Нур томон йӯл -- 902
"Зухруф" муборак сураси29-35-ояти карималарининг шарҳи
Дастлаб "Зухруф" муборак сураси 29-30-ояти карималарининг тиловатига қулоқ соламиз:
بَلْ مَتَّعْتُ هَـٰؤُلَاءِ وَآبَاءَهُمْ حَتَّىٰ جَاءَهُمُ الْحَقُّ وَرَسُولٌ مُّبِينٌ ﴿٢٩﴾ وَلَمَّا جَاءَهُمُ الْحَقُّ قَالُوا هَـٰذَا سِحْرٌ وَإِنَّا بِهِ كَافِرُونَ ﴿٣٠﴾
- ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Мен эса, анавиларни ва уларнинг ота-боболарини, то уларга ҳақ ҳамда очиқ-ойдин Пайғамбар келгунча фойдалантирдим. (29) Қачонки уларга ҳақ келганида, улар: «Бу сеҳрдир ва, албатта, биз бунга кофирдирмиз», дедилар. (30)
Аллоҳ таъоло бандаларига аввалига ӯз динини етказади, сӯнгра уларни сарҳисоб айлайди. Макка мушриклари ҳам бу қоидадан мустасно эмаслар. Аллоҳ сӯзларини тинглаб, ҳақни яхши англашлари учун араб уммати орасидан пайғамбар танлади. Афсуски, Ҳақ арабларни излаб келганида аксари умматлар каби улар ҳам Ҳақни қабул қилиш ӯрнига унинг хабарини етказувчи кишини жодугар деб атаб, иймон келтирмадилар. Шунда ҳам Аллоҳ ӯзининг моддий неъматларини улардан дариғ тутмади. Балки ӯз хато йӯлларидан қайтишлари учун уларга муҳлат берди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Аллоҳ томонидан нозил бӯлган нарсалар мутлақо ҳақдир. Одамизод Худонинг кӯрсатмаларига қарши қонун чиқарса, ботилдан бошқа нарса эмас, гарчи одамларнинг аксарияти унга эргашишсада.
- Кишиларнинг фаровонлик даражаси ва бойликлари уларнинг ҳақ эканлигига далил бӯлолмайди. Эҳтимол, бу имкониятлар ӯша одамлар учун Илоҳий синовдир.
- Инсон Ҳақни англадими, демак Ҳақдан қочиш учун ҳар қандай баҳона излашлари унинг куфри нишонасидир.
Энди "Зухруф" муборак сураси 31-32-ояти карималарининг тиловатига қулоқ соламиз:
وَقَالُوا لَوْلَا نُزِّلَ هَـٰذَا الْقُرْآنُ عَلَىٰ رَجُلٍ مِّنَ الْقَرْيَتَيْنِ عَظِيمٍ ﴿٣١﴾ أَهُمْ يَقْسِمُونَ رَحْمَتَ رَبِّكَ ۚ نَحْنُ قَسَمْنَا بَيْنَهُم مَّعِيشَتَهُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا ۚ وَرَفَعْنَا بَعْضَهُمْ فَوْقَ بَعْضٍ دَرَجَاتٍ لِّيَتَّخِذَ بَعْضُهُم بَعْضًا سُخْرِيًّا ۗ وَرَحْمَتُ رَبِّكَ خَيْرٌ مِّمَّا يَجْمَعُونَ ﴿٣٢﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Улар: «Ушбу Қуръон икки шаҳардан (бирида) бўлган улуғ кишига нозил қилинганида эди», дедилар. (Уларнинг жоҳилий ўлчовлари бўйича молу дунёси кўп, мансаби, ҳукми ва султони бор одам «улуғ киши» деб эътироф этиларди. Ана шундай одам Пайғамбар бўлишга лойиқ эди. Ўша пайтда мушрикларнинг бу мақомга номзодлари ҳам бор эди. Маккада ал-Валид ибн Муғийра, Тоифда Урвату ибн Масъуд ас-Сақафий исмли одамлар бўлиб, мушриклар ана шулардан бири Пайғамбар бўлса арзийди, деган фикрда эдилар.) (31) Ёки улар Роббингнинг раҳматини тақсимлайдиларми? Биз ҳаёти дунёда уларнинг ораларида маишатларини тақсимладик ва баъзилари баъзиларини хизматкор қилиб олишлари учун айримларининг даражаларини айримларидан устун қилиб қўйганмиз. Роббингнинг раҳмати улар жамлайдиган нарсадан яхшидир. (32)
Бу ояти карималарда Макка мушрикларининг айрим баҳоналарига ишора қилинган. Улар дейишарди: бизнинг орамиздан пайғамбар танланиши лозим бӯлса Макка ёхуд Тоифнинг улуғларидан бири танланарди, болалигида етим қолиб, бобосининг қӯлида ӯсган, мол-дунёдан ҳеч вақоси бӯлмаган киши эмас.
