Нур томон йӯл-787
787-қисм« Фотир " муборак сураси 39-41--ояти карималарининг шарҳи.
Суҳбатимиз ибтидосида «Фотир " муборак сураси 39-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
هُوَ الَّذِي جَعَلَكُمْ خَلَائِفَ فِي الْأَرْضِ ۚ فَمَن كَفَرَ فَعَلَيْهِ كُفْرُهُ ۖ وَلَا يَزِيدُ الْكَافِرِينَ كُفْرُهُمْ عِندَ رَبِّهِمْ إِلَّا مَقْتًا ۖ وَلَا يَزِيدُ الْكَافِرِينَ كُفْرُهُمْ إِلَّا خَسَارًا ﴿٣٩﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
У зот сизларни ер юзида халифалар қилиб қўйгандир. Ким куфр келтирса, унинг кофирлиги ўзига зарар. Кофирлар учун куфрлари Роббилари ҳузурида ғазабдан бошқани зиёда қилмас. Кофирлар учун куфрлари зиёндан бошқани зиёда қилмас. (Дунё пайдо бўлганидан буён ҳозирга қадар ҳеч кимга куфр фойда бермаган, аксинча, доимо зарар келтирган ва келтирмоқда.) (39)
Ояти кариманинг ибтидосида инсоннинг ер юзидаги ӯринбосарлиги ҳақида гап боради. Бу мавзуни Қуръони каримнинг муфассирлари икки хил шарҳлашган. Бировлар инсон ер юзида Аллоҳнинг ӯринбосаридир, деса, иккинчи гуруҳ бу ерда инсоннинг олдинги қавмлар ӯрнига ӯринбосар бӯлиб келиши таъкидланган, деган фикрни илгари суришади. Ҳар икки ҳалатда ҳам Аллоҳнинг инсонга борлиқдаги барча неъматлардан фойдаланиш ва ер курасини батамом тасхир қилиш ижозатини берганлиги ҳақидаги лутфу марҳамати тилга олинган. Энди инсон ақл юритиб, ӯзига ҳадя этилган ҳисобсиз неъматларнинг эгасини таниши ва Унга шукроналар келтириши лозим. Аммо афсуски, кӯпчилик одамлар неъмат берувчини танимай, унинг неъматларига куфрон келтиришади.
Неъматларга куфрон келтириш Аллоҳни инкор қилиш ва куфрга етаклаб, кофирнинг ӯзига зиён етказади. Зеро, Аллоҳ банданинг шукр қилишига муҳтож эмас. Аллоҳ ҳатто одамизоднинг ерда мавжудлигига ҳам муҳтож эмас. Одамлар ҳали ерда мавжуд бӯлмаган пайтда ҳам Аллоҳ бор эди ва бир куни келиб одамизод насли батамом қуриб битганида ҳам Аллоҳ бӯлажак. Шу сабабли одамларнинг куфр ё иймон келтиришидан Яратувчига ҳеч қандай наф йӯқ. Унинг фойда-зиёни одамларнинг ӯзига қайтади.
Табиийки, мумин ва шукрона қилувчи инсонлар дунё ва охиратда Аллоҳнинг махсус лутфу марҳаматига эришадилар. Кофир инсонлар эса ёвуз ишлари билан Аллоҳнинг қаҳр-ғазабига гирифтор бӯлишади.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Биз ӯзимиздан олдин ӯтган қавмларнинг ӯринбосари бӯлганимиздек, бир куни биз кетамиз ва ӯрнимизга янги қамлар келишади. Шу сабабли дунёнинг мол-матосига мағрур бӯлиб, куфрга ботмайлик.
- Куфрнинг таъсир ва оқибатлари чегараланмаган. Улар борган сари кенгайиб кетаверади.
- Куфр кӯпгина гуноҳларга гирифтор бӯлиш заминасидир. У инсоннни ҳалокатга етаклайди.
Энди «Фотир" муборак сураси 40-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.
