Тарихнинг ўчмас кунлари
Бугун шанба, ҳижрий-шамсий 1397 йил тир ойининг 2-си, ҳижрий-қамарий 1439 йил шаввол ойининг 9-си ва милодий ҳисоб билан 2018 йил 23- июнь.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар!
"Тарихнинг ўчмас кунлари" унвонли кундалик эшиттиришнинг янги сони билан мен Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
Бундан 1098 йил олдин, яъни милодий 920 йилнинг 23-июнида дунёнинг биринчи парламенти Исландияда таъсис этилади. Мазкур парламентнинг аъзолари халқнинг овоз бериш йўли билан сайланарди ва парламент аъзоларининг вазифалари ҳукуматга фикрий ёрдам бериш эди. Айтиш лозимки, ушбу парламент маслаҳат бериш лавозимига эга эди ва бирон бошқа ваколат унга берилмаган эди. Исландия парламентидан кейинги энг қадимий ва қатор ваколатларга эга парламент милодий 13 асрнинг ўрталарида Англияда фаолият бошлайди.
Бундан 110 йил олдин, ҳижрий-шамсий 1287 йилнинг 2-тир ойида Машрутият даврининг биринчи Миллий Шўро Мажлиси Муҳаммад Алишоҳ Қожор фармони билан замбараклар орқали ўққа тутилади ва ёпиб қўйилади. Муҳаммад Алишоҳ ушбу парламентга қаршилик қилганидан кейин Россиянинг казаклардан иборат кучлари полковник Ляхов қўмондонлиги остида Миллий Шўро Мажлиси биносини ўраб олишади. Натижада Машрута тарафдорлари ва рус ҳарбий кучлари ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланади. Тўқнашувлар бошида машрута тарафдорлари ғалабага эришишади. Бироқ полковник Ляхов буйруғи билан парламент биноси ўққа тутилади ва ундаги нарсалар ғорат этилади. Мазкур курашда мужоҳидларнинг айримлари шаҳид бўлишади, баъзилари ярадор ва бошқалари Муҳаммад Алишоҳ Қожор кучлари томонидан қамоққа олинади ва айримлари сургун қилинади. Эрксевар кишилардан бўлган Малик Мутаккалимин ва Мирзо Жаҳонгир Сури Исрофилни дорга осишади. Шу тартибда Эронда Машрутият даврининг биринчи парламенти тарқатиб юборилади ва мамлакатда яна истибдод даври бошланади.
Бундан 113 йил олдин, яъни милодий 1905 йилнинг 21- июнь ойида франциялик файласуф ва ёзувчи Жон Пол Сартр Парижда таваллуд топди. У ҳарбий денгиз инженери оиласида дунёга келди. Онаси Анна-Мария Швейцар таниқли файласуф, бастакор ва машҳур врач, 1952 йили тинчлик соҳасидаги хизматлари учун Нобел мукофотига сазовор бўлган Альбер Швейцар билан амакивачча эди. Бола 15 ойлик бўлганда отаси вафот этди. Сартр бобоси Шарл Швейцар ва тоғаси хонадонида тарбияланди. Адиб ўзининг таржимаи ҳоли акс этган «Сўз» романида болалиги китоблар ва зиёлилар орасида ўтганига алоҳида тўхталиб: «…бу хонадонда ва бунақа китоблар орасида оддий одам бўлиш шармандалик эди», – деб эслайди.
Жан Пол Сартр. Ёзувчи, файласуф, драматург. ХХ аср жаҳон адабиёти ва фалсафасининг йирик вакили, экзистенциализм назариётчиси ва доҳийси. 1964 йили Нобел мукофоти билан тақдирланган, аммо бу мукофотда сиёсий манфаатлар мавжуд дея воз кечган.
Жан Пол Шарл Эмар Сартр 1980 йилда вафот этди. У ўзини унутган дунёда ортиқча ҳашамни хоҳламади, ўзини камтар ва камсуқум қилиб кўмишларини, маросим иштирокчилари бир нечта кишидан ошмаслигини васият қилди. Аммо дафн маросимида кўчалар одамлар билан тўлиб кетди. Франция, Париж уни унутмаганди. Газеталар даврнинг сўнгги ижодкор-инқилобчисини охирги йўлга кузатиш учун 50 минг одам иштирок этганини ёзди.
Азизлар, “Тарихнинг ўчмас кунлари” унвонли ҳафталик эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.