июл 21, 2018 13:45 Asia/Tashkent

Ҳазрат Сулаймон ва малика Билқис ҳикояти

Азизлар, ӯтган суҳбатимизда оламшумул форс адабиёти, шунингдек ҳазрат Мавлоно ижодиётида пайғамбарлар ҳақидаги қиссалардан фойдаланиш услуби ҳақида гапириб, айтган эдикким: Бу мавзудаги қиссаларнинг шеърга кириб келиши ирфоний ёхуд бошқача қилиб айтганда тасаввуфий шеърнинг моҳиятини ӯзгартириб юборди. Шоирлар бундай қиссалардан айрим чуқур маъноли ирфоний тушунчаларни таълим бериш усули сифатида ҳам фойдаланишарди.

Ирфоний адабиётнинг вакили бӯлган шоирлар тасаввуфий тушунчаларни кенг халқ оммасига шарҳламоқчи бӯлишар, бу нарса эса шеърнинг вазни, тили ва баён услубини соддаликка, равонликка  мойил этди. Халқона тамсиллар, қисса ва афсоналарни шеърга киритди.

Ҳазрат Мавлоно ӯз таълимотини кенг халқ оммасига ёйиш учун  пайғамбарлар ҳақидаги қиссалардан кӯп фойдаланган ориф шоирдир. Аммо у пайғамбарлар ҳақидаги достонларни шеърга солишда ӯзига хос услубни қӯллайди. Шоир қиссанинг бир қисмини ҳикоя қилгач, ана шу парчадан ирфоний ва таълимий хулоса чиқаради.

Ҳазрат Мавлоно учун пайғамбарлар қиссаси фақатгина тарихда бир маротаба юз берган  саргузашт бӯлмай, балки ҳар қандай давру замонда яшаган ҳар бир инсоннинг вужудида такрорланадиган ҳодисалар бӯлиб, ӯша одамларнинг шарҳи ҳолидир.

Қуръони каримда баён этилишича ҳазрат Нуҳ 900 йил давомида одамларни яктопарастликка даъват этади. Аммо жуда озчилик одамлар унга иймон келтиришига қарамай, йӯлидан қайтмайди. Масъулиятини содиқлик билан бажаришда давом этади. “Маснавий”и шарифда Нуҳнинг бу тинимсиз сай-ҳаракатлари Ҳақ дӯстларининг сабр ва саботлари намунаси сифатида тасвирланади. Иқтидорли шоирнинг таърифлашича, айнан ана шу сабр ва истиқомат Нуҳ руҳининг кӯзгусини сайқаллаб, унинг Ҳақ йӯлидаги камолотига сабаб бӯлган

ххххххххххххххххххх

Ҳазрат Мавлоно “Маснавий”и шарифда қайта-қайта мурожаат қилган ривоятлардан бири Ҳазрат Сулаймон қиссасидир. Бугун ана шу мавзудаги достонлардан бири “Ҳазрат Сулаймон ва Билқис” ҳақидаги ривоятга тӯхталамиз.

Ҳазрат Сулаймон алайҳиссалом Яҳуд қавмининг пайғамбари бӯлиб, ҳашамат, мол-дунё,қудрат ва муъжизада тилларга достон бӯлган.

Ҳудҳуд Ҳазрат Сулаймонга Сабо мамлакати ҳақида хабар келтирди. Ҳазрат Сулаймон Сабо шаҳрининг маликаси Билқисга мактуб ёзиб уни яктопарастлик динига даъват қилиб, уни меҳмонликка чорлади.   

Билқис давлат юритиш ишида тадбир ва тажрибага эга аъёнларидан ҳазрат Сулаймонга қирқ туяда соф олтин ҳадя юбориб, ӯзи бормади. Корвон Ҳазрат Сулаймон юртига етиб келганида малика Билқиснинг элчилари ҳайратдан ёқа ушлашди. Бу юртнинг йӯллари  олтин билан қопланган ва бу соф олтиндан ясалган йӯл қирқ манзилдан ӯтиб, Ҳазрат Сулаймонинг тахтига элтарди.

Карвон аҳли шундай бой-бадавлат подшоҳга арзимас ҳадя элтаётганларидан хижолат тортишди. Корвондагиларнинг бир гуруҳи орқага қайтиб, кӯрганларини маликага таърифламоқчи бӯлишди. Аммо аксарият “Биз элчимиз. Бизнинг вазифамиз маликанинг совға-саломини етказишдан иборат”,-- дея йӯлда давом этишди.

