Нур томон йӯл – 904
"Зухруф" муборак сураси 43-48-ояти карималаринингшарҳи
Дастлаб "Зухруф" муборак сураси 43-44-ояти карималарининг тиловати
فَاسْتَمْسِكْ بِالَّذِي أُوحِيَ إِلَيْكَ ۖ إِنَّكَ عَلَىٰ صِرَاطٍ مُّسْتَقِيمٍ ﴿٤٣﴾ وَإِنَّهُ لَذِكْرٌ لَّكَ وَلِقَوْمِكَ ۖ وَسَوْفَ تُسْأَلُونَ ﴿٤٤﴾
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Бас, ўзингга ваҳий қилинган нарсани маҳкам тут! Албатта, сен тўғри йўлдасан. (43) Албатта, у(Қуръон) сенга ҳам шарафдир, қавмингга ҳам. Ва, албатта, сўралурсизлар. (44)
Бу ояти карималар орқали Аллоҳнинг Расулига буюрилади: Сизнинг тутган йӯлингиз тӯғридир. Унда заррача нуқсон йӯқ.
Мухолифларнинг қабул қилмаслиги бу йӯлнинг нотӯғрилигига далил бӯлолмайди.
Сиз Илоҳий фармон -- ваҳийга асосланиб ӯз йӯлингизни жиддий давом эттиринг. Билиб қӯйинг, сиз сиротал мустақимдасиз ва ҳақ йӯл шулдир.
Дарҳақиқат, Қуръони каримнинг нозил бӯлишидан мақсад одамларни ғафлат уйқусидан уйғотиш ва уларга ӯз вазифаларини эслатишдир. Шу сабабли Сизнинг умматингиз Қуръондан узоқлашмаслиги ва унинг таълимотига амал қилиши лозим. Зеро, Қуръон инсоний ақл ва фитрат билан уйғун бӯлган нарсаларни эслатиб, инсонни ғафлатдан қутқаради.
Одамларнинг аксарияти ғафлатга берилиб, эсламайдиган нарса бу қиёмат маҳкамасидир. Қиёмат сарҳисоб куни бӯлиб, унда барча инсонлар ӯз амаллари, Қуръон билан алоқаси ва унинг таълимотига амал қилиш мезони ҳақида ҳисобот берадилар.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Энг ишончли йӯл бу Қуръон таълимотига эргашиш бӯлиб, бу йӯлнинг ҳақлигини Аллоҳнинг ӯзи кафолатлаган.
- Қуръон билан бир қаторда Расулуллоҳнинг сират ва суннатлари ҳам ҳужжат ҳисобланади. Аллоҳ пайғамбар (а) йӯлининг ҳаққониятини тасдиқлаган.
- Мусулмонлар қиёмат куни Қуръон билан муносабатлари ҳақида сӯраладилар.
Энди "Зухруф" муборак сураси 45-ояти каримасининг тиловатига қулоқ соламиз:
وَاسْأَلْ مَنْ أَرْسَلْنَا مِن قَبْلِكَ مِن رُّسُلِنَا أَجَعَلْنَا مِن دُونِ الرَّحْمَـٰنِ آلِهَةً يُعْبَدُونَ ﴿٤٥﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Сендан олдин Биз юборган Пайғамбарларимиздан сўра: Роҳмандан бошқа ибодат қилинадиган илоҳлар қилган эканмизми?! (Дунё тарихида ҳеч бир Пайғамбар Аллоҳдан бошқага ибодат этишга чақирган эмас. Дунёда ҳеч бир Пайғамбар Аллоҳдан бошқа илоҳга ибодат қилган ҳам эмас. Дунёда ўтган ҳамма Пайғамбарлар фақат Роҳман сифатли Аллоҳ таологагина ибодат қилганлар ва одамларни ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилишга чақирганлар.) (45)
Макка мушриклари ӯзларини Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларнинг авлоди деб билишарди. Улар ҳар йили ҳаж каби айрим ибодатларни бажаришарди. Аллоҳнинг уйини ҳурмат қилишар, аммо бутларга сиғинишарди. Шу сабабли бу ояти каримада бутпарастлик ва мушриклар ақидасининг инкори ҳақида мусулмонлардан сӯралади: Ӯтган пайғамбарларнинг издошларидан сӯранг: пайғамбарларинг сифати раҳмон бӯлган ягона Худодан бошқага ҳим сиғининглар, деб айтишганми?
Ояти каримада барча илоҳий анбиёлар кишиларни тавҳид ва яктопарастликка даъват қилишган деган нуктага ишора қилинади. Иккинчи нукта шулким, ислом пайғамбарининг тавҳидга даъват қилиш йӯлидаги ишлари мутлақо янгилик эмасди. Ул ҳазрат ӯтган пайғамбарларнинг ишини давом эттирдилар.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Барча Илоҳий динларни бирлаштириб турувчи асос бу тавҳиддир. Қуръон ва ислом пайғамбари ҳам худди шу нарсани таъкидлашган.
