сентябр 24, 2016 16:05 Asia/Tashkent

Бедилшунослик ва Ўзбекистон олимлари

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги суҳбатимизда  ҳам буюк шоир ва файласуф  Мирзо Абдулқодир Бедилнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида сўз юритамиз.  Бизни тинглаб боринг.

Асил шеъриятнинг азиз мухлислари,  ўтган сўҳбатимизда таъкидлаганимиздек, ўзларини илм аҳли деб ҳисоблайдиган бундай манфаат аҳли ҳақида улуғ муаллиф яна шундай дейди:
Маънисабақон гар ҳама сад баҳри китобанд,
Чун мавжи гуҳар пеши лабат сактажавобанд.

(Мазмуни: Илоҳий маърифатдан сабоқ олгувчи бу толиблар бир дунё китоб тўплайдилар; лекин улар гуҳар мавжига ўхшаб, ё Раббим, сенинг саволларинг олдида сактажавобдир.) Байтда кўплаб китоб тўплаб, ундаги маърифатдан баҳра ололмаган олимларнинг «сактажавоблиги» танқид қилинмоқда. Кейинги байт мазмунни янада тўлдиради:

Раҳм аст ба ҳоли табу тоби нафасе чанд,
К-ин хушклабон моҳии дарёи саробанд.

(Мазмуни: ўз нафсига қул бўлган бу толибларга раҳмингиз келсин; бу лаби қуруқлар сароб дарёсининг балиқларидир.) Бедил ижодиётида мутлақо янги истилоҳ ва ибораларга тез тез дуч келиш мумкин. Бу икки байт ичида ҳам «маънисабақ», «сактажавоб», «хушклаб», «дарёи сароб», «табу тоби нафас» каби бедилона иборалар ишлатилган. Маънисабақ—«маърифатни ўрганувчи»; сактажавоб—«илмида нуқсони бор»; хушклаб—«маърифатдан бебаҳра», дарёи сароб—«илми ботил», табу тоби нафас—«ўз нафси билан овора» маъноларини ифодалайди. Бу икки байтда шариат илмларини пухта ўрганиб, тариқат илмларидан, яъни маърифатдан бебаҳра қолган илм аҳллари назарда тутилган. Маърифатдан ғофиллик тағофулнинг энг ёмонидир. Чунки илм аҳли нафсидаги жаҳолат, манфаатпарастлик, худбинлик, баднафслик, молпарастлик, жоҳпарастлик, хушомадгўйлик каби иллатлар айнан анна шу маърифатдан бебаҳраликнинг хунук аломатларидир.

Қуйидаги байтда эса инсондаги тағофул янада кескинроқ танқид қилинади:
Халқе, офаткаши найранги хаёл аст ин жо,
Ҳеч кас нест хар, аммо ҳамаро боре ҳаст.

(Мазмуни: Бу ерда (бу дунёда) халқ хаёл найрангларининг офаткашига ўхшайди. Тўғри, бу ерда ҳеч ким эшак эмас, лекин ҳамманинг устида юки бор.) Бедилнинг даҳолиги шундаки, бу байт билан ўз даврларидан ҳам кўра кўпроқ бизнинг давримиз тағофулини назарда тутганга ўхшайдилар. Кимга қараманг, бемаза тирикчилик ташвиши билан банд: жонини хавфга қўйиб бўлса-да, бойлик топишга уринган, Кимўзарга қават- қават иморатлар қураётган, қимматбаҳо мошинларни соғинган (балки сиғинган!) ва уни сотиб олиш учун жонини жабборга берган, кимўзарга дабдабали тўйлар ўтказаётган, кимўзарга артистларнинг оёғига пул тўккан, кимўзарга жисмига (жасадига) зеб берган, кимўзарга дала ҳовлисини зийнатлаб, маишат қилаётган одамларни кўрасиз бу ерда.

Қалб унутилган, маърифат унутилган, моҳият–иймон унутилган, меҳр- оқибат унутилган, раҳм-шафќат унутилган… Чунки ҳамманинг елкасида ўз «юки» бор. Улар учун шу юкни кўтариш фарздир гўё. Худди қабрга ҳам бир кун келиб шу «юк» билан кирадигандай. Яна бу «офаткаш»лар шу қадар мағрурки, елкаларидаги бу «юк» билан худди боркаш бир ҳайвонга ўхшаброқ кетаётганларини эслатсангиз, сиздан қаттиқ хафа бўлишади. Ҳеч қачон кечирмайдилар. Бундай бандалик
аслида шармандалик эканлиги эса етти ухлаб тушларига ҳам кирмайди. Тағофул(ғафлат)нинг бундай кўриниши нафақат ҳазрат Бедилни, балки барча маърифат аҳлини қаттиқ таажжубга солади.

Ҳозир эса Бедил асарлари ва ўзбекистонлик  адабиётшунослари  бобида таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг қилган сўҳбатини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Энди эса буюк Бедилнинг  гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.

Сенсиз ташланса боғга, кўзёшли нигоҳ, сувда,

Мен бир ойина янглиғ... қолган каби боғ, сувда.

Ҳуснингдан ҳижоб айлаб кўзгу бўлмасам бўлмас,

Қуёшга боқиб бўлмас ул бўлмаса, оҳ, сувда.

Инжу-инжу тер терлар баҳор тонги чаманда,

Ютиб барин бош эгган гуллар бегуноҳ, сувда.

Табассум қилганигда ўғрилар кўрди лаълинг,

Лаълинг — Зуҳро, қўл етмас, шундан жигар доғ, сувда.

Эй омонлик истаган, олдингдадир минг офат,

Соҳилда ўт ловуллар, кеманг-чи қироғ — сувда.

Оламнинг ҳар ашёси бир дилга дўнсам дейди,

Ҳар қатра орзу айлар бир кун дур бўлмоғ, сувда.

Дунёдир чексиз уммон, дуррин жунбушда излар,

Билмаски дур ўзинда, билмаски дур, оҳ, сувда.

Истарсан даҳр ичинда лочин мисоли парвоз,

Кеч бу ҳавасдан, ғофил, сен бўккан бир зоғ, сувда.

Шарм аҳлининг фарёди келмакда қулоғингга,

Ниқоблари йиртилган пуфакдир, андоғ, сувда.

Руҳни ўлимдан ўзга поклантиргувчи йўкдир,

Шундан юлдузлар милт-милт, шундандир сабоҳ, сувда.

Надомат бирла терлаб бормоқдадирмиз олдга,

Мисли сувдек гоҳ ерда, мисли тўлқин гоҳ, сувда.

Ғафлат аҳли беқарор, феълинда ҳеч сабот йўқ,

Мисли шаъм толесидек алангада, ёғ, сувда.

Бедил, сени ўйламай ишққа ғарқ икки дунё,

Ким ҳам қайғурар тузни чўкиб борар чоғ, сувда.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.