Нур томон йӯл-786
786-қисм« Фотир " муборак сураси 36-38--ояти карималарининг шарҳи.
Суҳбатимиз ибтидосида «Фотир " муборак сураси 36-37-38-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَالَّذِينَ كَفَرُوا لَهُمْ نَارُ جَهَنَّمَ لَا يُقْضَىٰ عَلَيْهِمْ فَيَمُوتُوا وَلَا يُخَفَّفُ عَنْهُم مِّنْ عَذَابِهَا ۚ كَذَٰلِكَ نَجْزِي كُلَّ كَفُورٍ ﴿٣٦﴾ وَهُمْ يَصْطَرِخُونَ فِيهَا رَبَّنَا أَخْرِجْنَا نَعْمَلْ صَالِحًا غَيْرَ الَّذِي كُنَّا نَعْمَلُ ۚ أَوَلَمْ نُعَمِّرْكُم مَّا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَن تَذَكَّرَ وَجَاءَكُمُ النَّذِيرُ ۖ فَذُوقُوا فَمَا لِلظَّالِمِينَ مِن نَّصِيرٍ ﴿٣٧﴾ إِنَّ اللَّـهَ عَالِمُ غَيْبِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ ۚ إِنَّهُ عَلِيمٌ بِذَاتِ الصُّدُورِ ﴿٣٨﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Куфр келтирганларга жаҳаннам оташи бордир. Уларга на ўлишлари учун ҳукм қилинмас ва на улардан у (жаҳаннам)нинг азобидан енгиллатилмас. Ҳар бир кофирни шундоқ жазолармиз. (36) Улар у ерда: «Эй Роббимиз! Бизларни чиқар! Қилиб юрган амалларимиздан бошқа, солиҳ амаллар қилурмиз!» деб доду фарёд солурлар. «Сизларга эслайдиган одам эслагудек умр бермаган эдикми?! Сизларга огоҳлантиргувчи келмаган эдими?! Бас, энди, тотийверинглар! Золимларга ҳеч бир ёрдамчи йўқдир» (дейилур). (Жаҳаннамда шиддатли азобларга дучор бўлган кофирлар чидай олмай Роббул оламийнга ёлборишга ўтадилар.) (37) Албатта, Аллоҳ осмонлару ернинг ғайбини билгувчидир. Албатта, У диллардаги сирларни ҳам ўта билгувчидир. (Шунинг учун ҳам кофирларни юқорида айтилганидек жазолашни лозим кўргандир.) (38)
Олдинги суҳбатимизда муминлар ва эзгу амал соҳибларига ваъда қилинган улуғ Илоҳий мукофот ҳақида сӯз юритилган эди. Бу ояти карималарда эса мункирлар ва кофирларга аталган оғир жазолар баён қилинади. Диний таълимотда кофир деб Ҳақни танигандан сӯнг унга мункир келган, яъни уни инкор қилган ёхуд Ҳақни таниш имконияти мавжуд бӯлган ҳолда Уни таниш учун ҳаракат қилмаган кишига айтилади. Бошқача қилиб айтганда куфр Ҳақни ёпишдир, дунёнинг мол-матоси, нафс ва шаҳватнинг мойилликларини қӯлга киритиш учун Ҳақни оёқости қилишдир.
Таббиийки, шахсий ёки маълум бир гуруҳнинг манфаати учун Ҳақни инкор этган киши ӯзи ва жамиятга зулм қилган бӯлиб, у Аллоҳ томонидан жазога лойиқдир. Зеро, Яратувчи бизни кӯнглимиз истаган нарсани бажариш учун яратмаган. Балки У кӯрсатган тӯғри йӯлдан юриш учун яратгандир. Шаксиз, сиротал мустақим, яъни Аллоҳ кӯрсатган тӯғри йӯлдан оғишиш инсонни ҳалокат сари етаклайди.