- Бирор-бир нарса ё шахсни Худонинг ӯрнига қӯйиб, ёхуд Унинг ёнига қӯйиб сиғиниш жоиз эмас. Фақатгина раҳмли Аллоҳгина сиғинишга лойиқ.
Энди "Зухруф" муборак сураси 46-47-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا مُوسَىٰ بِآيَاتِنَا إِلَىٰ فِرْعَوْنَ وَمَلَئِهِ فَقَالَ إِنِّي رَسُولُ رَبِّ الْعَالَمِينَ ﴿٤٦﴾ فَلَمَّا جَاءَهُم بِآيَاتِنَا إِذَا هُم مِّنْهَا يَضْحَكُونَ ﴿٤٧﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Батаҳқиқ, Биз Мусони Ўз оят-мўъжизаларимиз ила Фиръавнга ва унинг аъёнларига юбордик. Бас, у: «Албатта, мен оламлар Роббининг Пайғамбаридирман», деди. (46) Бас, қачонки у уларга мўъжизаларимизни келтирганда, улар баногоҳ у(мўъжиза)лардан кула бошладилар. (47)
Бу ояти карималарда ҳазрат Мусо (а) саргузаштига ишора қилиниб, буюрилади: Ҳазрат Мусонинг вазифаларидан бири Бани исроилдан ташқари Фиръавннинг ҳам ҳузурига бориб, уни Худога томон даъват қилиш эди. У бориб аъёну ашрофлар наздида Худонинг унга берган муъжизасини намойиш қилиши ва бу нарса унинг пайғамбарлигининг далили бӯлиши керак эди.
Ҳазрат Мусо Фиръавнни тӯғри йӯлга ҳидоят қилиш учун унинг даргоҳига борган куни жундан тӯқилган жуда содда кийим кийган эди. Мусо Фиръавн ҳамда сарой улуғларига қарата ӯзининг уларни тӯғри йӯлга ҳидоят қилиш учун Худо томонидан юборилганлигини айтди. Аммо улар пайғамбарни масхара қилиб кулишди. Зеро, улар ҳам Макка мушриклари каби Худо пайғамбар танламоқчи бӯлса замонанинг бой-бадавлат кишилари қолиб, шу камбағални танлармиди, деган фикрда эдилар. Ном-нишонсиз бир кишининг Фиръавн ва унинг қавмини ҳидоят қилмоқчи эканлиги улар учун кулгили туюларди.
Албатта, ҳақ йӯлга ҳидоят қилувчиларни масхаралаш тарихда аксари мутакаббир бошлиқларнинг иш услуби эди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Ҳокимларни ислоҳ қилмасдан жамият ишларини ислоҳ қилиш имконсиздир. Шу сабабли пайғамбарлар оддий одамлар билан чекланмай, ҳокимларни ҳам ислоҳ қилишга ҳаракат қилишарди.
- Юксак ахлоқий фазилатларга эга бӯлган пайғамбарлар Худонинг элчиси эканликларини исботлаш учун муъжиза келтиришарди.
- Мухолифларнинг услуби таҳқир, масхаралашдан иборат. Улар мантиқ ва исбот-далилга суянишмайди.
Энди "Зухруф" муборак сураси 48-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَمَا نُرِيهِم مِّنْ آيَةٍ إِلَّا هِيَ أَكْبَرُ مِنْ أُخْتِهَا ۖ وَأَخَذْنَاهُم بِالْعَذَابِ لَعَلَّهُمْ يَرْجِعُونَ ﴿٤٨﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Биз уларга қайси бир оят-мўъжизани кўрсатсак ҳам, албатта, у ўз шеригидан каттароқ бўлар эди. Шояд (хатоларидан) қайтсалар, деб уларни азоб-ла тутдик. (48)
Олдинги ояти кариманинг давоми сифатида бу ояти каримада буюрилади: Фиръавнийларнинг ғурур отидан тушишлари учун бири-биридан равшанроқ муъжизалар кӯрсатдик. Аммо муъжизалар кӯпайган сари сарой аҳлининг якравлиги ҳам орта борди. Охир-оқибат ғафлатдан уйғониб, тӯғри йӯлга қайтишлари учун муъжизалардан ташқари уларни қаҳатчилик ва қурғоқчилик каби огоҳлантирувчи балоларга гирифтор айладик.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Аллоҳ биргина далил билан кифояланмайди. У одамларга тӯлиқ тушунарли бӯлиши учун муъжиза ва далил юборади. Бу Худонинг одамларга инояти белгисидир.
- Аниқ ҳужжат ва далиллардан сӯнг навбат огоҳлантириш шаклидаги дунёвий жазо ва азобларга етади. Токим шояд одамлар тӯғри йӯлга қайтсалар.