ноябр 13, 2020 12:34 Asia/Tashkent
  • Нур томон йӯл -- 906

"Зухруф" муборак сураси 57-62-ояти карималаринингшарҳи

Дастлаб "Зухруф" муборак сураси 57-58-ояти карималарининг  тиловатига қулоқ соламиз:

وَلَمَّا ضُرِبَ ابْنُ مَرْيَمَ مَثَلًا إِذَا قَوْمُكَ مِنْهُ يَصِدُّونَ ﴿٥٧﴾ وَقَالُوا أَآلِهَتُنَا خَيْرٌ أَمْ هُوَ ۚ مَا ضَرَبُوهُ لَكَ إِلَّا جَدَلًا ۚ بَلْ هُمْ قَوْمٌ خَصِمُونَ ﴿٥٨﴾

Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Ибн Марям мисол келтирилган чоқда сенинг қавминг бирдан шодланиб қичқирурлар. (57) Улар: «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» дедилар. Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар. Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар. (58)

Тарихдан маълумки, Макка мушриклари бутпарастликларини асослаш учун масеҳийларга тақлид қилган ҳолда исломнинг азиз Пайғамбарига дейишарди: масеҳийлар Марям исмли аёлдан туғилган Исога сиғинишади. Биз адашган бӯлсак, демак, улар ҳам адашганлардир. Сиз бизни маъбудларимиз билан дӯзахга боради, деяпсиз. Бу ҳолда Исо Масеҳ ҳам дӯзахга бориши керак, зеро, у ҳам росмана маъбудга айланган.

Бутпарастлар нотӯғри амалдан қӯл тортиш ӯрнига ҳазрат Исони ӯз бутлари билан бемаъниларча қиёслаб, амалларининг тӯғрилигини исботламоқчи бӯлишарди.

Қайд қилиш жоизким, Фиръавн каби одамларни ӯзига ибодат қилишга чорлаган кишилар дӯзахга киришади. Аммо Исо алайҳиссалом маъбудга айланишдан ҳазар қилар, бу нарса оғир гуноҳ эканлигини таъкидларди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Бировларнинг ақидасини масхаралаш ӯрнига уни мантиқ ва далил воситасида рад қилиш лозим.
  2. Ҳақиқатни англаш учун баҳслашиш Қуръони каримда таъкидланган. Аммо ӯзининг нотӯғри амалини тӯғрига чиқариш учун бошқалар билан талашиб-тортишиш инсофдан эмас.

Энди "Зухруф" муборак сураси 59-60-ояти карималарининг тиловатига қулоқ соламиз:

إِنْ هُوَ إِلَّا عَبْدٌ أَنْعَمْنَا عَلَيْهِ وَجَعَلْنَاهُ مَثَلًا لِّبَنِي إِسْرَائِيلَ ﴿٥٩﴾ وَلَوْ نَشَاءُ لَجَعَلْنَا مِنكُم مَّلَائِكَةً فِي الْأَرْضِ يَخْلُفُونَ ﴿٦٠﴾

Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

У фақат бир бандадир. Биз унга неъмат бердик ва уни Бани Исроилга мисол қилдик. (59) Агар хоҳласак, ўрнингизга ер юзида халифа бўладиган фаришталар қилиб қўяр эдик. (60)

Олдинги оятларда Макка мушрикларининг ҳазрат Исони бутлар билан муқояса қилишлари ҳақида гапирилган эди. Бу ояти карималарда ҳазрат Исо алайҳиссалом ҳақида буюрилади: У ӯзини Аллоҳнинг бандаси деб билар, ӯзига сиғинишларини сира-сира истамасди. Аллоҳ таъоло унга Бани Исроил қавмининг пайғамбари ва ҳидоятчиси   бӯлиши учун рисолат ва нубувват неъматини ато айлаган эди. Унинг ҳар бир муъжизаси Аллоҳнинг улуғлиги ва Исо алайҳиссалом нубувватининг жилвалари эди. У одамларни ягона Аллоҳга бандалик қилишга даъват қиларди. Аммо афсуски, масеҳийлар Худога сиғиниш ӯрнига ҳазрат Исога сиғинишни жорий қилдилар.

