октябр 05, 2016 11:38 Asia/Tashkent

"Қасас" муборак сураси 70-75- ояти карималарининг осон ва равон таржима ва тафсири

Суҳбатимиз ибтидосида  “Қасас” муборак сураси  70-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَهُوَ اللَّـهُ لَا إِلَـٰهَ إِلَّا هُوَ ۖ لَهُ الْحَمْدُ فِي الْأُولَىٰ وَالْآخِرَةِ ۖ وَلَهُ الْحُكْمُ وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ  ﴿٧٠﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

У Аллоҳ, Ундан бошқа ибодатга сазовор илоҳ йўқ зотдир. Бу дунёда ва охиратда барча ҳамд Унгадир. Ҳукм ҳам Унинг Ўзигадир ва Унгагина қайтарилурсизлар.  (70)

 Бундан олдинги суҳбатларда Аллоҳга шерик келтирмаслик ҳақидаги қатор ояти карималарга тӯхталиб ӯтгандик. Бу ояти каримада тавҳид ва рубубиятга ишора қилиниб, буюрилади: Қайси маъбуд  сизга неъматлар нозил қилишда Аллоҳга шерик бӯла олиши мумкин? Барча моддий ва маънавий неъматлар сизга Аллоҳ томонидандир.Шу сабабли фақат Угина шукрона ва мақтовларга лойиқ.Фақат Угина бу жаҳон ва охират оламининг подшосидир. Ундан бошқа ҳеч бир кимса бу муҳташам борлиққа ҳукмдорлик қилиш қудратига эга эмас. Умрингизнинг сӯнгида ҳам сиз Унга қайтасиз, мушриклар сиғинадиган хаёлий маъбудларга эмас.

Бу ояти карима бизга қуйидагиларни таълим беради:

1.       Инсоният ва бутун оламнинг ибтидоси ва интиҳоси ихтиёрида бӯлган зотгина сиғинишга лойиқдир.

2.       Бутун борлиққа Аллоҳнинг таквиний  ва инсонлар ҳаётига ташреъий ҳокимлиги Унинг холиқлиги ва барча махлуқотнинг эгаси эканлиги нишонасидир.

Энди “Қасас” муборак сураси  71-73-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

 

قُلْ أَرَأَيْتُمْ إِن جَعَلَ اللَّـهُ عَلَيْكُمُ اللَّيْلَ سَرْمَدًا إِلَىٰ يَوْمِ الْقِيَامَةِ مَنْ إِلَـٰهٌ غَيْرُ اللَّـهِ يَأْتِيكُم بِضِيَاءٍ ۖ أَفَلَا تَسْمَعُونَ  ﴿٧١﴾ قُلْ أَرَأَيْتُمْ إِن جَعَلَ اللَّـهُ عَلَيْكُمُ النَّهَارَ سَرْمَدًا إِلَىٰ يَوْمِ الْقِيَامَةِ مَنْ إِلَـٰهٌ غَيْرُ اللَّـهِ يَأْتِيكُم بِلَيْلٍ تَسْكُنُونَ فِيهِ ۖ أَفَلَا تُبْصِرُونَ  ﴿٧٢﴾ وَمِن رَّحْمَتِهِ جَعَلَ لَكُمُ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ لِتَسْكُنُوا فِيهِ وَلِتَبْتَغُوا مِن فَضْلِهِ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ  ﴿٧٣﴾

Бу ояти  карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Сен уларга: «Айтинг-чи, агар Аллоҳ кечани қиёмат кунигача доимий қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси илоҳ сизга ёруғлик келтира олур? Эшитмайсизларми?!» деб айт.  (71) Сен уларга: «Айтинг-чи, агар Аллоҳ кундузни қиёмат кунигача доимий қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси илоҳ сизларга ором оладиганингиз кечани келтира олади?! Кўрмайсизларми?!» деб айт.  (72) У зот Ўз раҳмати ила сизларга кеча ва кундузни ором олишингиз ва ўз фазлидан талаб қилишингиз учун пайдо қилди. Шоядки шукр келтирсангиз.  (73) 

Бу ояти карималарда Аллоҳнинг борлиқ олам юзасидан мутлақ ҳокимлигига ишора қилиниб, буюрилади: Агар Аллоҳ ер куррасини айланишдан тӯхтатса, ва қиёматгача ҳозир кундуз бӯлган минтақалар кундузи, ҳозир тун бӯлган минтақалар қоронғилигича қолиб кетса, сиз сиғинаётган хаёлий маъбудлар ерни ҳаракатга келтириб, заминнинг турли минтақаларига кеча ва кундузни тақсимлашни уддалай олишадими?!

Кеча ва кундузнинг айланиб келиши нақадар улуғ неъмат эканлиги ҳақида  ӯйлаб кӯрганмисиз? Ер куррасининг ярмига қуёш нури тегмай, доимий қоронғуликда қолганида унда ҳаёт барҳам топган, қолган ярмини  қуёш нури доимий равишда ёритиб турса бугун яшаётган кӯпгина тирик жонзотлар нест-нобуд бӯлиб кетган бӯларди. Ернинг ӯз ӯқи атрофида айланиши сабабли кеча ва кундуз вужудга келиб, улар бир маромда ӯз жойларини алмаштириб туришади, ҳавонинг ҳарорати қуёш ботиш пайти пасайиб, унинг кӯтарилишида авжга чиқади.

