Тарихнинг ўчмас кунлари
Бугун шанба, ҳижрий-шамсий 1397 йил мурдод ойининг 20-си, ҳижрий-қамарий 1439 йил зилқаъда ойининг 28-си ва милодий ҳисоб билан 2018 йил 11- август.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар!
"Тарихнинг ўчмас кунлари" унвонли кундалик эшиттиришнинг янги сони билан мен Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
Бугун шанба, ҳижрий-шамсий 1397 йил мурдод ойининг 20-си, ҳижрий-қамарий 1439 йил зилқаъда ойининг 28-си ва милодий ҳисоб билан 2018 йил 11- август.
Бундан 66 йил олдин, яъни милодий 1952 йилнинг 11 август кунида Эфиопия императори Ҳайле Селосси Эритреяни Эфиопияга қўшилишига оид БМТ нинг қарорини имзолади. Мусулмонлар яшайдиган Эритрея мамлакати олдин Италия мустамлакаси эди. Иккинчи Жаҳон уруши пайтида ушбу юрт Англия томонидан ишғол этилади. 1950 йилнинг декабр ойида БМТ қарори билан Эритрея федерал давлат сифатида Эфиопияга қўшилди. Эритрея халқи ўз давлатларининг Эфиопияга қўшилишига қарши эдилар ва ҳуқуқлари эътиборга олмаганлиги сабабли эътирозли ҳаракатларни бошлашади. Эритрея халқининг эътирозлари 1960 йилга келиб мустақиллик йўлидаги қуролли тўқнашувларга айланади. Охири 1993 йили Эритрея халқининг курашлари натижа беради ва референдум орқали Эритрея мамлакати ўз мустақиллигига эришади.
Бундан 25 йил олдин, ҳижрий- шамсий 1372 йилнинг 20-мурдод кунида эронлик машҳур миниатюрист ва рассом Аҳмад Роиз оламдан ўтган. У она шаҳри Исфаҳонда миниатюра ва рассомчилик санъатини етук устозлардан ўрганади ва бир қатор тасвирий лойиҳаларни яратадики, ушбу ишларда мозаика, керамик ва қалам билан ишлов бериш ҳунарларидан ҳам фойдаланилган. Устоз Аҳмад Роиз яратган асарлар Брюсселда ташкил этилган халқаро кўргазмада иккинчи совринга эга бўлади. Бу етук ҳунарманд ярим аср давомида миниатюра ва минокорлик санъати билан шуғулланади ва ушбу соҳа бўйича кўплаб шогирдларни ҳам тарбиялайди. Устоз Аҳмад Роиз юз ифодаси, портретлар ва миниатюрадан иборат 145 тадан ортиқ асарлар яратган. Кумуш ва қалам билан ишлаган унинг айрим асарлари ҳам Эрон Миллий музейида сақланмоқда.
Бундан 58 йил олдин, яъни милодий 1960 йилнинг 11 август кунида Чад мамлакати Франция тасарруфидан чиқиб, ўз мустақиллигини эълон қилади ва бу кун Чад мамлакатининг мустақиллик куни деб номланади. 19 асрнинг охирлари ва 20 асрнинг бошларида францияликлар Чад мамлакатига ҳужум уюштиришади ҳамда 3 йил давомида бу ўлканинг барча ҳудудларини ишғол этишади. Шу тариқа Чад бутунлай Франция мустамлакасига айланади. Милодий 1958 йили Франция Чад мамлакатига мухторият ҳуқуқини беради. Икки йилдан кейин Чад тўлиқ мустақиллигини қўлга киритади. Чад мамлакатининг ер майдони бир миллион 284 минг квадрат километрни ташкил этади. Африка қитъасининг марказий қисмида жойлашган Чад мамлакати Ливия, Камерун, Судан, Марказий Африка ва Нигерия мамлакатлари билан қўшни давлат ҳисобланади.
Азизлар, “Тарихнинг ўчмас кунлари” унвонли ҳафталик эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.