Нур томон йӯл--844
«Зуммар" муборак сураси 17-21-ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб “Зуммар” муборак сураси 17-18- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَالَّذِينَ اجْتَنَبُوا الطَّاغُوتَ أَن يَعْبُدُوهَا وَأَنَابُوا إِلَى اللَّـهِ لَهُمُ الْبُشْرَىٰ ۚ فَبَشِّرْ عِبَادِ ﴿١٧﴾ الَّذِينَ يَسْتَمِعُونَ الْقَوْلَ فَيَتَّبِعُونَ أَحْسَنَهُ ۚ أُولَـٰئِكَ الَّذِينَ هَدَاهُمُ اللَّـهُ ۖ وَأُولَـٰئِكَ هُمْ أُولُو الْأَلْبَابِ ﴿١٨﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор. Бас, бир бандаларимга хушхабар бер. (17) Улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашадиганлардир. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир. Ана ўшалар, ҳа, ўшалар ақл эгаларидир. (Ушбу жумладан билинадики, одамлар икки тоифа–Аллоҳга ёки тоғутга ибодат этадиган бўлади. Учинчи хили бўлиши мумкин эмас. Аллоҳга ибодат қилмаган одам, албатта, тоғутга, яъни, Аллоҳдан ўзгага сиғинган бўлади. Мен динсизман, ҳеч нарсага ибодат қилмайман, деганлар ёлғон гапирадилар. Улар, ҳеч бўлмаса, ҳавои нафсига ёки ўзи аъзо бўлган жамиятнинг урф-одатига бўйсунадилар–ибодат қиладилар.) (18)
Қуръони каримнинг бу ояти карималарида ҳам қиёслаш услуби қӯлланган. Ӯтган суҳбатимизда мушриклар ҳақида гапирилган эди. Бу ояти карималарда эса ҳақни англагач, Аллоҳга қайтган ва Худонинг раҳматига эришган бандалар ҳақида гапирилади.
Ҳақиқий иймон Аллоҳдан ӯзга нарсага сиғинишдан узоқлашишдир. Масалан тош ва ёғочдан ясалган бутлар, ички ҳавойи нафс, ёвуз ҳокимларга итоат қилмаслик, тоғут, яъни ҳад-ҳудудни билмайдиган золимлардан узоқлашиш шулар жумласидандир.
Бу ояти карималарда шунингдек таассубдан воз кечиб, эшитган гапларини ақл тарозисида ӯлчаб, уларнинг энг яхшисига эргашган кишилар гуруҳига ишора қилинади. Бу гуруҳ одамлар ҳақиқатга ташнадирлар. Уни кӯргач, бутун вужудлари билан қувониб, ҳақнинг зулол чашмасидан сипқоришади, сероб бӯлишади.
Бу ояти карималарда мусулмонларнинг ҳур фикрлилиги ва турли жабҳаларда уларга танлаш ихтиёри берилганлигига ишора қилинади. Ақлли кишилар ҳақ гапга қарши далил ва баҳона излаш ӯрнига унга яхшилаб қулоқ солишади, ҳақ эканлигига ишонч ҳосил қилгач, унга эргашишади. Бу ақл-заковатнинг белгисидир.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Ҳақиқий иймоннинг шарти золим тоғутларнинг зулмига тан бермаслик ва улардан узоқлашишдир.
- Турли фикрларга дуч келган чоғи уни баён этган кишиларнинг мақом-мартабасига эмас, балки гапнинг мазмунига эътибор қаратиш керак. Хилма-хил фикрлардан энг яхшисини танлаб олиш жоиз.
- Ақл ҳамда ваҳий ва диний таълимот ӯртасида қарама-қаршилик йӯқ. Иккиси ҳам аҳли башарни абадий саодат сари бошлайди.
- Ислом ҳур фикрлилик ва ҳаёт йӯлини ақл ва мантиқ асосида танлаш тарафдоридир.
Энди “Зуммар” муборак сураси 19-20-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
أَفَمَنْ حَقَّ عَلَيْهِ كَلِمَةُ الْعَذَابِ أَفَأَنتَ تُنقِذُ مَن فِي النَّارِ ﴿١٩﴾ لَـٰكِنِ الَّذِينَ اتَّقَوْا رَبَّهُمْ لَهُمْ غُرَفٌ مِّن فَوْقِهَا غُرَفٌ مَّبْنِيَّةٌ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ ۖ وَعْدَ اللَّـهِ ۖ لَا يُخْلِفُ اللَّـهُ الْمِيعَادَ ﴿٢٠﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Ёки ҳақида азоб сўзи ҳақ бўлган кимсани— дўзахдаги кимсани сен қутқара олурмисан?! (19) Лекин Роббиларига тақво қилганлар учун болохоналар устидан болохоналар бино қилингандир. Остларидан анҳорлар оқиб турур. Аллоҳнинг ваъдаси шу! Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас. (20)
Расули акрам (с) барча халойиқ, жумладан мушрик ва гумроҳларни ҳам ҳидоят қилишга муштоқ эдилар. Шу сабабли бу ояти карималарда ул ҳазратга қарата буюрилади: ӯзлари дӯзах йӯлини танлаган кишиларни оловдан нажот беришни уддалай оламан, деб ӯйлайсизми? Йӯқ, бундай эмас. Аллоҳ билан муносабатнинг барча йӯлларини ӯзлари учун беркитган кишилар учун пайғамбар ҳам ҳеч нарса қилолмайди.