Нур ва ҳарорат инсон ва бутун тирик мавжудот ҳаётининг асосини ташкил этсада, аммо тун қоронғулиги ҳам инсон ва кӯпгина тирик мавжудот ҳаётининг муҳим шарти бӯлган ҳордиқ чиқариш ва куч тӯплаш учун муҳим восита ҳисобланади. Булар улуғ неъматлардир, аммо буларга кам эътибор қаратилади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1.       Борлиқ оламдаги тартиб-интизом ва бошқарилиш тадбири ҳақида мушоҳада юритиш тавҳид ва худошуносликнинг энг яхши йӯлидир. Ернинг ӯз ӯқи атрофида муайян тартиб-низом ила айланиши ҳамда кеча ва кундузнинг вужудга келиши Аллоҳнинг мислсиз қудрати нишонасидир.

2.       Тун ухлаб дам олиш, кундузи эса  фаолият учун  яратилган.

3.       Одамларни ҳидоят сари бошлашда  кишиларнинг мафкурасини уйғотадиган риторик саволлардан фойдаланиш лозим, токим тингловчи ӯзи фикр юритиб, исломнинг ҳақиқатини англаб етсин.

4.       Илоҳий неъматларни идрок этиш кишини холиқ учун шукрона айлашга даъват этади. Илоҳий неъматларни ёшлар ва ӯсмирларга танитишга ҳаракат қилишимиз лозим. Ана шунда уларда Аллоҳнинг ибодатига рағбат кучаяди.

Энди “Қасас” муборак сураси  74-75-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَيَوْمَ يُنَادِيهِمْ فَيَقُولُ أَيْنَ شُرَكَائِيَ الَّذِينَ كُنتُمْ تَزْعُمُونَ  ﴿٧٤﴾ وَنَزَعْنَا مِن كُلِّ أُمَّةٍ شَهِيدًا فَقُلْنَا هَاتُوا بُرْهَانَكُمْ فَعَلِمُوا أَنَّ الْحَقَّ لِلَّـهِ وَضَلَّ عَنْهُم مَّا كَانُوا يَفْتَرُونَ  ﴿٧٥﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

У кунда, У зот уларга нидо қилиб: «Сизлар даъво қилган «шерик»ларим қани?» дейдир.  (74) Ва ҳар бир умматдан бир шоҳид чиқариб: «Ҳужжатларингизни келтиринг!» дегаймиз. Бас, улар ҳақ Аллоҳга эканини билурлар ва ўзлари уйдириб юрган нарсалари ғойиб бўлур. (Қиёмат кунида Аллоҳ таоло ҳар умматнинг Пайғамбарини гувоҳ сифатида чиқариб олиб, умматларга, менинг шеригим борлиги ҳақида қилган даъволарингизга ҳужжатларингизни келтиринг, дейди. Уларнинг ўзлари ўйлаб топган сохта худолари ғойиб бўлиб қолади. Ана ўшанда шармандалари чиқади.)  (75)

Бу ояти карималарда шу муборак суранинг 62-оятида баён этилган саволга қайта эътибор қаратилиб, буюрилади: Дунёда Аллоҳнинг ӯрнига инсон ёхуд бошқа махлуқотларга сиғинганлар қиёмат маҳкамасида сарҳисоб қилинадилар.Улар ҳар бир умматнинг пайғамбари ҳузурида тӯғри йӯлга бошлаш учун пайғамбар юборилганига, ягона Аллоҳни таниш имконияти бӯла туриб нега ҳақ йӯлга кирмай, хаёлий маъбудларга сиғинганликлари ҳақида сӯроқ қилинадилар.

Ояти карималарнинг давомида буюрилади: Улар ӯз маъбудларининг пуч бир нарса эканлигини , уларнинг қӯлидан бирор-бир иш келмаслигини , ҳақ ёлғиз Аллоҳ ва унинг расуллари наздида эканлигини англаб етишади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1.       Қуръони каримда  қиёмат лавҳаларининг ёдга олиниши  иймон аҳлига ширк хавфи жиддий эканлиги, эҳтиёт бӯлишмаса, улар ҳам ширкка гирифтор бӯлишлари мумкинлиги ҳақида жиддий эслатмадир.

2.       Пайғамбарлар ва дин пешволари Илоҳий маҳкамада гувоҳлик берувчилардир. Шу сабабли ҳаракат қилишимиз керакким Аллоҳнинг расули биздан шикоят қилмасин, балки бизни шафоат қилсин.

3.       Ширкнинг мустаҳкам далили йӯқ.

4.       Охират куни барча пардалар йиғилиб, ҳақ ва ҳақиқат ошкора тажаллий этади.