октябр 01, 2016 15:43 Asia/Tashkent

Бедил ва афғонистонлик адабиётшунослар

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги суҳбатимизда  ҳам буюк шоир ва файласуф  Мирзо Абдулқодир Бедилнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида сўз юритамиз.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришларимизда таъкидлаб ўтганимиздек, Бедилнинг даҳолиги шундаки, бу байт билан ўз даврларидан ҳам кўра кўпроқ бизнинг давримиз тағофулини назарда тутганга ўхшайдилар. Кимга қараманг, бемаза тирикчилик ташвиши билан банд: жонини хавфга қўйиб бўлса-да, бойлик топишга уринган, Кимўзарга қават- қават иморатлар қураётган, қимматбаҳо мошинларни соғинган(балки сиғинган!) ва уни сотиб олиш учун жонини жабборга берган, кимўзарга дабдабали тўйлар ўтказаётган, кимўзарга артистларнинг оёғига пул тўккан, кимўзарга жисмига (жасадига) зеб берган, кимўзарга дала ҳовлисини зийнатлаб, маишат қилаётган одамларни кўрасиз бу ерда.

Қалб унутилган, маърифат унутилган, моҳият–иймон унутилган, меҳр- оқибат унутилган, раҳм-шафќат унутилган… Чунки ҳамманинг елкасида ўз «юки» бор. Улар учун шу юкни кўтариш фарздир гўё. Худди қабрга ҳам бир кун келиб шу «юк» билан кирадигандай. Яна бу «офаткаш»лар шу қадар мағрурки, елкаларидаги бу «юк» билан худди боркаш бир ҳайвонга ўхшаброқ кетаётганларини эслатсангиз, сиздан қаттиқ хафа бўлишади. Ҳеч қачон кечирмайдилар. Бундай бандалик
аслида шармандалик эканлиги эса етти ухлаб тушларига ҳам кирмайди. Тағофул(ғафлат)нинг бундай кўриниши нафақат ҳазрат Бедилни, балки барча маърифат аҳлини қаттиқ таажжубга солади.

Шу ўринда айтиш лозимки, Бедил юксак даражага кўтарган "сабкий ҳиндий" мактаби "Фиғоний, Жомий, Навоий ва бошқаларнинг ижоди орқали бошлаб берилган бўлиб, Коҳий Кобулий, Ғаззолий Машҳадий, Файзий (ёки Фаёзий) Даканий, Урфий Шерозий, Толиб Омулий, Зуҳурий Туршизий, Сойиб Табризий, Муҳаммадқули Салим Теҳроний, Калим Кошоний, Назирий Нишопурий, Ғани Кашмирий, Носирали Сарҳиндий, Мирзо Жалол Асир, Шавкат Бухорий, Мазҳар Жони Жонон, Неъматхон Олий, Зебуннисо, Мирзо Абдулқодир Бедил ва унинг издошлари, хусусан, Мирзо Асадуллоҳ Ғолиб ва ҳатто Аллома Иқбол Лоҳурий ижоди орқали, шунингдек, Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган темурийлар сулоласига мансуб бўлган ҳукмдорлар ҳамда ушбу заминда яшаб ўтган илм ва маданият, адабиёт ва санъатга алоҳида ғамхўрлик қилган  бошқа давлат арбобларининг қўллаб қувватлашлари, ёрдамлари ва эътиборлари туфайли ўзининг камолига етган.

Бедил ўз ижоди билан "сабки ҳиндий" услубини янги поғонага кўтаришга эришди, кўплаб издошлар ва мухлисларга эга бўлди.Унинг ижоди нафақат Ҳиндистон ва Марказий Осиёда, шунингдек, Афғонистонда ҳам кенг тарқалди. Натижада охирги юз  йил давомида Афғонистон бедилшуносликнинг йирик марказларидан бирига айланди. Афғонистонлик машҳур бедилшунослардан Сардор Меҳрдилхон Машриқий ҳамда мамлакат подшоси Амир Ҳабибуллохон давридаги салтанат нойиби Сардор Насруллохонларни  эслатиб ўтиш лозим. Сардор Насруллохон  даврида Бедил асарлари куллиёти ушбу китобнинг Ҳиндистонда босмадан чиққан нашри асосида биринчи бор Кобулдаги давлат босмахонасида босиб чиқариш учун топширилади. Бироқ у Амир Омонуллохон томонидан  давлат ишларидан четлатилганидан кейин Бедил девонини босиб чиқариш билан боғлиқ ишлар ҳам тўхтатилади. Ахийри Афғонистоннинг собиқ подшоси Муҳаммад Зоҳиршоҳ  замонида мамлакатнинг етук шоири, олими  ва тарихнависи бўлмиш Халилуллоҳ Халилий ҳамда Мавлавий Хон Муҳаммад Хастанинг саъй ҳаракатлари натижасида Бедилнинг барча асарлари беш жилддан иборат бўлган бир ҳолда Аллома Салоҳиддин Салжуқийнинг  адабий танқид шаклида ёзилган  алоҳида сўзбошиси билан ўша замондаги Маориф вазирлигининг босмахонасида босиб чиқарилади.

Ҳозир эса Бедил асарлари ва афғонистонлик  адабиётшунослари  бобида таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг қилган сўҳбатини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Энди эса буюк Бедилнинг  гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.

Шарҳ этиб мавж борлиғин, дарёда туғён, ҳар нафас,

Жам руҳим фош, гўиё қўйнимда райҳон, ҳар нафас.

Чиқса гар қандай довон йўлингда, шарт ўтмак ошиб,

Айласин эртангни бу кун, майли, пайҳон, ҳар нафас.

Матлабингга етмаганлик дардидан сен тўкма ёш,

Тўксанг ҳам ҳаттоки тер, хижлатда, ул қон, ҳар нафас.

Ушбу борлиқ бир китоб, сен айла банд шерозасин,

Тонгга боқ, йўқликни жам айлади ҳар он, ҳар нафас.

Дард эрур ишқ, оташинда бир бўлак иксир бор,

Сен бу ўтда, борлиғим, бошдан-оёқ ён, ҳар нафас.

Сенга қурбон хоклар гар чексам оҳ, тўзғиб кетар,

Бир оёқ боссам фиғон тортгувчи минг жон, ҳар нафас.

Ўз-ўзингдин қилмайин ваҳм, журъат эт, ўтгил кечиб,

Сен ўзингга сен ўзингсан мисли уммон, ҳар нафас.

Гулларидан парларимга нусха гар олмас эсам,

Устидан учмоққа қўймас ушбу бўстон, ҳар нафас.

Беватан мажнун эрурман, бўлмишам саҳро аро,

Оҳуларнинг кўзи ичра зору сарсон, ҳар нафас.

Бор назокат, бор сеҳр биллур қадаҳ ичра ниҳон,

Қўй, халал берма тамошоларга, мужтон, ҳар нафас.

Дўндирар ўз кулфатин толега, Бедил, аҳли дард.

Сурма қилгум сенга дилдоғимни, жонон, ҳар нафас.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.