Нур томон йӯл – 916
"Духон" муборак сураси 51-59-ояти карималарининг шарҳи
Дастлаб " Духон" муборак сураси 51-55-ояти карималарининг тиловатига қулоқ соламиз:
إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي مَقَامٍ أَمِينٍ ﴿٥١﴾ فِي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍ ﴿٥٢﴾ يَلْبَسُونَ مِن سُندُسٍ وَإِسْتَبْرَقٍ مُّتَقَابِلِينَ ﴿٥٣﴾ كَذَٰلِكَ وَزَوَّجْنَاهُم بِحُورٍ عِينٍ ﴿٥٤﴾ يَدْعُونَ فِيهَا بِكُلِّ فَاكِهَةٍ آمِنِينَ ﴿٥٥﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Албатта, тақводорлар омонлик жойида. (51) Боғу роғлар ва булоқларда бўлурлар. (52) Улар шойи ипак киюрлар, бир-бирларига юзма-юз ҳолда (ўлтирурлар). (53) Ана шундай! Ва Биз уларни ҳури ийнларга уйлантирдик. (54) Улар у ерда омонлик ҳолларида турли меваларни чақирурлар. (55)
Ӯтган суҳбатимизда золим ва гунаҳкорларнинг дӯзахдаги аҳволига ишора қилинган эди. Бу ояти карималарда парҳезкорларнинг жаннатдаги аҳволини шарҳлаб, буюрилади: Уларнинг жойи ӯта осойиштадир. Барча мусибат ва ғам-ғуссадан осойишта ҳаёт кечиришади.
Хавфсизлик ва саломатлик Аллоҳнинг буюк неъматлари бӯлиб, дунёда ҳам бу неъматлардан баҳраманд бӯлган киши тани сиҳат ва хотиржамликда умр кечиради.
Жаннат аҳли боғ-бӯстонларда, чашма ва шаршараларнинг ёнида яшайдилар.
Дунёда ипак либослар латифлиги, юмшоқ ва гӯзаллиги билан машҳур. Охиратда ҳам Аллоҳ таъоло жаннат аҳлига ипак либослар кийдириш ваъдасини берган.
Жаннатийлар орасида унс ва улфат барқарордир. Улар маънавият, сафо ва самимият мавжланган йиғинларда ӯзаро тенг равишда юзма-юз сӯриларда ӯтиришади.
Инсоннинг жисмоний ғаризалари қиёматда ҳам унга шерик бӯлгани сабабли Аллоҳ таъоло жаннат аҳлини ер юзида тасавур қилиши ҳам мумкин бӯлмаган гӯзал ҳурларга жуфтлантириб қӯяди. Дунёда номаҳрам аёллардан нигоҳини тийган, этагини ҳаромнинг ғиллу-ғашлигидан пок тутганларнинг ажру мукофоти бу.
Аҳли башарнинг жисмоний эҳтиёжларидан яна бири еб-ичмоқдир. Жаннат аҳли ниманики орзу қилса, у нарса ӯша зумда муҳайё этилади. Жаннат дарахтларида мевалар йил фаслларини кутиб ӯтиришмайди. Бу боғларда мевалар доимий равишда етилиб, пишган ҳолатда бӯлади. Бу ранг ба ранг ва хушмазза меваларни жаннат аҳли истаган пайтларида териб олиб, тановул қилишади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Хотиржамлик ва хавфсизлик Аллоҳнинг улуғ неъматларидан бӯлиб, жаннатдаги барча неъматлардан олдин ана шу икки неъмат тилга олинган. Жаннатда зарар кӯриш, ӯлим ҳамда неъматларни қӯлдан бериш қӯрқув-изтироби мавжуд эмас.
- Инсонни олий даражотли жаннатга етказувчи нарсалар: тақвога риоя қилиш ҳамда ҳаром ва нолойиқ ишлардан узоқлашишидир.
- Жаннат аҳли дӯстона суҳбатлар қуриб, ӯзаро унс ва суҳбатлардан лаззатланишади.
