Такфирий жараёнлар
Салафийлик ақидаларининг шаклланиши
Аллоҳ таоло номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.
Олдин ҳам таъкидлаб ўтганимиздек, ”Салафий”лик оқими XVIII аср ўрталарида Марказий Арабистоннинг Нажд ва ал-Хосса вилоятлари ҳудудида юзага келган. Дастлаб, ушбу оқимнинг асосчиси Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб (1703-1898) диндан чекинувчиларга қарши кураш олиб борди. Унинг фикрича, нафақат араб ярим оролидаги аҳоли, балки бутун мусулмон ўлкалари ҳам асл ислом таълимоти бўлмиш “тавҳид”дан узоқлашган.
Ўша пайтда Марказий Арабистон расман Турк халифалиги қўл остида бўлса-да, аммо ушбу халифаликнинг таъсири бу ўлкада сезиларли даражада сусайган эди. Чунки, империянинг ўзида бошланган инқироз нафақат давлат хавфсизлиги сиёсатига, балки диний уламолар фаолиятида ҳам акс этган эди. Жуғрофий муҳит, қабила ва табақалар ўртасидаги зиддиятлар уларнинг бирлашувига тўсқинлик қилса, бошқа бир қатор иқтисодий ва сиёсий омиллар бу ҳудуднинг бирлашувини тақозо этар эди. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб эса ўлкада вужудга келган вазиятларни тушуниб, уларни ягона мафкура асосида бирлаштириш мумкинлигини англаб етди ва ўз таълимотига асос солди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг XVIII асрдаги шогирд ва издошлари ҳамда кейинги даврдаги ушбу оқимнинг тарафдорлари уни янги таълимот яратди, деб таъкидлашади. Аслида унинг таълимотидаги асосий ғоялар илгариги диний оқим ва мазҳабларда мавжуд бўлган. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб улардаги баъзи ғоя ва таълимотларни ривожлантирган, айримларига эса урғу берган, холос.
Жумладан, тадқиқотчилар «салафий»лик оқими ҳанбалий мазҳаби асосида шаклланганлигини, яъни Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қарашларини ривожлантириб, унга диний-сиёсий тус берганлигини таъкидлашади. Лекин шу нарса маълумки, VIII аср охири ва IX аср бошларида ислом ўлкаларида мўътазилий оқимнинг пайдо бўлиши ва ушбу оқим томонидан бир қатор ислом таълимотларига зид ақидаларни илгари сурилиши соф ислом дини тамойилларига жиддий хавф туғдира бошлаган. Мана шундай вазиятда Аҳмад ибн Ҳанбал катта жасорат билан исломий ақидани ҳимоя қилганлиги сабаб, у динни сақлаб қолган шахс сифатида биринчи халифа Абу Бакр билан тенглаштирилди. Натижада, унинг ислом оламидаги шуҳрати ошишига ва суннийликнинг энг йирик кўзга кўринган вакилларидан бирига айланишига олиб келди.
Баъзи тадқоқотчилар Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ҳуқуқий қарашлари, сўз ва фатволаридан келиб чиқиб унинг таълимотларини шахсий мазҳаб деб баҳолашади. Кейинчалик издош ва шогирдлари томонидан унинг ҳуқуқий қараш ва фатволари тўпланиб, бу мазҳабга алоқадор 30 та ҳуқуқий тамойил ва қонунларни ўз ичига олган китоблар ёзилгани қайд этилади.
Вазият тақозосига кўра, Аҳмад ибн Ҳанбал ўз замонасидаги мусулмонларни исломий ақидаларнинг асл ҳолига қайтариш учун фақатгина Қуръон ва Суннатга эргашиш лозимлигини тарғиб қилган. Шу сабабли, у «исломни бидъатлардан қутқарувчи» деган номга ҳам сазовор бўлган. Бу эса, кейинчалик мусулмон жамияти заифлашган ва турғунлашган пайтларда Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ғояларининг шаклланиши ва тарқалишида етакчи роль ўйнаган.
