куфр ихтиёрий амаллар ҳисобланади. Куфр йӯлини танлаганлар унинг зулумотларига шӯнғиб, ӯзини маънавий ва ғайбий ҳақиқатларни кӯришдан маҳрум айлайди. Иймон йӯлини танлаганлар эса иймон нурининг рушнолигида Илоҳий ҳидоятга эришади.
Табиатда ҳам худди шундай. Қуёшнинг нур ва ҳарорати ер юзидаги инсон, ҳайвон ва ӯсимликлар каби барча мавжудотларнинг ҳаётини таъминлайди. Бордию қуёш ер куррасига нур ва тафтини улашмаса, ер юзида буткул қоронғулик ҳукмрон бӯлса, унда барча мавжудотларнинг ҳаёти барҳам топади.
Инсониннг руҳи ҳам худди шундай. Яъни инсон руҳининг ҳаёти Илоҳий нурга боғлиқ. Илоҳий нур ақл ва фитрат ҳамда пайғамбарлар даъвати орқали таъминланади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Яхшилик ва ёмонлик ҳамда эзгу амалли муминлар ва ёвуз амалли кофирларни муқояса қилиш билан тӯғри ва нотӯғри йӯлни бир-биридан ажрата олишимиз, ширк ва куфрдан сақланишимиз мумкин.
- Дин инсонга заковат ва рушнолик бахш этади. Натижада инсон зулумотлардан қутулиш йӯлини топиб олади.
- Бу ояти карималарда нур бирликда, зулматлар эса кӯпликда келтирилган. Сабаби ҳақ йӯл—битта, аммо қинғир йӯллар жуда кӯпдир.