قُلْ أَرَأَيْتُمْ شُرَكَاءَكُمُ الَّذِينَ تَدْعُونَ مِن دُونِ اللَّـهِ أَرُونِي مَاذَا خَلَقُوا مِنَ الْأَرْضِ أَمْ لَهُمْ شِرْكٌ فِي السَّمَاوَاتِ أَمْ آتَيْنَاهُمْ كِتَابًا فَهُمْ عَلَىٰ بَيِّنَتٍ مِّنْهُ ۚ بَلْ إِن يَعِدُ الظَّالِمُونَ بَعْضُهُم بَعْضًا إِلَّا غُرُورًا ﴿٤٠﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Сен: «Менга Аллоҳдан бошқа илтижо қилаётган шерикларингизнинг хабарини беринг-чи?! Менга кўрсатинглар-чи улар ерда нимани яратдилар?! Ёки уларнинг осмонлар (ишида) шерикликлари борми?! Ёки Биз уларга китоб берганмизу, улар ундан бирон ҳужжатга эга бўлганларми?! Йўқ!!! Золимлар бир-бирларига алдовдан бошқани ваъда қилмаслар», деб айт. (40)
Бу ояти карима бир неча савол орқали ширкни маҳкум қилади ва ислом пайғамбаридан куфрга берилганлардан далил-исбот талаб қилиш сӯралади. Кофирлар Аллоҳнинг шериги деб билган кимсалар замин ва осмонда бирор-бир нарса ярата олишганми? Йӯқ, албатта. Шундай экан, қандай қилиб уларни бутун борлиқни яратган қодир Аллоҳнинг шериги деб биласиз?! Ақл нуқтаи назаридан яратувчилик қобилияти бӯлмаган киши сиғинишга лойиқми?
Демак, ақлий жиҳатдан ширк келтириш учун бирор-бир далил мавжуд эмас. Аллоҳ ӯз пайғамбарларига нозил қилган самовий китобларида бундай хаёлий маъбудларга сиғинишга ижозат берганми? Йӯқ, албатта. Демак, ягона Аллоҳдан ӯзгага сиғинишга бирор-бир ақлий ёхуд нақлий далил-исбот мавжуд эмас. Фақат янглиш ва хурфий андишалар Аллоҳнинг шериги деб ӯйлаганингиз хаёлий маъбудлардан шафоат талаб қилишингизга ва уларга сиғинишингизга сабаб бӯлган. Бу нотӯғри орзу-хаёл сизни чалғитиб, бандаликнинг тӯғри йӯлидан адаштирган.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Одамларни исломга даъват қилиш усулларидан бири мантиқий саволлар орқали уларнинг виждонини уйғотишдир.
- Куфр ва ширк бирор-бир ақлий далилга эга эмас. Улар инсонни чалғитувчи янглиш хаёллар заминасида вужудга келган.
- Куфр ҳамда ширк инсон ва инсониятга зулм қилишдир, бу зулм яна инсоннинг ӯзига қайтади.
Энди «Фотир" муборак сураси 41-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.
إِنَّ اللَّـهَ يُمْسِكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ أَن تَزُولَا ۚ وَلَئِن زَالَتَا إِنْ أَمْسَكَهُمَا مِنْ أَحَدٍ مِّن بَعْدِهِ ۚ إِنَّهُ كَانَ حَلِيمًا غَفُورًا ﴿٤١﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур. Агар улар қулайдиган бўлсалар, Ундан ўзга ҳеч ким уларни ушлаб тура олмас. Албатта, У ўта ҳалим ва ўта мағфиратли бўлган зотдир. (41)
Олдинги ояти каримада осмон, ер ҳамда ердаги мавжудотларнинг яратилиши ҳақида сӯз юритилган эди. Бу ояти карима эса тадбири фақатгина Аллоҳнинг қӯлида бӯлган ва бу улуғ ишни бажаришда Яратувчига бирор-бир махлуқ шериклик қилолмайдиган осмон ва заминдаги тартиб-низом ҳақидадир.
Мушриклар Аллоҳни яратувчи деб билишар, аммо дунёнинг ишларини тадбир қилишда ӯз маъбудларини Аллоҳнинг шериги деб билишарди. Шу сабабли бу ояти каримада буюрилади: яратилиш ишида Аллоҳнинг шериги бӯлмаганидек, борлиқни тартибга солиб турган тартиб-низомни бошқаришда ҳам ҳеч ким Унга шерик бӯлолмайди.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Осмонлар ва ернинг тартиб-низоми, ер, қуёш ва юлдузларнинг ӯз орбитасида ҳаракатланиши Аллоҳнинг иродасига боғлиқ.
- Борлиқдаги тартиб-низом Аллоҳнинг олдиндан режалаштирилган дастури асосидадир, тасодиф эмас.
- Аллоҳ ҳам яратувчи ва ҳам тадбир қилувчидир. Барча воқеа-ҳодисалар ихтиёри Унинг илкидадир. Аллоҳ ирода қилмагунча мавжудот завол кӯрмагай.
- Аллоҳнинг кечиримлилик ва сабрлилик каби марҳаматлари бӯлмаганда борлиқ золимлар ва гунаҳкорлар бошига ағдарилиб тушарди. Яратувчининг золимларга муҳлат бериши унинг сабрлилик марҳаматидандир, нотавонлик ва бечоралик белгиси эмас.