XIV асрда яшаган Тақийиддин ибн Таймийя ҳам Аҳмад ибн Ҳанбал таълимотининг ёйилишига сезиларли ҳисса қўшган. Ибн Таймийя Сурияда туғилиб, вафотига қадар 500 дан ортиқ асар таълиф этди. Ибн Таймийя ўзининг асарлари ва маърузаларида дастлабки ислом ёки асл исломда бўлиш зарурлигини ҳамда ҳар қандай янгилик (бидъат)лар диний бузилишларга олиб келишини таъкидлади. У авлиёлар, ҳатто пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қабрларини зиёрат қилишга ҳам қарши чиқди. Чунки, бу даврга келиб Мадинадаги «Пайғамбар масжиди»да жойлашган Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қабрини зиёрат қилиш ҳаж амаллари асносида йўлга қўйилганди.
Мавзуни таҳлилчи Фахриддин Умаров давом эттиради.
Таҳлилчи Фахриддин Умаровнинг суҳбати эди.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда "Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.
Ибн Таймийя нафақат назарий масалаларда, балки амалиётда ҳам муросасиз бўлгани учун бошига кўплаб кулфатлар орттирган. Қозилар ва ҳукмдорлар кўп марта унга жарималар солиб, тан жазоларини ҳам беришган. У ўз ҳаётинининг анча қисмини зиндонларда ўтказиб, 1328 – йилда вафот этади. Тақдир тақозоси билан Тақийиддин ибн Таймийя ислом экстремизмининг биринчи назариётчиси, бошқача айтганда, «бобокалони»га айланиб қолади. Чунки, диний мутаассиб кучлар ибн Таймийянинг давлат ҳақидаги тушунчасига амал қилган ҳолда шундай нуқтаи назарга ёндашардиларки, унга биноан ислом дини умуман давлат тузумининг қандайдир аниқ шаклини кўрсатиб бермайди. Ибн Таймийя: «Ҳар қандай давлат, агар у одамлар томонидан шариат аҳкомлари бажарилишини таъминласа, унинг тузуми қандай бўлишидан қатъий назар, ислом давлати ҳисобланади» – деб уқтиради.
Ёки унингча, «давлатни шариат қонунлари асосида бошқармаётган ҳукмдорга нисбатан жиҳод эълон қилиниши лозим.» Умуман олганда, ибн Таймийянинг «революцион» ғоялари кейинчалик бир неча диний-сиёсий ҳаракатлар, жумладан «салафий»лик оқими вакиллари томонидан кенгайтирилди ва исломдаги энг радикал кўринишга эга бўлган таълимот юзага келтирилди.
Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб арабистон ярим оролида Ибн Таймийянинг ўта кескин кайфиятдаги ашаддий таълимотларини тарғиб қила бошлади. Ушбу ғалати ва бузғунчи таълимотларнинг тарғиботи милодий йилининг 19 – асри бошларида ўта ноқулай тарихий вазиятда бошланди.
Ўша вақтда ислом оламига тўрт томондан империалистларнинг ҳарбий таҳдид ва ҳужумлари бошланган эди. Шарқ томондан Инглислар Ҳиндистоннинг кўп қисмини ишғол этиб, Форс кўрфазининг айрим қирғоқли ҳудудларига кўз олайтиришган эди ва уларнинг қўшинлари борган сари Эроннинг жанубий ва ғарбий томонларига яқинлашиб келишарди. Французлар Наполеон раҳбарлигида Сурия, Миср ва Фаластинни ўз тасарруфига киритиб, Ҳиндистонга ҳужум қилиш учун режа тузишарди. Руслар эса Эрон ва Усмонийларга узлуксиз ҳужум қилишиб, ўз империясини бир томондан Фаластингача, иккинчи томондан эса Форс кўрфазигача кенгайтириш пайига тушишган эди. Ҳаттоки, Руслар Америка ва шимолий Африкадаги ислом ўлкаларини тасарруф қилиш илинжида эди.
Қадрли тингловчилар, “Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.