Нур томон йӯл-788
788-қисм« Фотир " муборак сураси 42-44--ояти карималарининг шарҳи.
Суҳбатимиз ибтидосида «Фотир " муборак сураси 42-43-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَأَقْسَمُوا بِاللَّـهِ جَهْدَ أَيْمَانِهِمْ لَئِن جَاءَهُمْ نَذِيرٌ لَّيَكُونُنَّ أَهْدَىٰ مِنْ إِحْدَى الْأُمَمِ ۖ فَلَمَّا جَاءَهُمْ نَذِيرٌ مَّا زَادَهُمْ إِلَّا نُفُورًا ﴿٤٢﴾ اسْتِكْبَارًا فِي الْأَرْضِ وَمَكْرَ السَّيِّئِ ۚ وَلَا يَحِيقُ الْمَكْرُ السَّيِّئُ إِلَّا بِأَهْلِهِ ۚ فَهَلْ يَنظُرُونَ إِلَّا سُنَّتَ الْأَوَّلِينَ ۚ فَلَن تَجِدَ لِسُنَّتِ اللَّـهِ تَبْدِيلًا ۖ وَلَن تَجِدَ لِسُنَّتِ اللَّـهِ تَحْوِيلًا ﴿٤٣﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Улар жон-жаҳдлари билан, агар ўзларига огоҳлантирувчи келса, ҳар қандай умматдан кўра ҳидоятли бўлишлари ҳақида Аллоҳ номи ила қасам ичар эдилар. Қачонки огоҳлантирувчи келганида, уларда нафратдан бошқани зиёда қилмади. (Араб мушриклари ўз юртларида, хусусан, Мадинада яҳудийлар билан ёнма-ён яшар эдилар. Уларнинг тарихлари ва қиссаларини эшитган эдилар. Шунингдек, насоролар аҳволидан ҳам бир оз бўлса-да, хабардор эдилар. Бу икки қавмнинг ўзларига огоҳлантирувчи-Пайғамбарлар келганидан кейин ҳам йўлдан озиб кетганлари арабларни ажаблантирар эди. Улар ўзларича, агар бизга огоҳлантирувчи-Пайғамбар келса, анавиларга ўхшаб юрмаймиз, ўша Пайғамбар келтирган таълимотларга амал этиб, энг ҳидоятли уммат бўламиз, деб қасам ичар эдилар. Оятда араб мушрикларининг ўша қасамлари эслатилиб, сўнгра нималар бўлгани фош этилмоқда.) (42) Ер юзида мутакаббирлик ва ёмон макр учун (қилдилар). Ёмон макр эса, фақат ўз эгасига қайтадир. Улар фақат илгаригиларнинг суннатига интизор бўлмоқдалар, холос. Аллоҳнинг суннатига ҳаргиз бадал топа олмассан. Аллоҳнинг суннатига ҳаргиз ўзгартириш топа олмассан. (Ўзларидан аввал ўтганларга қандай муомала қилиш одатга айланган бўлса, буларга ҳам шу қонун жорий қилинди. Улар худди ана шу нарсани кутмоқдалар, холос. Ўшаларга ўхшаб Аллоҳнинг ғазабига учраб ҳалокатга йўлиқишни кутмоқдалар, холос. Чунки илгари ўтганлардан қолган суннат–қонун шудир.) (43)
Муътабар тафсирларда келтирилишича, Макка мушриклари яҳудийларнинг пайғамбарлари келтирган таълимотни қабул қилмай, айрим пайғамбарларини ӯлдирганликларини эшитган пайти қасамёд қилиб айтган эдиларким: бизга Худо бирор-бир пайғамбар юборса, сӯзини тинглаймиз, даъватини қабул қиламиз ва бошқа умматлардан кӯра ҳидоятлироқ бӯламиз. Аммо ислом пайғамбари Макка халқи орасидан зуҳур этган чоғи Қурайш қабиласининг улуғлари ул ҳазратни инкор этиб, ёлғончига чиқаришди. Улар Аллоҳнинг элчисини нафрат билан кутиб олишди ва одамларнинг исломни қабул қилишининг олдини олиш учун жуда кӯп ҳийла-найранглар тӯқиб чиқаришди.
Табиийки, улар ӯзларининг майл-хоҳишига амал қиладиган, ҳеч қурса ӯзларининг истак-хоҳишларига қарши гапирмайдиган пайғамбарни исташар эди. Аммо ислом дини барча бандалар Аллоҳнинг наздида тенгдир, дея эълон қилиши Қурайш бошлиқларига сира-сира ёқмади. Зеро, улар қулларини ӯзларига ҳеч қачон тенг кӯришмас ва бу фикрни тасаввурларига ҳам сиғдиришмасди. Ислом озод ва қул иккиси ҳам Худонинг махлуғи экани, Аллоҳнинг наздида одамлар қул ёки хожа эканлиги билан эмас, балки тақво ва эзгу амаллари билан қадрланишини эълон қилди.