Энди "Духон" муборак сураси 56-57-ояти карималарининг тиловатига қулоқ соламиз:
لَا يَذُوقُونَ فِيهَا الْمَوْتَ إِلَّا الْمَوْتَةَ الْأُولَىٰ ۖ وَوَقَاهُمْ عَذَابَ الْجَحِيمِ ﴿٥٦﴾ فَضْلًا مِّن رَّبِّكَ ۚ ذَٰلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ ﴿٥٧﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Улар у ерда биринчи ўлимдан бошқа ўлимни тотмаслар. У зот уларни жаҳийм азобидан сақлар. (Яъни, тақводорлар бу дунёдан у дунёга ўтишда тотган ўлимдан бошқа ўлимни тотмайдилар, жаннатда абадий тирик қоладилар. Ҳамда Аллоҳ таоло уларни дўзах азобидан сақлайди.) (56) Бу Роббингдан бўлган фазлдир. Ана шу улкан ютуқдир. (57)
Инсоннингфикри-зикрини банд этган муаммолардан бири бу ӯлим муаммосидир. Ӯлим кишини қариндош-уруғлари, дӯстлари ва мол-мулкидан ажратади. Аммо Аллоҳ таъоло жаннат аҳлининг ӯлмаслиги, уларнинг абадий ҳаётлиги ҳақида ваъда берган. Жаннат аҳлининг абадийлиги Қуръони каримнинг бир қатор ояти карималарида келтирилган.
Айрим инсонлар гуноҳлардан поклангунча дӯзахда бӯлиб, ундан сӯнг жаннатга киритилиши мумкин. Аммо жаннатга кирган киши ҳеч қачон ундан чиқарилмайди.
Қуръони карим ояти карималарнинг давомида муҳим бир нуктага ишора қилиб буюради: бу неъматларнинг барчаси Аллоҳнинг лутфу карами ва фазлидандир. Ӯйлаб кӯрилса, инсоннинг хато ва камчиликларга лиммо-лим бӯлган ибодатлари бу неъматларни қӯлга киритишига етарли эмас. Аммо Парвардигор ӯзининг лутфу карами ила яхши ва пок инсонларга бу дунёда ҳатто тасаввур қилиши ҳам мумкин бӯлмаган чексиз неъматларни ато айлайди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Жаннатга кирган киши унда абадий қолади.
- Дунёда ӯз нафсини тийиб, ӯзини гуноҳлардан ҳимоялаган кишини охиратда Аллоҳ таъоло дӯзах оловидан ҳимоя қилади.
- Бизнинг дунёда бажарган яхши амалларимизни охиратдаги Худонинг жаннатида мавжуд ҳисобсиз неъматларга солиштириб бӯлмайди. Шу сабабли абадий жаннат кишининг талаби билан эмас, балки Аллоҳнинг лутфу карами билан берилишини унутмаслик керак.
Энди "Духон" муборак сураси 58-59-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
فَإِنَّمَا يَسَّرْنَاهُ بِلِسَانِكَ لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُونَ ﴿٥٨﴾ فَارْتَقِبْ إِنَّهُم مُّرْتَقِبُونَ ﴿٥٩﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Бас, албатта, Биз у(Қуръон)ни сенинг тилинг ила осонлаштирдик. Шоядки эсласалар. (58) Бас, кутиб тур. Улар ҳам кутгувчидирлар. (59)
“Духон” муборак сурасининг сӯнгги ояти карималарида Аллоҳнинг Расулига қарата буюрилади: Ваҳий нозил бӯлишидан мақсад ғофил кишиларни ғафлатдан уйғотиш учун огоҳлантиришдан иборат.
Одамларнинг кӯпи тушунмайдиган илмий китоблардан фарқли ӯлароқ Қуръони карим гарчи мазмуни ӯта залворли бӯлсада, аммо аҳолининг барча қатламлари учун тушунарлидир. Шу сабабли унинг оятлари қабул қилишга тайёр қалбларга нуфуз айлаб, уларни уйғотади.
Аммо ҳақни қабул қилишдан бош тортадиган якрав кишиларга бу муборак оятлар қанчалик ӯқилмасин, таъсирланмайдилар. Худди ӯзини уйқуга солган киши мисоли. Қанчалик чақиришмасин, қимирламай ётаверади. Кофир ва мункирлар ӯзларича сизнинг мағлуб бӯлишингизни кутишяпти. Сиз ҳам ҳақ диннинг ғалаба қилиши, куфр ва ширкнинг барбод бӯлиши ҳақидаги Илоҳий ваъданинг амалга ошиш пайтини кутинг.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Қуръон маърифати содда ва барчага тушунарли тилда баён этилиши лозим. Зеро, унинг мақсади барча инсонларни ҳидоятга бошлашдир, айрим хос гуруҳларни эмас.
- Аллоҳ пайғамбарлар ва самовий китоблар юбориш йӯли билан одамларга ӯз динини етказган. Шундай экан, Ҳақни билиб қабул қилмаган киши Аллоҳнинг ғазабини кутаверсин.