Ояти кариманинг давомида мушрикларга қарата буюрилади: Аллоҳ ва унинг расули сизни тӯғри йӯлга даъват қиларкан, бу нарса Худо сизнинг иймон ва ибодатингизга эҳтиёж сезади, дегани эмас. Зеро, У истаса, сизнинг ӯрнингизга ер юзида ӯзини фақат ибодатга бахшида айлаган   фаришталарни жойлаштирарди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аллоҳга бандалик қилиш инсоннинг камолотга эришиш воситасидир. Пайғамбарлар эса инсоний камолотнинг юқори чӯққисини эгаллаганлар.
  2. Яҳудийлар тарих давомида Исо алайҳиссалом билан мухолифатда эдилар. Аммо уни ёмон кӯришларининг сабаби пайғамбарнинг Бани Исроил қавмидан эканлигидир.
  3. Аллоҳ инсоннинг кӯр-кӯрона эмас, балки  тушуниб-билиб иймон келтиришини истайди.

 

Энди "Зухруф" муборак сураси 61-62-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَإِنَّهُ لَعِلْمٌ لِّلسَّاعَةِ فَلَا تَمْتَرُنَّ بِهَا وَاتَّبِعُونِ ۚ هَـٰذَا صِرَاطٌ مُّسْتَقِيمٌ ﴿٦١﴾ وَلَا يَصُدَّنَّكُمُ الشَّيْطَانُ ۖ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ ﴿٦٢﴾

   Бу ояти карималар   қуйидагича таржима қилинган:

Албатта, у(Ийсо) қиёмат соати илми-белгисидир. Бас, сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг ва Менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир. (Вақти келиб Ийсо қиёмат кунининг белгиси бўлади. Унинг қайта тушишидан қиёмат жуда ҳам яқин қолгани билиб олинади.) (61) Шайтон сизни ҳаргиз (тўғри йўлдан) тўсмасин. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир. (62)

Олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти карималарда ҳазрат Исо алайҳиссаломнинг яна бир ӯзига хос хусусиятларига ишора қилиниб, буюрилади: Исо алайҳиссаломнинг вужуди қиёмат нишоналаридан биридир. Унинг отасиз туғилиши Худонинг қиёмат куни одамизодни қайта яратиш қудрати нишонаси ҳисобланади. Шунингдек, ҳазрат Исонинг муъжизаларидан бири ӯлганларни шу дунёдаёқ тирилтиришдан иборат эди. Бундан ташқари муътабар исломий ривоят ва масеҳийлар ақидасига кӯра охирзамонда Исо алайҳиссалом осмондан тушади ва бу нарса охирзамон, яъни қиёматнинг яқинлашгани нишонаси ҳисобланади.

Ояти карималарнинг давомида қиёматнинг қатъий эканлиги таъкидланиб, буюрилади: Қиёматнинг қатъийлиги ҳақида ҳеч қачон кӯнглингизга шак-гумон даримасин, зеро, қиёматга ишонмаслик турли гуноҳлар ва чалғишларга сабаб бӯлиб, охир-оқибат инсонни дӯзахга тортади.

Аллоҳнинг тӯғри йӯли билан бир қаторда сизни васвасалар билан Худонинг йӯлидан адаштиришни истаган шайтоннинг йӯли ҳам бор. Шайтон душманлигининг илдизи Яратувчи уни отангизга сажда қилишни буюрганида итоат қилмай Аллоҳнинг даргоҳидан қувилган лаҳзага бориб тақалади. Ӯшанда у охирзамонгача одамизод фарзандларини тӯғри йӯлдан адаштиришга ҳаракат қилиш учун қасам ичганди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аллоҳ дӯстларининг борлиғи, уларнинг муомала-муносабати қиёмат кунининг даракчисидир.
  2. Инсон тӯғри йӯлда ҳаракат қилиши учун раҳнамога эҳтиёж сезади. Шу сабабли тӯғри йӯлни Аллоҳнинг пок бандалари бӯлган пайғамбарлардан ӯрганиш лозим. Акс ҳолда у ӯзининг ҳавою ҳавас ва шайтоннинг васвасалари домига тушиб қолиши мумкин.
  3. Шайтон ҳар қандай йӯл билан бӯлмасин инсоннинг қалб ва руҳига йӯл топиб, уни сиротал мустақимдан чалғитиш учун доимо пайт пойлайди.