Улар пайғамбарликни қабили бошлиғига ӯхшаш мансаб деб ӯйлашарди. Уларнинг тасаввурида пайғамбар қабила бошлиғи мисоли ҳаммани ӯзига бӯйсундириши лозим эди. Ваҳоланки, инсоний камолотга етган кишигина пайғамбарлик масъулиятини қабул қилишга лойиқ.
Ояти карималарнинг давомида буюрилади: Нубувватнинг ихтиёри одамларнинг қӯлидамиди, истаган кишиларига берилса. Аллоҳ бандаларининг ботиний оламидан хабардор ва Ул зот ким бу масъулиятни қабул қилиш лаёқати ва салоҳиятига эга эканлигини яхши билади.
Дунёвий масалаларда ҳам одамлар орасидаги фарқлар Илоҳий ҳикматга асослангандир. Одамларнинг барчаси зеҳн-заковат, истеъдод, жисмоний ва руҳий иқтидор жиҳатидан бир хил бӯлганларида эди жамиятнинг тартиб-низоми барбод бӯларди.
Одамларнинг ҳар бири маълум бир ишни бажара олишлари учун Аллоҳ уларни ақлий ва жисмоний қудрат жиҳатидан турлича қилиб яратган.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Одамларнинг аксарияти бой-бадавлат ва шуҳратли одамларни буюк одам деб ӯйлайди. Ваҳоланки, Аллоҳ наздида бу ӯлчовлар қадрсиздир.
- Моддий ва маънавий неъматлар Аллоҳ раҳматининг нишоналаридир.
- Одамларга зарур моддий бойликлар Худонинг ҳикмати асосида тақсимланар экан, маънавий ҳодиса бӯлган нубувват уларнинг ихтиёрида бӯлармиди?
- Одамларнинг жисмоний ва ақлий тафовутлари жамиятнинг эҳтиёжларини тартибга келтириш учундир, ӯзаро бир-бирларини таҳқирлаш учун эмас.
Энди "Зухруф" муборак сураси 33-35-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَلَوْلَا أَن يَكُونَ النَّاسُ أُمَّةً وَاحِدَةً لَّجَعَلْنَا لِمَن يَكْفُرُ بِالرَّحْمَـٰنِ لِبُيُوتِهِمْ سُقُفًا مِّن فِضَّةٍ وَمَعَارِجَ عَلَيْهَا يَظْهَرُونَ ﴿٣٣﴾ وَلِبُيُوتِهِمْ أَبْوَابًا وَسُرُرًا عَلَيْهَا يَتَّكِئُونَ ﴿٣٤﴾ وَزُخْرُفًا ۚ وَإِن كُلُّ ذَٰلِكَ لَمَّا مَتَاعُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا ۚ وَالْآخِرَةُ عِندَ رَبِّكَ لِلْمُتَّقِينَ ﴿٣٥﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Агар одамлар бир миллат бўлиб қолишлари (хавфи) бўлмаганда, албатта, Биз Роҳманга куфр келтирадиганларнинг уйлари шифтини ва унга чиқадиган нарвонларини кумушдан қилиб қўяр эдик. (33) Ва уйларининг эшикларини ҳам, устида ёнбошлаб ётадиган сўриларини ҳам (кумушдан қилиб қўяр эдик). (34) Ва зебу зийнату безакларни ҳам. Буларнинг ҳаммаси ҳаёти дунёнинг матоҳидан бошқа нарса эмас. Охират эса, Роббинг наздида тақводорлар учундир. (35)
Ӯтган оятларда мушрикларнинг “Қуръон нега бой-бадавлат кишига нозил бӯлмади?” деган эътирозларига ишора қилинган эди. Бу ояти карималарда буюрилади: Аллоҳ наздида мол-дунё эмас, балки ботиний поклик ва тақво арзирлидир. Худо ӯз бандаларининг ишларини ана шу ӯлчовлар билан ӯлчайди.
Одамларнинг кӯзини ӯйнатган олтин-кумуш каби бойликлар Аллоҳнинг наздида арзирли эмас. Олтин-кумуш ва мол-дунё тутуриқсиз одамларнинг куфрига куфр қӯшиб, иймонларини заиф айламаганида Парвардигори карим кофирлар уйининг томи, деворлари ва барча ашёларини олтинга айлантирарди.
Ояти карималарнинг сӯнгида буюрилади: Аммо буларнинг барчаси моддий дунё молу матоси бӯлиб, охират Парвардигоринг наздида парҳезкорларга тегишли.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Аксарият одамларнинг ақли кӯзларидадир. Улар кофирларнинг роҳат-фароғатдаги ҳаётини кӯриб, уларнинг тутган йӯли тӯғри экан деб ӯйлаб, уларга эргашишади.
- Одамнинг қадри унинг ӯзи билан ӯлчанади, уй-жойи, машинаси ва рӯзғор буюмлари билан эмас. Кишининг қадр-қийматини унинг ички орасталиги, ахлоқий ва инсоний камолоти белгилайди.
- Дунёда парҳезкор бӯлган кишиларга Парвардигор охират куни бой-бадавлатларнинг тушига ҳам кирмаган, бу дунё қадриятлари билан қиёслаб бӯлмас роҳат-фароғатни ато этади.