Аммо бу гуруҳга қарама-қарши ӯлароқ иймон ва тақво аҳли бӯлган кишиларнинг қиёмат куни мақом-мартабалари улуғ бӯлади. Улар жаннат боғларидаги қасрларда ноз-неъматлар ичида яшашади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Пайғамбарларнинг асосий вазифаси одамларни Ҳақ томонга ҳидоят қилиш ва уларга яшашнинг тӯғри йӯлини кӯрсатишдир. Аммо одамларнинг дӯзах оловидан нажот топиб, абадий саодатга эришишлари пайғамбарларга эмас, балки ӯзларининг амалларига боғлиқ.
- Таассуб, якравлик ва менсимаслик ила Аллоҳни таниш йӯлларини беркитган киши ӯзи учун дӯзах оловидан нажот топиш йӯлини беркитиб ташлагандир.
- Аллоҳга иймон келтирган киши Унинг жаннат ва дӯзах ҳақидаги ваъдаларига қатъий ишониб, ӯз амалларида эҳтиёткорликни қӯлдан бермаслиги керак.
Энди “Зуммар” муборак сураси 21-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّـهَ أَنزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَسَلَكَهُ يَنَابِيعَ فِي الْأَرْضِ ثُمَّ يُخْرِجُ بِهِ زَرْعًا مُّخْتَلِفًا أَلْوَانُهُ ثُمَّ يَهِيجُ فَتَرَاهُ مُصْفَرًّا ثُمَّ يَجْعَلُهُ حُطَامًا ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَذِكْرَىٰ لِأُولِي الْأَلْبَابِ ﴿٢١﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Аллоҳ осмондан сув тушириб, уни ердаги манбаълардан юритиб қўйганини кўрмадингми?! Сўнгра у ила турли рангдаги экинларни чиқарур. Кейин у қурийдир. Бас, уни сарғайган ҳолида кўрарсан. Сўнгра уни қуруқ чўпга айлантирур. Албаттта, бунда ақл эгалари учун эслатма бордир. (21)
Кофирлар ва мӯминлар ишининг оқибати қисқача қиёслангач, бу ояти каримада тавҳид ва қиёмат куни мавзусига ишора қилиниб, тавҳиднинг далилларидан бири сифатида осмондан ёмғирнинг ёғилишига ишора қилинган. Зеро, ер юзидаги ҳаёт ана шу ёмғирларга боғлиқ. Агар денгиз сувларининг буғланиши, булутларнинг вужудга келиши ва уларнинг ернинг турли бурчакларига ҳаракатлари, қор ва ёмғирниг ёғилиши каби мунтазам ва тартибли система бӯлмаганида ер юзининг турли минтақаларида сувсизлик ва ӯт-ӯлан ӯсмаслиги натижасида ҳаёт кечириш имконсиз бӯларди.
Бундай ҳолатда ҳатто денгиз ва океанлар бӯйида яшайдиган кишилар ҳам экинзорларини сув билан таъминлай олишмас эди. Зеро, денгизларнинг суви ӯта шӯр бӯлиб, уларни чучитмасдан фойдаланишнинг имкони йӯқ.
Аммо табиатда бу муаммо осонлик билан ҳал қилинган. Гап шундаки, сув буғланган пайти унинг таркибидаги туз ва бошқа оғир моддалар ҳавога кӯтарилмасдан, чӯкинди бӯлиб қолаверади. Соф, зулол сув эса қор ва ёмғир шаклида фойдаланишга яроқли бир тарзда заминга қайтади. Шаксиз, сувни табиий равишда чучитиб, инсон ва бошқа жонзотларнинг фойдаланиши учун айни муддао айлаган буюк Яратувчининг тадбиридир. Ёмғир суви ер ости ҳавзаларида, қор эса тоғларда захираланиб, булоқ , қудуқ ва дарёлар сифатида инсон ва бошқа махлуқотларнинг фойдаланишига тортиқ қилинади.
Ер юзидаги инсондан тортиб барча жонзот ва ӯсимликларнинг ҳаётини таъминловчи бу улуғ неъмат ҳақида тафаккур айлаган киши борлиқнинг буюк парвардигори азаматини ҳис қилади.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Табиат ҳодисалари ҳақида тафаккур юритиш Аллоҳни танишнинг усулларидан биридир. Ғафлатга берилиб, табиатнинг улкан сабоқларини сезмасдан ӯтиб кетиш ярамайди.
- Бир хил сув ва тупроқдан хилма-хил мева ва гулу гиёҳ униб чиқишининг ӯзи оламлар Парвардигори чексиз қудрат ва буюклигининг нишонасидир.
- Табиат ҳодисаларини кузатган пайти борлиқни ҳайратланарли даражада яратган Холиқи яктони ҳам таниш ақл-заковатлиликнинг белгисидир.