Нур томон йӯл—791
« Ёсин " муборак сураси 5-9--ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб “Ёсин” муборак сурасининг 5-6- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
تَنزِيلَ الْعَزِيزِ الرَّحِيمِ ﴿٥﴾ لِتُنذِرَ قَوْمًا مَّا أُنذِرَ آبَاؤُهُمْ فَهُمْ غَافِلُونَ ﴿٦﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Бу Азизу Раҳимнинг нозил қилганидир. (5) Ота-боболари огоҳлантирилмаган, ўзлари эса, ғофил бўлган қавмларни огоҳлантиришинг учун. (6)
Қуръони каримнинг ҳикматомуз эканлиги, унинг улуғворлиги ва азаматига ишора қилинган олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти карималарда дастлаб буюрилади: Қуръон Аллоҳнинг каломидир, пайғамбарнинг сӯзи эмас. Гарчи пайғамбар тилидан жорий бӯлган бӯлсада, аммо у Аллоҳнинг каломидир. Расули акрам (с) томонидан ривоят қилиниб, ҳадис китобларида келтирилган муборак ҳадисларга назар солсак, пайғамбарнинг баён услуби Қуръон оятларнинг баён услубидан тамомила фарқ қилишини илғаб олишимиз мумкин. Араб тили билан таниш бӯлган одам бу фарқни яққол сезиши мумкин.
Ояти карималарнинг давомида буюрилади: Қуръони карим одамларни ғафлатдан уйғониб, ҳаёт ҳақиқатларини англаб олишлари учун огоҳлантирувчи сифатида нозил бӯлган. Бу ҳақиқатлар инсоннинг ҳаётига боғлиқдир. Улардан бехабар инсон фақат дунёни кӯради, абадий ҳаёт маскани бӯлган охиратдан эса ғафлатда қолади.
Ояти карималарнинг давомида Расули акрам рисолатининг Арабистон ярим оролидаги аҳамиятига ишора қилиниб, буюрилади: илгари бу минтақада араб қавмидан бирор-бир пайғамбар келмаган ва улар Илоҳий пайғамбар неъматидан бенасиб эдилар.
Қуръони карим оятларидан маълум бӯлишича араб қавми орасида ҳам доимо одамларни эзгуликка даъват этувчи кишилар бӯлган, аммо машҳур пайғамбарлар бӯлмаган.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
Аллоҳ таъоло барча сифатларга эга . У ҳам азиз, муқтадир ва ҳам раҳим ва меҳрибондир.
Одамларни ғафлат уйқусидан уйғотиш учун уларни огоҳлантириш Аллоҳнинг суннати ва пайғамбарларнинг асосий вазифаси бӯлиб келган.
Энди “Ёсин” муборак сураси 7- ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
لَقَدْ حَقَّ الْقَوْلُ عَلَىٰ أَكْثَرِهِمْ فَهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ ﴿٧﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Батаҳқиқ, уларнинг кўпларига (азоб) сўз ҳақ бўлди. Бас, улар иймон келтирмаслар. (7)
Олдинги оятларда пайғамбарлар одамларнинг кӯзидан ғафлат пардасини бартараф қилиш учун келадилар, деган фикр таъкидланган эди. Бу ояти каримада буюрилади: Аксари одамлар пайғамбарларнинг огоҳлантиришига эътибор қаратмай, иймон келтиришмайди. Табиийки, бундай одамлар қиёмат куни Илоҳий азобга гирифтор бӯлишади.
Қайд қилиш жоизким, қиёматда умрининг охиригача тавба қилмаган ва янглиш йӯлдан қайтмаган ёхуд ширк ва куфрнинг йӯлбошчилари бӯлиб, кӯпчилик одамларни тӯғри йӯлдан адаштирган кишиларгина азобга гирифтор этилади. Аммо ӯлимидан олдин қилган гуноҳ ишларидан пушаймон бӯлиб, сидқидилдан тавба қилиб, Аллоҳга қайтса, Аллоҳнинг авф ва раҳматига сазовор бӯлиши мумкин.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
Диндорлик масаласида кӯплик ва камлик муҳим эмас. Ҳатто дунё халқининг аксарияти Аллоҳнинг динидан воз кечишса ҳам бу улар ишининг тӯғрилигига далил бӯлолмайди. Камчиликни ташкил этган муминлар ӯзлари танлаган йӯлнинг дурустлигига шак келтирмасликлари, умидсизликка тушиб, маҳзун бӯлмасликлари керак.