Бир гуруҳ одамларнинг ислом ёхуд бошқа Илоҳий динларга қарши курашишининг илдизи уларнинг якравлигига бориб тақалади. Ӯзининг истак-хоҳишини Аллоҳнинг дастуридан устун қӯядиган, Худога таслим бӯлишни истамаган киши мутакаббирга айланади. Мутакаббир ва бӯйни юғон киши эса Аллоҳнинг динини заифлаштириш мақсадида турли ҳийла-найрангларни ӯйлаб топади.
Албатта, Аллоҳ ирода қилса, ҳийлагарларнинг ҳийла-найрангини чипакка чиқаради. Улар ӯзлари ӯйлаб топган ҳийлаларининг қурбонига айланади. Аллоҳнинг бу қонуни инсоният тарихи давомида амал қилиб келган.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Ҳар қандай қасамга ҳам ишонавериш жоиз эмас. Мунофиқлар ичган энг оғир қасамларини ҳам синдириб, унга тескари амал қилишлари мумкин.
- Аҳли башар ғафлатда қолмаслиги ёхуд ғафлат уйқусидан уйғонмоғи учун сергак бӯлиши керак.
- Кӯпчилик одамлар Аллоҳни танимаганликлари учун эмас, балки мутакаббирлик ва якравлик руҳиясига эргашганликлари учун куфр келтиришади. Уларнинг иллати оламлар яратувчиси наздида таслим бӯлишни истамасликларидир.
- Олам маълум бир Илоҳий қонуниятлар асосида бошқарилади. Бахт-саодатга эришиш учун бу қонуниятларни билиш жуда муҳимдир.
Энди «Фотир" муборак сураси 44-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.
أَوَلَمْ يَسِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَيَنظُرُوا كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ وَكَانُوا أَشَدَّ مِنْهُمْ قُوَّةً ۚ وَمَا كَانَ اللَّـهُ لِيُعْجِزَهُ مِن شَيْءٍ فِي السَّمَاوَاتِ وَلَا فِي الْأَرْضِ ۚ إِنَّهُ كَانَ عَلِيمًا قَدِيرًا ﴿٤٤﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Улар ер юзида сайр қилиб юриб ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандоқ бўлганига назар солмайдиларми?! Ҳолбуки ўшалар булардан кўра қувватлари кўп бўлган эдилар. На осмонларда ва на ерда бирор нарса Аллоҳни ожиз қолдира олмас. Албатта, У зот ўта илмли ва ўта қодирдир. (44)
Олдинги оятнинг давоми сифатида бу ояти каримада мункир ва кофирларга хитобан буюрилади: Ер юзида сайр қилсангиз, сиздан олдин яшаб ӯтганларга Аллоҳ қандай муомала қилганлигини билиб оласиз. Сиздан-да қудратли бӯлган кишилар Аллоҳга қаршилик қилганликлари учун нобуд этилди. Бир замонлар қудрат ва сарватнинг намунаси ҳисобланган, дунёнинг улкан қисмини бошқариб турган Фиръавн, Намруд ва уларнинг атрофидагилар бугун қаерда? Улардан нима ёдгорлик қолди?
Улар Аллоҳга қаршилик қилиш, оламларнинг Ягона яратувчисини ӯз иродасини амалга оширишдан қайтаришга эриша олишдими?
Улар Аллоҳнинг ғазаби чангалидан қочиб, жон сақлай олишдими?
Дарвоқе, ӯтган қавмлар ва дунёни титратган шоҳлар тарихига назар ташланса, куфр ва зулмнинг боқий эмаслиги ва улар ҳеч қачон яхшилик келтирмаслиги Илоҳий қонуният эканлигини илғаб олиш мумкин. Шундай экан, тарихдан сабоқ чиқаришимиз ва келажакни Аллоҳнинг ғазабига гирифтор бӯлмайдиган даражада қуришга ҳаракат қилишимиз лозим.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Қуръони карим мусулмонларни дунёда сайр-саёҳат қилиш ва ӯтган қавмларнинг саргузаштидан ибрат олишга чақиради.
- Ислом таълимотида ӯтган қавмларнинг саргузашти билан танишиш ва улардан ибрат олиш учун инсониятнинг ӯтмишдаги тамаддунларининг нишоналари, яъни тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш ва уларни бориб кӯриш лозимлиги таъкидлангандир.
- Мустабидларнинг қудрат, сарват ва зоҳирий шукуҳ-шаҳомати ҳавасимизни келтирмасин. Улар ишининг оқибати ҳақида ӯйлашимиз лозим.
- Ӯз куч-қудратингиз билан ҳеч қачон мағрурланманг. Зеро, сиздан қудратлироқ кишилар хор-зор ва нобуд этилган.
 
								 
								