Ҳақ мункирларига ҳужжат бӯлиши учун бу ояти карималарда буюрилади: Улар дунёда нимани истасак, бажарамиз ва бунинг учун жазоланмаймиз, деб ӯйлашмасин. Аллоҳ дунёни амал қилиш саройи қилиб қӯйган. Бу ерда инсон ӯз ихтиёрига кӯра яхши ёхуд ёмон амалларни бажаради. Аммо ҳар бир амалнинг аксуламали бор. Албатта инсон бажарган ёмон амалларининг бир қисм жазосини шу дунёдаёқ олади. Жазонинг асосий қисми эса қиёматдадир. Бунда киши бажарган яхши ва ёмон амаллари ҳамда уларнинг асорати учун мукофот ё жазога мустаҳиқ этилади.
Чингиз, Гитлер ва Саддом каби жинояткорлар ӯз замонида минглаб, балки миллионлаб бегуноҳ кишиларнинг қонини тӯкишди. Шундай разил одамлар дунёда муҳокамага тортилса, уларга фақатгина бир марта ӯлим жазоси берилиши мумкин. Аммо Аллоҳ таъоло буюрмишким: қиёмат куни ӯлим шарт эмас. Ҳар бир киши қилган гуноҳ ва жиноятига яраша жазоланади, гарчи бу жараён минглаб йилларга чӯзилса ҳам.
Аллоҳнинг жазолаш мезони Унинг илм ва адолатидир. Шу сабабли ёмон амал соҳибларининг жазоси гуноҳидан ортиқ ҳам кам ҳам бӯлмагай. Ҳар ким гуноҳига яраша жазоланади. Бир гунаҳкор кишининг қанчалик жазога лойиқ эканлигини Аллоҳнинг илми белгилайди. Зеро, у инсон ва дунёдаги барча нарсалардан огоҳ зотдир. Одамларнинг зоҳир ва ботинидан ҳам.
Ояти карималарнинг давомида гунаҳкорларнинг истакларига ишора қилинади. Улар ёмон амалларини ислоҳ қилиш учун дунёга қайтишни орзу қилишади. Улар ёмонлигини билиб туриб бажарган амалларини ҳам, яхши деб ӯйлаб бажарган, аммо эндиликда ёмон эканлигини англаган амалларини ҳам ислоҳ қилмоқчи бӯлишади.
Аммо уларга Аллоҳ ва дӯзахнинг маъмурлари шундай жавоб берадилар: Дунёда Ҳақ ва ботилни таниб ва шу асосда амал қилиш учун сизларга берилган умр етарли эмасмиди? Дунёда Аллоҳнинг элчилари ва дӯстлари сизларга бу танлаган йӯлларинг хато, у охир-оқибат сизларни дӯзахга элтади, деб тушунтирмаганмиди? Энди дунёга қайтишларингдан не фойда? Дунёга қайтгач, олдинги ишларни яна қайта такрорламасликларингга ким кафолат бера олади?
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Куфр бир навъи куфрони неъматдир. Аллоҳнинг неъматларига куфрон келтириш ҳам инсонни куфрга элтади.
- Дунёда босар-тусарини билмаган барча қаттол ва баттоллар ҳам бир куни ночорлик ва нола-фиғонга юз тутишади. Аммо унда пушаймонлик ва бечоралик изҳори фойдасиздир.
- Гунаҳкор кимсанинг гуноҳлари исботлангач, у адолат юзасидан жазога тортилиши лозим.
- Умр айш-ишрат билан ғафлатда ӯтказиладиган фурсат эмас. Балки таважжуҳ, ибрат ва камолот сари интилиш фурсатидир. Акс ҳолда кишининг умри қанчалик узун бӯлса, унинг гуноҳлари ҳам шунчалик кӯпайиб бораверади.
- Умрнинг ҳар лаҳзасидан оқилона фойдаланмаслик кишининг ӯзига-ӯзи қилган зулмидир.
- Ислом таълимотида зулм деганда энг аввало ӯзига зулм қилиш, ӯзининг истеъдод ва маҳоратларини нобуд қилиш тушунилади. Зеро, бизга берилган малака ва истеъдод ӯз мулкимиз эмас, балки Аллоҳнинг омонатидир. Банда ӯз жисмининг мутлақ эгаси эмас. Шу сабабли баданининг аъзоларидан ӯзи истаган тарзда фойдаланишга ҳақли эмас.