Элчилар ҳадяларини Ҳазрат Сулаймон дарборига етказиб келишди. Аммо пайғамбар уларнинг ҳадяларини қабул қилмай, иззат –икромдан сӯнг “менинг номимдан Билқисга элчи бӯлиб боринглар ва кӯрганларингни маликага айтинглар”-- дея орқага қайтариб жӯнатди.

Ман намегуям маро ҳадя диҳед,

Балки гуфтам лоиқи ҳадя шавед.

Боз гардед эй расулони хижил,

Зар шуморо, дил ба мо оред, дил.

Эй расулон, мефиристамтон расул,

Радди ман беҳтар шуморо аз қабул.

Пеши Билқис ончи дидед аз ажаб,

Боз гуед аз биёбони заҳаб.

То бидонад, ки ба зар томеъ наем,

Мо зар аз зарофарин овардаем.

Хххххххххххххххххх

Қадрли тингловчилар! Сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган Эрон ислом Жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги халқаро радиосидан “Мавлавий жаҳон кезади” туркум эшиттириши навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Радиомизнинг интернет сайти Pars Today.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эшиттиришнинг матнини ӯқиш  ва садосини тинглаш имконига эгасиз.

 Радиомизнинг электрон манзили uzbek@Pars Today .сom

хххххххххххххххххххх

Ҳазрат Сулаймон элчилар орқали малика Билқисни ӯз юртига меҳмонликка яна даъват қилди. Аммо ӯзининг мамлакати ва тахту тожига  ҳаддан ташқари кӯнгил қӯйган Билқис бошқа юртга боришга унамасди. Аъёнлар оҳир-оқибат уни сафарга отланишга кӯндиришди.

Малика  айниқса жавоҳирлар билан безатилган шоҳ асарни эслатувчи тахтини ҳеч кимга ишонмасди. Буни билган Ҳазрат Сулаймон Билқиснинг севимли тахтини ӯзидан олдин Шом юртига етказиб келиш учун аъёнлари билан кенгашди. Кенгашда девларнинг сардори Ифрит “Ушбу йиғилиш тугаши билан сеҳр-жоду қилиб, тахтни етказиб келаман”,--дея таклиф киритди. Вазири аъзам Осаф эса “Мен Аллоҳнинг мадади ва Исми аъзамнинг фазилати ила кӯз очиб-юмгунча тахтни етказиб келаман, --деди.

Ҳазрат Сулаймоннинг буйруғи билан вазир Осаф томонидан маликанинг тахти ӯзидан олдин етказиб келинди. Билқис етиб келгач, Ҳазрат Сулаймон юртидаги ӯз тахти, ободончилик, қудрат ва ривожланишни кӯриб, яктопарастлик динига иймон келтирди.

Ҳазрат Мавлоно Қуръони каримнинг “Намл” сурасида келтирилган бу гӯзал ривоятдан маҳорат билан фойдаланганлар. Шу ӯринда бир нуктани эслатмоқчи эдим. Самовий китобимизнинг улуғ муфассирлари Билқиснинг тахтини кӯз-очиб-юмгунча Яман мамлакатидан Шомгача етказиб келиш ҳодисаси шарҳида шундай фикрни баён этишган:

Илм-фан ривожланиши билан бугунги кунда аҳли башар бирор-бир ашёнинг сурат, ҳаракат ва садосини  лаҳзада дунёнинг у бурчагига юбориш малакасини эгаллаган. Аммо ӯша нарсани жисмонан лаҳзада етказиш имконияти ҳали топилмаган.

Уларнинг фикрича, инсоният руҳоний билимларни эгаллаб боргач,  худди бир суратни қӯл телефони орқали лаҳзада Америка қитъасига юборгандек, ӯша нарсанинг ӯзини ҳам шу тезликда юбориш имкониятини қӯлга киритади. Валлоҳу аълам.

Хххххххххххххх

Азизлар, бизга ажратилган вақт ниҳоясига етди. Ҳазрат Мавлоно ижодиёти ҳақида яна суҳбатлашиш умидида сиз билан хайрлашамиз.

Барча меҳрибонларданда меҳрибон Аллоҳнинг паноҳида бӯлинг.