Ғайб ҳақиқатларидан ғафлатда қолиш инсонни куфр ва мутакаббирликка бошлайди.
إِنَّا جَعَلْنَا فِي أَعْنَاقِهِمْ أَغْلَالًا فَهِيَ إِلَى الْأَذْقَانِ فَهُم مُّقْمَحُونَ ﴿٨﴾ وَجَعَلْنَا مِن بَيْنِ أَيْدِيهِمْ سَدًّا وَمِنْ خَلْفِهِمْ سَدًّا فَأَغْشَيْنَاهُمْ فَهُمْ لَا يُبْصِرُونَ ﴿٩﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Биз уларнинг бўйинларига кишанлар солдик. Улар иякларигача етади. Бас, улар кўзлари юмуқ, осмонга қараб ғўдайиб қолдилар. (Ғофилликлари сабабли азоб сўзи ҳақ бўлган кофирларнинг ҳоли ҳам худди шундай, уларнинг иймонга келишига умид йўқ.) (8) Ва Биз уларнинг олдиларидан ҳам тўсиқ қилдик, орқаларидан ҳам тўсиқ қилдик, кўзларига парда тортдик. Бас, улар кўрмаслар. ( Бўйнига қўлини қўшиб, кишанланган, кўзи юмуқ ҳолда осмонга қаратиб, ғўдайтириб қўйилган одамнинг бирор нарсани кўрмаслиги учун олдидан ҳам, ортидан ҳам тўсиқ қўйилган. Камига, яна кўзига ҳам парда қўйилган. Шундай ҳолатдаги одамнинг бирор нарсани кўра олишига умид бўлмаганидек, ҳалиги кофирларнинг ҳам иймонга келишидан умид йўқ.) (9)
Бу ояти карималарда кофирларга дунё ва охиратда жазо берилиши баён этилади. Қиёмат азоби тасвирланганда дӯзахийларнинг ҳатто боши ва бӯйнини ҳаракатлантиришига тӯсиқ бӯладиган кунда ва занжир тилга олинади.
Дунёда олдилари ва орқаларидаги ҳақиқатларни кӯришни истамаганлар оламнинг ибтидоси бӯлган Худони ҳам, олам ишининг интиҳоси бӯлган охиратни ҳам тан олишни истамаганлар қиёмат куни ана шу ҳолатда қайта тириладилар. Уларнинг дунёдаги кӯрдиллиги қиёмат куни ҳам шу ҳолатда мужассамлашган бӯлади.
Дарвоқе, қиёмат инсоннинг дунёдаги амалларининг бошқача турдаги тажассумидир. Ёмон амалларнинг зоҳири дунёда шундайки, инсон унинг бутун ёвузликларини кӯролмайди. Аммо қиёмат куни одамлар ӯзларининг ботиний шаклида қайта тирилганлиги учун уларнинг кӯрдиллиги ва ҳақиқатларга эътиборсизлиги кӯрлик, кӯзи ожизлик шаклида намоён бӯлади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
Қиёматдаги кунда ва занжир дарҳақиқат кофирлар дунёда ӯз амаллари билан қӯл ва оёқларига боғлаган кунда ва занжирлардир. Улар дунёда эркинмиз, деб ӯйлашади. Аммо ҳақиқатда нафсоний ҳаво ва ҳавасларнинг асиридирлар.
Кофирлар фақат бугунги кун ва ҳаётнинг лаҳзалик лаззатларидан фойдаланиб қолиш фикридалар. Улар оламнинг аввалу охири ҳақида ӯйлашни ҳам истамайдилар. Кӯзлари парда билан тӯсиб қӯйилган. Шу сабабли ҳақиқатни кӯрмайдилар. Ӯтганлар саргузаштидан ҳам ибрат олишмайди, ӯзларининг келажак тақдирлари ҳақида ҳам ӯйлашмайди.